Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Кўкалдош” билим юртида мулоқот ва тақдимот

“Кўкалдош” билим юртида мулоқот ва тақдимот

Юртимиздан етишиб чиққан муҳаддис, мутакаллим ва муфассирлар, фиқҳ илми, шунингдек, қатор диний ва дунёвий билимлар ривожига ҳисса қўшган буюк аждодларимиз ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш ёшлар онгини, уларнинг маънавий-маърифий савиясини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Жорий йил 3-5 март кунлари Самарқандда ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуман афкор омма учун мотуридия таълимотининг мазмун-моҳиятини очиб беришда, буюк алломанинг меросини ўрганиш ва унинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этадиган воқеалардан бўлди.

“Имом Абу Мансур Мотуридий илмий-маънавий мероси ҳафталиги” доирасидаги мазкур энг катта форум кетидан изчиллик билан бошқа тадбирлар ўтказилмоқда.

Хусусан, 12 март куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Кўкалдош” ўрта-махсус билим юртида Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий меросига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ҳамда ИБХИТМнинг янги нашрлари тақдимоти ташкил этилди.

Анжуманда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори У.Уватов мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар буюк аждодларимизнинг улкан илмий меросини ўрганиш ва ҳаётга татбиқ қилишда жуда муҳим аҳамиятга касб этаётганини таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Ш.Умаров халқаро ҳамкорлик доирасида 2019 йилда Мисрдан Имом Мотуридий қаламига мансуб қатор асарлар, жорий йилда Туркиядан 18 жилдлик “Таъвилотул Қуръон” асари олиб келинганини айтиб ўтди.

Тақдимотда Марказ илмий ходимлари томонидан «Жаҳолатга қарши –маърифат» рукнида нашр этилган “Имом Бухорий таърифи”, “Самарқандлик алломалар”, “Кешлик алломалар”, “Алоуддин ал-Усмандий ас-Самарқандий”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Иброҳим Саффор Бухорий”, “Мовароуннаҳрда мотуридия калом мактаби” китоблари, “Имом Бухорий мажмуаси” китоб-альбоми кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди.

Маърузачилар талабалар билан учрашувда юртимиз алломалари ва мутафаккирларининг асарлари асрлар оша ўз аҳамиятини йўқотмай келаётгани, юзлаб аждодларимиз битган асарлар ўтмишда фан ва маданиятнинг шаклланишида пойдевор вазифасини ўтаган бўлса, Ғарбу Шарқ университетларида диний ва дунёвий илмлар бўйича асосий дарслик сифатида ҳали-ҳануз ва бундан буён ҳам эъзозланишини таъкидлади. Имом Мотуридийнинг “Таъвилоти аҳли-Сунна” асари тафсир илмида муҳим манба экани тўғрисида ҳаётий мисоллар асосида атрофлича маълумотлар берилди.

Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб олиб, ушбу илмий-маънавий учрашув илм-фан ютуқларига эришиш йўлида катта туртки бўлганини таъкидлади.

Тадбир якунида ИБХИТМнинг янги нашрлари – “Имом Бухорий таърифи”, “Самарқандлик алломалар”, “Кешлик алломалар”, “Алоуддин ал-Усмандий ас-Самарқандий”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Иброҳим Саффор Бухорий” ва “Мовароуннаҳрда мотуридия калом мактаби” китоблари, “Имом Бухорий мажмуаси” китоб-альбоми тақдимоти бўлиб ўтди. Билим юрти кутубхонасига алломаларимиз ҳаёти ва бой илмий меросига оид бу асарлардан нусхалар ҳадя қилинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …