Home / ЯНГИЛИКЛАР / Муҳтарам устоз ва мураббий олим Убайдулла Нормуродович!

Муҳтарам устоз ва мураббий олим Убайдулла Нормуродович!

Сиз ҳаққингизда эл-юрт ва сафдошларингиз Убайдулла Уватов бошлаган ишини охирига етказадиган, қатъиятли, тиришқоқ ва ўта меҳнаткаш олим, у қаерда ва қайси лавозимда ишламасин ўз вазифасини ситқидилдан адо этувчи, тартиб-интизомга қатъий риоя қилувчи донишманд ижрочи ва ижодкор инсондир деб баҳо беришади.

Сиз 2008 йилдан то 2013 йилгача Имом Бухорий халқаро марказида директор бўлиб ишладингиз. Бу даргоҳда республикамизнинг турли ҳудудларидан таълим олишга келган имом-хатибларнинг диний ва дунёвий билимлардан малакасини ошириш жараёнини ташкил этишда бош-қош бўлдингиз. Бу даврда Убайдулла ака, Сиз ҳар бир имом-хатибни яхши билишингизни, уларнинг салоҳиятини, яъни имкониятларини билган ҳолда ҳар бирига ўзига хос индивидуал топшириқлар бера олишингизни ва айни пайтда бу топшириқларнинг ўз вақтида бажарилишини маҳорат билан назорат остига ола билишингизни намойиш қилдингиз.

Шогирдларингиз сиз ҳақингизда: “Устоз бу ўқув жараёнларида тингловчиларнинг малакавий-битирув ишларининг мазмуни ва сифатини одилона баҳоларди. Убайдулла ака шу ёшида ҳам, яъни ўша пайтлари 70 йиллигини нишонлаган эди, чаққон ва дадил эди. Тингловчилар билан тез-тез волейбол ва баскетбол ўйинларида фаол қатнашарди. Тингловчилар домланинг бу ғайратидан сабоқ чиқаришар, серҳаракат ўйинларни ёқтирмайдиган айрим тингловчилар ҳам домланинг бу ғайрати қаршисида хижолат бўлганлигидан ҳам мусобақаларда фаол қатнашишарди. Марказ фаолияти Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига қарашли дин ишлари бўйича қўмита томонидан назорат қилингани учун домла тез-тез Самарқанддан Тошкентга бориб келишига тўғри келарди. Баъзан эрталаб, наҳорда йўлга чиқиб, Тошкентдаги мажлисда иштирок этиб, шу куннинг ўзида яна Самарқандга қайтиб келиб, бу жойдаги тадбирни ҳам бошқаришига мажбур бўларди. Бу, кишидан катта куч ва иродани талаб қиларди”, – деб айтишади.

Убайдулла ака, Сиз беш йил мобайнида Марказни тиним билмай бошқардингиз. Кўпчилик одамлар Сизнинг бу чидамлии ва иродали руҳингизга қойил қолишади. Сиз бу марказда “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти” мавзусида илмий-тадқиқот лойиҳасини бошлаб бердингиз. 40 дан зиёд алломалар фаолиятини оммабоп тарзда ёритувчи китобларни нашрдан чиқдингиз[1], 10 та мутафаккир ҳаётини қисқача баён қилувчи оммабоп кичик китобчаларни ёзишга ва мактаб ўқувчиларига тарқатишга раҳбарлик қилдингиз.

«Профессор Уватов турмушнинг қийинчиликларини ҳам матонат билан енгиб келган инсон. Профессор У.М.Уватовнинг иродаси ва журъатига 2017 йили яна бир бор тан бердик. Шу йили Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида ишлашга шарқшунос олимлар таклиф қилинганда, кўпчилик ёш олимлар “Термиз шаҳри периферияда, четда жойлашган, у жойга бормаймиз”, деб ўзларини четга тортишди. Шунда, профессор Убайдулла Уватов дадил ўрнидан туриб, «ёшларнинг бу шароитпараслиги менга ёқмади, майли мен ўзим бораман Термизга» деб, мазкур марказни бошқаришга розилик берди» – деб таъкидлади бир шогирдингиз. Бу ҳам Сизнинг бир жасоратингиз эди. Қисқа вақт ичида Термизийларга бағишлаб ёзилган китобларни, Термизийларнинг ёзган асарлари таржималарини тўплаб, уларни нашрга топширдингиз. Қарабсизки, Термизийларга оид бутун бошли кутубхона вужудга келди.

Ҳа, профессор Убайдулла Уватов ана шундай ажойиб инсон, синчиков манбашунос, иқтидорли тарихчи ва зийрак фалсафий маданият эгаси бўлган донишманд инсон.

Муҳтарам устоз Убайдулла Уватов, Сизни 80 йиллик юбилейингиз билан самимий табриклашга ижозат бергайсиз! Бу табаррук ёшни Сиз ажойиб ижодий режалар, қизиқарли лойиҳалар билан кутиб олмоқдасиз. Сизга оллоҳ таалодан куч қувват, узоқ умр ва баракали ижодий имкониятлар беришини тилаймиз, азиз устоз!

Ўзбекистон Республикаси ВМ ҳузуридаги
Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази
директори    Ш.Ю.Зиёдов
Самарқанд, 22 февраль 2020 йил
[1] Буюк юрт алломалари. Иккинчи нашри. (Тузувчи ва нашрга тайёрловчи У.Уватов).-Тошкент: Ўзбекистон, 2018. 424 б.

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …