Home / МАҚОЛАЛАР / Такфирнинг хатарлари

Такфирнинг хатарлари

Мусулмон инсонни кофирга чиқариш, уни куфрда айблаш жуда ҳам хатарли масала. Қанча-қанча одамлар бу борада нотўғри тушунчалар сабаб йўлдан озган. Шошқалоқлик ила инсонларни куфрда айблаш энг хатарли бидъатлардандир.

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига биноан бирор гуноҳи кабира қилган кишини, модомики у ўша гуноҳини ҳалол санамас экан, ҳаргиз ўша гуноҳи сабаб кофирга чиқарилмайди.

Такфир масаласи халқаро терроризм ва экстремизмнинг асосларидан биридир. Баъзи бир ташқи кучлар мусулмон ўлкаларни вайрон қилиш, ораларига нифоқ солиш, уруш чиқариш учун аввало мусулмонлар ўртасида такфир каби масалаларни қориштиради. Илми ва иймони заъиф мусулмонларни ўз қармоқларига илинтиришга ҳаракат қилади. Диний асосларни бузиб, нотўғри таъвиллар қилади, муайян мусулмонларни маълум бир ишлари сабаб кофирга чиқаради. Натижада, уларнинг қонлари-ю, молларини ҳалол санаб, ўзлари хоҳлаган ишларни қилади.

Соф ислом шариатида бирор мусулмонни кофирга чиқариш ўта хатарли бўлганидан оят-у, ҳадислар, мўътабар диний адабиётларда бу ишдан қаттиқ қайтарилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”[1], дея марҳамат қилади.

Мушриклардан бўлган Мирдос ислмли киши исломини зоҳир қилиб, бор-буди билан мусулмонларни олдига чиққанида, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу уни “Бу биздан қўрққанидан калима келтирияпти”, деб уни ўлдиради ва бор-будини ўлжа қилиб олиб, Набий алайҳиссаломнинг олдиларига келади. Мана шу воқеа сабаб ушбу ояти карима нозил бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имон калимасини айтишига қарамай, уни ўлдириб, нарсаларини ўлжа қилиб келтирган Усома ибн Зайдни қаттиқ койийдилар.

Набий алайҳиссалом ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар:

 “Бирор кимса ўзининг биродарига: “Эй, кофир!” деса, бунга улардан бири мубтало бўлади”[2].

Бошқа бир ҳадисда эса:

“Киши бировга фосиқлик таънасини ҳам, куфр таънасини ҳам отмайди. Агар отадиган бўлса-ю, таъна қилинган кимса шундай бўлмаса, фосиқлик ва куфр ўзига қайтади”[3], деганлар. Ҳадисдан маълумки, агар куфрда айбланаётган киши кофир бўлмаса, айбловчи кишининг ўзи шу аҳволга тушиб қолиши мумкин экан.

Ҳақиқий аҳли сунна вал жамоа ҳисобланмиш тўрт фиқҳий мазҳаб ҳамда мотуридий ва ашъарий ақидаси бўйича бу масала, яъни бирор мусулмонни кофирга чиқаришдан қаттиқ эҳтиёт бўлинади. Аҳли сунна вал жамоа ичидаги бирор мазҳаб уламолари ҳам гуноҳи кабира сабаб мусулмон киши кофир бўлади демайди. Ҳатто, бизнинг ҳанафий мазҳабимиз уламолари наздида бирор кишининг тўқсон тўққизта сифати куфрга, битта сифати мусулмонликка далолат қилиб турса-да яхши гумон ва таъвил ила уни кофирга чиқармайди, мусулмон ҳисоблайди. Али ал-қори (р.ҳ.) “ал-Фиқҳ ал-акбар”га ёзган машҳур шарҳида қуйидагиларни келтирган:

“Дарҳақиқат, олимлар зикр қилганларки, куфрга тааллуқли бўлган масалада қачонки куфрнинг тўқсон тўққиз эҳтимоли бўлса-ю, битта эҳтимол унинг тескариси бўладиган бўлса, муфтий ва қозиларга авлоси шуки, куфрга қарши эҳтимолга амал қилгайлар! Чунки, мингта кофирни қолдиришдаги хато битта мусулмонни чиқаришдаги хатодан кўра осонроқдир. Мазкур масалада равшани шуки, уни айтган кимсадан таъвилни (таъбирни) қабул қилиш керак бўлади. Бу айтилганга қарши чиққанлар бунга мухолифдирлар. Мана шунинг ҳаммаси ундан қасддан содир бўлгандадир”[4]. Бошқа уламоларимизнинг асарларида ҳам шу маънодаги маълумотларни кўплаб учратиш мумкин.

Мана, уламоларнинг тутган йўллари, ҳатто юзтадан тўқсон тўққизта эҳтимол куфрга далолат қилса-ю, биттаси куфр йўқлигига далолат қилса, мана шундай ҳолатда ҳам мусулмонни кофирга чиқаришдан тийилганлар.

Баъзи ақида китобларида куфр лафзлари келтирилади. Лекин бу дегани бирор мусулмон одам билиб-билмай ўша лафзларни айтиб қўйса, хоҳлаган одам уни ўша заҳотиёқ кофирга чиқариши мумкин, дегани эмас. Бу жуда ҳассос масала. Бунинг ўзини асослари, қоидалари, бу масалани ҳал қиладиган кишилари бор. Аввало, бирор мусулмон мабодо куфр лафзини айтиб қўйган тақдирда ҳам, уни зудлик билан кофирга чиқарилмайди. Балки у бу айтган гапини куфр лафзи эканлигини билмас. Ёхуд қаралади, ушбу гапнинг бошқа таъвили (таъбири) ҳам бордир. У бошқа маънода айтган бўлиши мумкин. Билмасдан айтиб қўйган ёки бошқа маънода айтган бўлса, ҳаргиз уни кофирга чиқарилмайди. Агар у динда қатъий далиллар ила собит бўлган бирор нарсани ўзи билган ҳолатда инкор қилса, бирор куфр лафзини айтса ва мана шу гапнинг куфрдан бошқа бирор эҳтимоли ҳам бўлмаса, ҳатто мана шу ҳолатда ҳам уни кофирга чиқариш оддий инсонларнинг иши эмас. Бу масалани қозилар, муфтийлар кўриб чиқади.

Юқорида айтганимиздек, ташқи ёвуз кучлар, ислом душманлари аввало мусулмонларни ичларидан парчалашга, динларини нотўғри талқин қилишга, соф исломни тарғиб қиладиган уламоларини обрўсизлантиришга, бир-бирларини кофирга чиқаришга ҳаракат қилади.

Биз мусулмонлар хушёр бўлмоғимиз, кимнинг тегирмонига сув қуяётганимизга эътиборли бўлишимиз, адашиб икки дунёмизни ҳам барбод қилиб қўймаслигимиз лозим.

Маҳмуд Абдураҳмонов
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси
[1] Нисо сураси, 94-оят.
[2] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий, 8/6103-6104.
[3] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий, 4/6045, .
[4] Мулла Али ал-қори. Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар. – Миср: Тақаддум, 1905. – Б. 146

Check Also

Исломдан олдин арабларда фиқҳ

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келмасларидан олдин араблар ҳидоятга жуда муҳтож бўлиб қолган халқ эдилар. Бут …