Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ МАНСУР АЛ-МОТУРИДИЙ (870-944)

АБУ МАНСУР АЛ-МОТУРИДИЙ (870-944)

Абу Мансур ал-Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик оқимлардан бири бўлмиш Мотуридийа оқимининг асосчиларидан ҳисобланади.

 Унинг ҳаёти ҳақида маълумотлар жуда оздир. Тўлиқ номи Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандийдир. Буюк калом имоми ва фиқҳ олими асли Самарқанднинг Мотурид қишлоғидан (ҳозирги Жомбой туманида жойлашган) бўлиб, унинг тахаллуси шу қишлоққа нисбатан олингандир. Абу Мансур ал-Мотуридий дастлабки таълимни шу қишлоқда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандда давом эттиради.

Ал-Мотуридий яшаган давр Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келади. Самарқанд дастлаб бу давлатнинг пойтахти бўлиб, сўнгра IX асрнинг охиридан бошлаб пойтахт Бухорога кўчирилди. Бироқ ўша вақтда ҳам Самарқанд Бухоро билан бир қаторда Мовароуннаҳрнинг иқтисодий-маданий маркази бўлиб қолаверди.

Абу Мансур ал-Мотуридий туғилган йили ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. У Самарқандда 944—945 йилда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза деган қабристонга кўмилган.

Баъзи манбаларда унинг Самарқанддаги ал-Айозий мадрасасида таълим олгани қайд этилган. Ал-Мотуридий Абу Бакр Аҳмад ал-Жузжоний, Абу Наср Аҳмад ал-Ийодий, Имом Аъзам мазҳабидаги буюк олим Наср ибн Йаҳйо ал-Балхий, Муҳаммад ибн ал-Фадл кабиларни ўзининг устози, деб билган.

Ал-Мотуридий фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, Ҳанафия мазҳаби олимларидан дарс олиб ўз билимини оширади. Шу вақт давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар қилган. Бутун умри давомида шу соҳага оид асарлар ёзиб қолдирган. Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавийнинг (вафоти 1582 йил) «Катоиб ул-аълом ал-ахёр фи табоқот ва машаойих мазаҳаб ан-Нуъмон» («Нуъмон мазҳабига мансуб бўлган таниқли аллома фақиҳлар ва шайхлар ҳақидаги китоб») номли китобида ал-Мотуридий ва унинг асарлари ҳақида айрим маълумотлар берилади. Масалан, қуйидаги асарлари номлари келтирилган: «КитабитТавҳид» («Аллоҳни якка билиш китоби»), «Китаб Мақомат», «Китаб рад авомил лил адила лил кабий» («Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб»), «Китаб байон ва ҳум ул-муътазила» («Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни»), «Китаб Таъвилот ал-Қуръон» («Куръон таъвили китоби»).

Лекин Ҳожи Халифанинг (1609—1659) «Кашф аз-зунун ан-асомил кутуб ва-л-фунун» («Китоб ва фанлар номлари ҳақидаги шубҳаларни бартараф этиш китоби») китобида эътироф этилишича, яна Абу Мансур ал-Мотуридийнинг «Ма ҳази аш-шариъа» («Шариат асослари сараси»), «Китаб ал-жадал» («Диалектика ҳақида китоб») каби асарлари ҳам бўлган. Булардан ташқари ал-Мотуридийнинг «Китаб ал-усул» («Диний-таълимот усули китоби») асари ҳам маълум.

Абу Мансур ал-Мотуридийнинг кўп асарлари бизгача етиб келмаган, етиб келганлари ҳам асосан хорижий мамлакатлар кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланади.

Ал-Мотуридий ислом оламида жуда нозик ҳисобланган «Китаб Тавҳид» — асари бизнинг давримизга етиб келган ва у 1970 йилда Фатҳуллоҳ Хулиф томонидан Байрутда нашр этилган.

У ислом динидаги суннийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиб, фиқҳга ва каломга оид асар ёзади.

Бу ал-Мотуридийнинг «Таъвилот аҳли сунна» ёки бошқа бир номи «Таъвилот ал-Қуръон» деб номланади. Ал-Мотуридий бу асарида сунний ақидага (таъвилда) зид қарашларни рад қилишга ҳаракат қилади ва Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган ҳолда иш кўради. Бу асар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланади. «Таъвилот»нинг биринчи жилди Қоҳирада 1971 йилда Иброҳим Авадайн ва ас-Саид Авадайнлар томонидан нашр этилган.

Ал-Мотуридийнинг бу биргина асари тарих жараёнида кўп алломалар асарларига асос солган, улар ижодига туртки бўлган.

Шулардан бири Аловуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандийнинг шарҳидир. У «Шарҳ таъвилот аҳлис-сунна» деб номланиб, ЎзР ФАнинг Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида бу асарни иккита нусхаси сақланади.

Шу билан бирга ал-Мотуридий номи остида ёзилган бир неча сохта асарлар ҳам маълумдир. Масалан: «Фавоид» (қоидалар), бошқа номи «Панднома», «Китоб ал-Усул», «Шарҳ ал-Фиқҳ ал-Акбар» асарлари шулар жумласидандир. Бу ал-Мотуридийнинг диний илмлар намояндалари орасида қанчалик машҳур бўлганлигидан далолат беради.

Ал-Мотуридий кўп шогирдлар етиштирди, улар орасида ислом оламига машҳур алломалар: Абул-Ҳасан ар-Рустуғфаний (вафоти 961), Исҳоқ ибн Муҳаммад ас-Самарқандий ва Абдул-Карим ал-Паздавий (вафоти 999), Абу Аҳмад ал-Ийодий каби олимлар бор эди. Шогирдлари ўз устозларининг таълимотини давом эттиришганлиги туфайли Ҳанафия мазҳабидагилар ичида Мотуридийа оқими вужудга келган.

Абу Мансур ал-Мотуридийнинг замондошлари ҳамда ҳамфикрларидан машҳур фиҳқ олими Абу-л-Қосим Ҳаким ас-Самарқандийни алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим. Бу олим Самарқандда туғилиб, бутун умрини шу ерда ўтказган (вафоти 953). Фиқҳ ва калом соҳасида машҳур бўлган.

Абу Мансур умри давомида фақиҳлар, муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар олиб борган. У ислом дини Ҳанафия мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқатиш ва ўзидан кейинги авлодларга қусурсиз етказиш ишига муҳим ҳисса қўшди.

Ал-Мотуридий нафақат фиқҳ, калом илмига оид, балки бошқа фанларга оид асарлар ҳам ёзган, деб айтиш мумкин. ЎзР ФАнинг Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган ал-Мотуридийнинг овчиликка оид асари бунга далил бўлади. Бу асарнинг бир қўлёзма нусхаси «Рисола жонвор дорий» («Жонворларга оид рисола») деб номланган бўлиб, унда овчи қушларни боқиш ҳақида фикр юритилади. Бу асарда овчи бургутларнинг ҳар хил зотлари, уларнинг ташқи кўринишлари, озиқлантириш, овга яроқлилиги билан бир қаторда кўпайтириш, изи ва чатиштириш усуллари каби масалалар ҳақида гап боради.

Ал-Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади.

Ал-Мотуридийни улуғлаб «Имом ал-Ҳуда» ва «Имом ал-мутакаллимин» (Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми) каби номлар билан ҳам атаганлар.

Мовароуннаҳр — Марказий Осиё халқлари турли фалсафий, табиий, аниқ фанлар, адабиёт, санъат соҳаларида дунёга машҳур сиймолар, алломалар билан бирга ислом назарияси, диний илмлар бўйича ҳам ал-Мотуридийдек бутун мусулмон оламида ном қозонган олимларни ҳам етиштириб чиқардилар.

Шовосил ЗИЁДОВ – т.ф.н., доцент,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори

Check Also

АБУ ҲАФС БУЖАЙРИЙ ВА УНИНГ “АЛ-ЖОМЕЪ АЛ-МУСНАД” АСАРИ

IX-X асрларда Бужайрий нисбаси билан танилган бир қанча алломалар самарали ижод қилганлигини кўплаб манбаларда учратиш …