Home / ҲАДИС / Овқат ва ичимликларга пуфлаш мумкинми?

Овқат ва ичимликларга пуфлаш мумкинми?

Абу Нуъайм ва Абу Осим Узра ибн Собитдан, у эса Сумома ибн Абдуллоҳдан келтиради: “Анас ибн Молик идишдан икки ё уч бор ҳўплаб сув ичиб, ҳар гал ҳўплаганидан сўнг идиш ташқарисига нафас чиқарди ва: “Пайғамбаримиз идишдан уч бор ҳўплаб сув ичиб, ҳар ҳўплаганларидан сўнг идиш ташқарисига нафас чиқарган эдилар”, деб айтди” (Имом Бухорий ривояти).

Шарҳ: Инсон одатга кўра ҳар куни уч маҳал овқатланиши, вақти-вақти билан сув ичиши табиий эҳтиёждир. Ҳар беш-ўн сония ичида тоза ҳаводан нафас олиб, нафас чиқармасликнинг иложи йўқ. Чиқарган нафасимизни тутунга ўхшатишимиз мумкин. Шу боис ҳамма ёғи берк хонада ўтирган уч-тўрт киши бир-икки соатдан сўнг бўғила бошлайди. Баъзан оғиздан нохуш ҳид ёки сўлак нафас билан қўшилиб чиқади. Шу сабаб динимиз иссиқ овқат ёки қайноқ сувни пуфлаб совутиб, ейиш-ичишдан қайтарган. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ичишда идишга нафас чиқаришдан қайтарганларида бир йигит: “Агар идишнинг ичида гард кўринса-чи”, деб сўрайди. Шунда у зот : “Гардни сув билан оқизиб тушир”, деганлар.

Одобга кўра, сув ичаётган кишининг нафас чиқаргиси келган пайтда сув ичишдан тўхтаб, оғзидан идишни узоқлаштириб, нафасини ростлаб олиши тавсия этилади.

Ушбу ҳадис зоҳирига кўра, Абу Қатода ривоятидаги “Сизлардан бирингиз сув ичса, идишга пуфламасин…”, мазмунли ҳадиси шариф маъносини тўлдиради. Пайғамбаримизнинг сувни ҳўплаб-ҳўплаб бир, икки, баъзида уч бор нафасларини ростлаб олганлари ва туя каби сувни бир симиришда ичишнинг яхши эмаслиги ҳадисларда баён қилинган.

Сув ўтириб ичилади, уни ичишдан олдин “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм”, дейилади. Сувга пуфланмайди, ичиб бўлгач, Ҳақ таолога ҳамд айтилади. Идишни оғиздан узоқлаштириб, нафас чиқарилади. Агар шундай қилинса, чанқоқ босилади, сув танага роҳат бағишлайди. Аксинча, шошиб, баъзи ҳайвонлардек пишиллаб ичиш меъда, қизилўнгач каби аъзоларга зарар етказади, дейилган. Ҳазрат Абу Ҳурайра ривоят қилади: «Албатта, Пайғамбаримиз уч нафасда сув ичардилар. Сув идишни оғизларига яқинлаштирган пайтларида “Бисмиллаҳир раҳманир раҳим”, охирига етказганларида эса “Алҳамдулиллаҳ”, дердилар. Уч марта шундай қилардилар” (Имом Табароний ривояти). Ибн Аббос ривоят қилган ҳадисда бундай дейилган: “Сизлар сув ичиш пайтида “Бисмиллаҳир раҳманир раҳим”, ичиб бўлганларингда эса “Алҳамдулиллаҳ”, денглар” (Имом Термизий ривояти).

Меҳлаб айтади: “Айримлар сув ичаётиб идиш ичига нафас чиқаради, иссиқ овқат ёки қайноқ сувни пуфлаб совутишга уринади. Бу жуда хунук одатдир, ён-атрофдагилар ҳам бундан нафратланади”. Ибн Арабий бундай дейди: “Одобга риоя қилиш улуғ хулқлардандир. Бир одам ўзи учун пуфлаб ё нафас чиқариб еб қолдирган овқатини бошқа бир киши олиб емоқчи бўлганида, уни огоҳлантириши зарур. Акс ҳолда, бахиллик қилган бўлади. Бахиллик эса ҳаромдир”. Имом Қуртубий: “Сув ичаётиб идишга нафас чиқаришдан қайтарилганимизнинг сабаби оғиздаги бадбўй ҳид ёки сўлак билан сувни ифлослантиришдан сақланишдир”, деб таъкидлайди.

Биз мўминлар бундай чиройли одобларга ҳамиша риоя қилсак, Пайғамбаримизнинг суннатларига амал қилганимиз боис, иншааллоҳ, шафоатларига ҳам эришамиз.

“Фатҳул Борий шарҳи Саҳиҳил Бухорий” китоби асосида
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади

Check Also

ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

Аллоҳ таоло инсонга ота-онаси билан яхши муносабатда бўлишни ва доимо уларга мурувват кўрсатишни буюрган. Аллоҳ …