Home / МАҚОЛАЛАР / Мотуридийлик йўналишининг юзага келиши ва бугунги кундаги аҳамияти

Мотуридийлик йўналишининг юзага келиши ва бугунги кундаги аҳамияти

Тарихдан маълумки, бизнинг ота-боболаримиз илмнинг барча соҳаларида юксак даражаларга етганлар ва мавжуд муаммоларга ечим топишда биринчи галда илм воситасидан фойдаланганлар. Жумладан, ислом динининг дастлабки босқичлари саналган VII асрдаёқ юзага кела бошлаган фикрий бўлинишлар, ақидавий қарама-қаршиликларга жавобан ислом олимлари томонидан муносиб чоралар кўрилган ва илмий баҳслар орқали уларнинг йўллари нотўғри экани исботлаб берилган.

Бизнинг диёримиздан ҳам эътиқодий таназзул юз беришининг олдини олган ва аҳоли орасида тўғри ақиданинг сақланиб қолишига асосий ҳисса қўшган кўплаб олимлар етишиб чиқди. Уларнинг йўлбошчиси сифатида эса ҳидоят (ҳақиқий тўғри йўл) пешвоси унвони билан улуғланган Имом Мотуридий эътироф этилган.

Мотуридийлик таълимоти ўз даврида ақидавий буҳронлар авж олган ва мусулмон жамиятининг якдиллиги хавф остида турган бир вақтда соғлом эътиқод тамойилларини бир тартибга солган ва ботил қарашларга барҳам бероладиган даражадаги кучли инновация сифатида юзага келди. Таълимотнинг бугунги кундаги меросийлик аҳамияти шундаки, у яшаган даврда Самарқандда мавжуд бўлган ёки хабари Самарқандгача етиб келган кўплаб ботил фирқалар билан маърифат воситасида кураш олиб борган ва уларнинг фикри нима учун хато ва ҳатто хавфли эканини аниқ кўрсатиб берган[1]. Ҳозирда юртимизда жаҳолатга қарши маърифат тамойили остида олиб борилаётган ишлар илдизи ҳам маърифат асосида қурилган мотуридийлик таълимоти асосларидан сув ичмоқда.  

Маълумки, Ўрта асрларда фалсафий-диний фикрларни, диннинг назарий асосларини ўрганиш, ислом ақидаларига нисбатан ақлий мулоҳаза юргизиш жараёнида махсус билимлар тизими сифатида калом илми вужудга келди.[2]

“Калом” дегани араб тилида “сўз”, “гап”, “жумла” маъноларини англатади. “Илми калом” ақоид илмининг энг машҳур исмидир. Бу исмнинг ишлатилишига сабаб шуки, эътиқодий баҳсларнинг энг машҳурлари, баҳс қилувчилар ўртасида энг кўп низоларга сабаб бўлгани, ихтилоф келтириб чиқаргани Аллоҳнинг “калом”и ҳақидаги масаладир. Қолаверса, бу илм соҳиблари ўз фаолиятлари давомида фақат каломни ишлатганлари учун ҳам, у “калом” номини олган.[3]

Исломнинг аввалги даврида барча илмлар қаторида калом илми ҳам яхлит ислом номи ичида бўлиб, алоҳида фан сифатида ажралиб чиқмаган эди. Мусулмонлар исломнинг асосий ва иккинчи даражали илмларида битта йўналишда эдилар. Саҳобаларга динда бирор бир масалада тушунмовчилик туғиладиган бўлса Расулуллоҳ алайҳиссалом уни тушунтириб, изоҳлаб берар эдилар.[4]

Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан кейин диний ҳукмларни баён қилиш саҳобалар, улардан кейин тобиъийн, таба тобиъийн ва мужтаҳид уламолар зиммасига тушди. Қуръон ва ҳадисни тушунишдаги илмий имкониятлар даражаси турличалиги ва ҳадисларнинг етиб келиш йўлларининг турлича бўлиши натижасида диний йўналишлар юзага кела бошлади.

Йўналишларнинг айримлари ботил эътиқодлар асосига қурилган эди. Мусулмонлар ўртасида қарама-қарши фикрлар юзага келиши натижасида турли сиёсий-диний фирқалар ҳам пайдо бўлди.

Бундан ташқари, вақт ўтиб турли халқ ва тоифаларнинг исломни қабул қилишлари уларнинг ақида ва фикрлари исломий фикр ва ақидаларларга аралашиб кетишига олиб келди. Шу билан бирга, номусулмонлар томонидан ислом ақидаларига қарши фикрий ҳужум ва танқидлар авж ола бошлади[5]. Ушбу вақтга келиб, сиёсий-диний фирқалар: муътазилийлар, хорижийлар, қадарийлар, жабарийлар, муржиийлар ва шиалар ўртасида ақида масаласида ўзаро мунозаралар, баҳслар олиб борилар эди. Бу эса ислом ақидасини ҳимоя қилиш учун калом илми олимларини ақида масалаларини тартиблаб чиқишга, ботил тушунчаларга раддия беришга ундади.

Калом илми ҳижрий иккинчи асрдаёқ, дастлаб араб минтақалари, хусусан бу даврдаги ҳукмрон сулола Аббосийлар халифалиги маркази Бағдод шаҳрида алоҳида илм сифатида юзага чиқа бошлади. Имоми Аъзам сингари олимлар ботил ақида эгалари билан мунозаралар олиб бордилар, алоҳида китоблар ёзиб, ақида масалаларини тартиблай бошладилар.  

Мовароуннаҳр ва Хуросон ерларида калом илми нисбатан кечроқ, юзага чиқди. Аббосийлар ҳукмронлиги остидаги ғарбий марказлардан қувилган Хорижий, Муътазилий, Муржий каби кўплаб сиёсий, ақидавий мазҳаблар вакиллари турли ҳудудлар, жумладан Мовароуннаҳр ва Хуросонга ҳам келиб ўрнаша бошладилар. Бу даврда ушбу ҳудудларда Сомонийлар ҳукмронлик қилар эди[6]. Шу сингари сабаблар билан Мовароуннаҳр ва Хуросон ерларига ботил ақидалар кириб келди.

Ушбу даврга келиб Мовароуннаҳрда шаклланган калом мактабининг йирик намояндаси сифатида Имом Мотуридий илм майдонига чиқди ва аҳли сунна вал жамоа эътиқоди аслиятини сақлаб қолиш ва тугал қоидалар тизимини шакллантиришга киришди.

Тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий Самарқандий[7] бўлган буюк имом (тах:870-944[8]) Самарқанд шаҳри яқинидаги Мотурид қишлоғида туғилган[9].

Мотуридий ўз даврида динда адолат, мўътадиллик билан машҳур эди. Замондошлари унинг қадри буюклиги, юксак даража соҳиби эканини бир овоздан эътироф этганлар. Ҳаттоки, ҳанафий мазҳабидагилар орасида шу имомнинг ёлғиз ўзи бўлганда ҳам етарли бўларди, яъни бошқа олимга эҳтиёж қолмасди, каби эътирофлар ҳам берилган.

Имом Мотуридий муътазилийлар, рофизийлар, мушаббиҳалар сингари адашган тоифаларга муносиб раддиялар берган. У аҳли сунна вал жамоа эътиқодини баён қилишда Қуръон ва ҳадисга таянар, ақлий муноқашалар юритар эди[10].

У кучли ҳужжатли, баҳсда ғолиб, мусулмонлар ақидасини ҳимоя қилувчи, даҳрийларни шубҳаларига раддия берувчи киши эди. Ўз таълимоти анъаналари ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожланишига катта улуш  қўшди. Илоҳиёт илмлари тўла шаклланиб камол топишига хизмат  қилди. Уларни қайта ишлаб чиқиб, маълум тизимга солишдек бир ишни амалга оширди ва ҳанафий таълимотини Ўрта Осиё халқларининг урф-одатлари билан боғлиқлигини ўз  қарашлари орқали кўрсатиб берди. У яратган таълимот ислом динининг буюк ақидавий оқимидан бири сифатида танилди[11].

Мотуридия таълимоти Ислом ақидасини тафтиш қилади, адашган фирқаларнинг ақидасини кескин рад этади ва уни инкор этиб бўлмас далиллардан ташкил топган яхлит тизим сифатида тан олиш лозимлигини кўрсатиб беради. Таълимотда ҳанафий фиқҳи мухолифларига қарши ўлароқ инсон диний маърифатга эришишнинг уч воситасига: сезги, нақл, ақлга  эгалиги; Аллоҳнинг зотий ва яратувчилик сифатлари; бу борада мусулмон ва ғайримуслим мухолифлар билан мунозара; Аллоҳ ҳамда инсоннинг амаллари; имоннинг моҳияти каби ўта муҳим мавзулар қамраб олинган[12]

Таълимотнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида шуни таъкидлаш лозимки, ақидавий зиддиятлар жамиятнинг таназзулга юз тутишига олиб келувчи энг бирламчи омилдир. Ғаразли кучлар томонидан ўз мақсадлари йўлида эркин ҳаракат қилишлари учун фойдаланадиган воситаларидан бири халқлар, миллатлар орасига эътиқодий қарама-қаршилик солиб қўйишдан иборат.

Бугунги кунда ана шундай бўлиниш, миллатлар орасини бузиб юбориш сингари ишларнинг энг асосийси экстремизм кўринишида намоён бўлмоқда. Ислом дини ниқоби остида “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” сингари чақириқлар билан ғаразли мақсадни кўзлаган кучлар томонидан миллатлар орасига раҳна солиняпти. Динга эътиқод қилувчилар бу алдовларга учиб, қўлларига қурол олмоқдалар, бир-бирлари ва тинч аҳоли умрига зомин бўлмоқдалар.

Эътиқодий бирдамликнинг нақадар муҳим эканини англаб етган Имом Мотуридий минг йиллар олдин ёзиб қолдирган асарларида тўғри ақида меъёрларини белгилаб берган ва улар орқали нафақат ислом олами, балки бутун инсониятни ўзаро иттифоқда яшашга чорлаган ва чорлаб келмоқда.

Усмонхон Муҳаммадиев,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
“Қуръоншунослик” шўъбаси раҳбари

 

[1] Рудольф У. Ал-Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти. –Т.: Имом Бухорий халқаро жамғармаси, 2001. –Б. 171.
[2] Ш.Зиёдов. Абу Мансур ал-Мотуридий ва унинг «Китоб ат-таъвилот” асари. –Т.: “Фан” нашриёти, 2009. –Б.21.
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар. –Т.: “Шарқ” нашриёти, 2011. –Б.17.
[4] Имом Мотуридий. Таъвилоти аҳли сунна./Доктор Маждий Басаллум таҳқиқи остида/ –Ж.1 –Ливия: Байрут, 2005. –Б.98. (Бундан кейин: Таъвилот. Басаллум таҳқиқи остида)
[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар. –Т.: “Шарқ” нашриёти, 2011. –Б.19.
[6] Қаранг: Sönmez Kutlu.İmam Maturidi ve Maturidilik.Ankara:kitabiyat, 2007. (Бундан кейин: İmam Maturidi ve Maturidilik)
[7] Мотуридий.Таъвилот аҳл ас-сунна. / Фотима Юсуф ал-Хаймий таҳрири остида./ –Байрут: Муассасат
ар-Рисала Наширун, 2004. –1 жилд. –Б.7.
[8] Рудольф У. Ал–Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти. –Т:. Имом Бухорий халқаро жамғармаси, 2001. –Б. 146.
[9] Ш.Зиёдов. Абу Мансур ал-Мотуридий ва унинг «Китоб ат-таъвилот” асари. –Т.: “Фан” нашриёти, 2009. –Б.21.
[10] Таъвилот. Басаллум таҳқиқи остида. –Б.157.
[11] Қаранг: İmam Maturidi ve Maturidilik.
[12] https://azon.uz/content/views/aqidadagi-mazhabboshimiz

Check Also

Тарозидан уриб қолувчиларга вайл бўлсин

(Абу Ҳафс Насафийнинг “Ат-Тайсир фит тафсир” асари асосида) Ижтимоий ҳаётда одамлар бир-бири билан олди-сотди қилиб, …