Home / МАҚОЛАЛАР / Неъматнинг қадрига етайлик

Неъматнинг қадрига етайлик

Юртимизда охирги йилларда барча соҳаларга катта эътибор қаратилмоқда. Ёшларнинг ўқиши, таълим олиши, ўзларининг мутахассисликлари ва қизиқтирган соҳалари бўйича меҳнат қилишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган ва берилмоқда. Президент мактаблари, ижод мактаблари, янги-янги институт ва университетлар, хусусий мактаб ва олийгоҳлар очилмоқда. Буларнинг ҳаммаси давлатнинг ёшлар сиёсатига катта эътибор қаратаётганидан дарак беради.

Бошқа соҳалар сингари диний соҳада ҳам халқимизнинг хурсандчиликларига сабаб бўлган кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Деярли ҳар ой бирор янги масжид очилгани ёки эскиси тўлиқ қайта таъмирлангани ҳақидаги хабарларни эшитамиз, ўқиймиз. Яқин икки-уч йилни ичида айнан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида иккита олий диний таълим муассасаси (Бухоро шаҳрида “Мир Араб олий мадрасаси” ва Самарқандда “Ҳадис илми мактаби”) очилди ва 2020 йил ёзида Термиз шаҳрида битта ўрта-махсус диний таълим муассасаси очилиши белгиланган.

Халқимизнинг диний таълимга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари қошида уч ойлик Қуръон ва араб тили курслари очилган эди. Ушбу курсларда минглаб ҳамюртларимиз Қуръон таълимини ўрганишди ва ўрганишмоқда. Шунингдек, 2017 йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Қуръон қироати ва тажвид, тафсир, фиқҳ, ақоид, сийрат, ҳадис каби фанлардан Тошкент ислом институти катта устозлари томонидан силсилавий видео дарслар ташкил қилинган ҳамда muslim.uz портали орқали намойиш этилган. Юртимиздан чиқаётган диний адабиётлар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошган. Тўғри, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Лекин, ўқийман, илм ўрганаман, ўзим қизиққан соҳа бўйича таҳсил оламан, меҳнат қиламан деган киши учун имкониятлар етарли. Қолган имкониятларни ўзимиз ҳам ҳаракат қилиб яратишимиз керак. Бор имкониятлардан тўлиқ ҳолатда фойдаланишимиз лозим. Кўпинча, ижтимоий тармоқларда ҳар бир ҳолатдан айб қидирадиган, яратилган имкониятлардан нолийдиган, норозилик кайфиятидаги фикрларга дуч келинади. Қайсидир соҳаларда оқсаш кузатилаётган бўлса, қайсидир соҳалар тўлалигича ислоҳ бўлмаётган бўлса, ўша соҳаларда етарлича илм ва тажрибага эга, ҳалол, виждонли, халқ дардини ўзининг дарди сифатида кўра оладиган, халқ келажагини ўз келажаги ўрнига қўя оладиган, халқи олдидаги бурч ва масъулиятини тўла англаб етган мутахассис ва раҳбар ходимлар етишмаслигидандир. Шундай экан, биз ёшлар яратилган имкониятлардан тўлалигича фойдаланган ҳолда танлаган соҳамизни етук мутахассиси бўлмоғимиз, бўш вақтимиз, ёшлигимиз ҳамда бу имкониятларни шукрини адо қилмоғимиз, ўша оқсаётган соҳаларда ватанимиз, халқимиз дардига дармон бўла олишимиз, фидойилик кўрсата билишимиз керак. Зеро, айни чоғда олдимизда имконият эшиклари очиқ, ёшмиз, куч-қувватимиз бор. Булар Аллоҳ таолонинг бизга берган улуғ неъматларидир. Неъматнинг шукри адо қилинса, Аллоҳ уни янада зиёда қилади.

Маҳмуд Абдураҳмонов 

Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси 

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …