Home / МАҚОЛАЛАР / ЎЗБЕКИСТОНДА ЗИЁРАТ ТУРИЗМИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ

ЎЗБЕКИСТОНДА ЗИЁРАТ ТУРИЗМИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ

Ўзбекистонда 2016 йилдан эътиборан туризм мамлакат иқтисодиётининг муҳим соҳаларидан бири деб эълон қилинди. Мазкур йиллар давомида туризмнинг барча йўналишлари қатори зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича ҳам кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилди. Натижада, мамлакатимизга келаётган сайёҳлар сони сезиларли даражада ошишига эришилди. Мазкур мақола Ўзбекистонда Зиёрат туризмининг ривожланиши ва унинг натижаларига бағишланган.

Ўзбекистон дунё миқёсида муқаддас қадамжоларга бой мамлакатлардан бири бўлиб, бу муқаддас замин ислом оламида донг таратган кўплаб буюк сиймолар абадий қўним топган юрт саналади. Мустақиллик йилларида ислом дини ҳамда мусулмон уммати эътиқодини мустаҳкамлашда ўзларининг буюк ишлари билан ном қозонган бундай инсонлар абадий қўним топган манзилларни ўрганиш, уларни ободонлаштириш ишлари олиб борилди ва одамлар зиёрат қиладиган масканларга айлантирилди. Бундай жойлар нафақат юртимиз аҳли учун, балки, бутун ислом олами халқлари учун ҳам таббаррук ҳисобланади. Ҳозирги кунда биргина Самарқанд вилоятининг ўзида 1105 та археологик, 670 та меъморий, 37 та диққатга сазовор жой, 18 та монументал, 21 та мемориал тоифага кирувчи жами 1851 та моддий-маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг орасида зиёрат қилиниши мумкин бўлган жойлар талайгина[1].  Мазкур омиллар сўнгги уч йил давомида юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш, уни жаҳон миқёсига олиб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилди. Натижада, бу борада салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Шу сабабдан, бу борада амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижаларини илмий таҳлил этиш муҳим аҳамиятга эга.

2017 йилдан эътиборан Ўзбекистонда туризмнинг алоҳида соҳаси бўлган зиёрат туризмини ривожлантириш ва уни жаҳонга таништириш бўйича тизимли ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, 2017 йил 16 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Мазкур қарор билан Ўзбекистонга саёҳат қилишни енгиллаштириш, туризм инфратузилмаларини ривожлантириш ва янги туризм объектларини ташкил этишга қаратилган 2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди[2].

Бундан ташқари, ушбу қарор асосида бир ой муддат ичида фуқароларига 2018 йилнинг 1 январидан виза тартибини соддалаштириш таклиф этилаётган мамлакатлар ҳамда фуқароларига махсус зиёрат туризми дастурлари таклиф этиладиган давлатлар рўйхатини шакллантириш, шунингдек, Малайзия, Индонезия ва бошқа мамлакатлардан Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга зиёрат туризм йўналишидаги сайёҳларни жалб қилиш бўйича ишларни фаоллаштириш, бу борада керакли реклама тадбирларини ўтказиш, логистика, жумладан, чартер рейсларини ташкил этиш ва бошқа вазифалар белгиланди[3].

Бундан ташқари, юртимизга ташриф буюраётган зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан янги давлат стандарти ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат асосида 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб туристик хизматлар, жойлаштириш воситалари, умумий талаблар бўйича стандарт кучга кирди. Ўрнатилган янги қоидаларга кўра, ҳар бир меҳмонхонанинг умумий хоналар сонининг камида ўндан бирида Қуръони карим, ибодат қилиш учун жойнамоз ҳамда камида 30 фоизида қибла кўрсатгичи қўйилиши шарт қилиб белгиланди[4].

Бу даврда, Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар учун виза режимини енгиллаштириш бўйича ҳам ишлар амалга оширилди. Шу мақсадда, 2018 йил 3 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Унга мувофиқ, Индонезия, Малайзия, Сингапур, Туркия, Жанубий Корея, Япония ва Исроил давлатлари фуқаролари учун визасиз режим жорий қилинди. Шунингдек 39 мамлакат фуқароларига соддалаштирилган виза тартиби жорий қилинди. Визасиз кирувчи хорижликлар сафига 2019 йил март ойидан тожикистонликлар, октябрдан францияликлар ҳам қўшилди[5].

Бундан ташқари, мамлакатимизда ҳалол туризмни ривожлантириш бўйича ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йилда “Ҳалол туризм” бўйича “Crescent Rating” ташкилоти томонидан 2017 йилда тузилган рейтингда (2017 йилда тузилган рейтингда Ўзбекистон 28. Шундан, “хавфсиз саёҳат” – 100 дан 84 балл, “ибодатхонага кириш эркинлиги” – 80, “овқатланиш имкониятлари ва кафолатлари” – 70, “виза” – 50, “аэропорт имкониятлари” – 48,3, “оилавий таътил” – 44,4, “яшаш шароитлари” – 33,2, “мусулмонлар учун имкониятлар” – 25, “сайёҳларнинг келиши” – 21,2, “коммуникация имкониятлари” – 19) қуйи даражада баҳоланган, кам ривожланган йўналишларни яхшилашга эътибор қаратилди. Хусусан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан “Crescent Rating” ташкилоти билан ҳамкорликда мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Ушбу тавсиялар асосида халқаро аэропортларда ибодат амалларини бажариш учун зарур шароитлар яратилди[6].

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита таркибида зиёрат туризмини ривожлантириш бўлимининг фаолияти йўлга қўйилди. Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш билан боғлиқ масалалар бўйича таҳлилий ҳужжатлар тайёрлаш, мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш юзасидан тегишли таклифлар тақдим этиш мазкур бўлимнинг асосий вазифалари сифатида белгиланди[7]. Бундан ташқари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Тошкент шаҳрида зиёрат туризмини ривожлантириш, рўйхатга олинган 15 та диний муассасага ташриф хариталари ишлаб чиқилди. Индонезия ва Малайзия сайёҳлик агентликлари ва меҳмонларига мўлжалланган ҳалол овқатланиш жойлари, миллий ошхоналар, ресторанлар, оилавий ташриф жойлари харитаси тайёрланди. Шунингдек, юртимизда илк бор зиёрат туризми соҳаси учун зарур бўлган “Ҳалол” стандарти жорий этилди.

Ўзбекистонда зиёрат туризмининг муҳим объектларидан бири ҳисобланган Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуида ҳам Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси давом эттирилди. Жумладан, мажмуага туташ ҳудуддан 5,8 гектар ер майдони очилиб, илмий марказ ҳамда марказ қаршисида 3 та икки қаватли турар-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Амалга оширилган шу ва бошқа тадбирлар натижасида бу борада салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Жумладан, 2017 йилнинг 10 ойи давомида мамлакатимизга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2,2 млн кишини ташкил этган бўлса, 2018 йилнинг шу даври мобайнида 4,4 млн сайёҳ ташриф буюрди[8]. Йил мобайнида эса 5 млн. 346 минг 219 нафарни ташкил қилди[9].

Мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш борасидаги тадбирлар 2019 йилда ҳам давом эттирилди. Жумладан, мазкур йилнинг 5 январидан эътиборан Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний маънавий мероси ҳамда анъаналарини ўрганиш учун ташриф буюрувчи хорижий фуқароларга 2 ойгача бўлган муддатга зиёрат визаси жорий этилди[10]. Шу билан бирга, Зиёрат туризмини ривожлантириш ва уни дунё жамоатчилигига таништиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган илмий конференциялар ўтказиш ишлари ҳам олиб борилди. Жумладан, 2019 йилнинг 21-23 феврал кунлари Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатнинг халқаро майдондаги зиёрат туризми бўйича мавқеини ошириш мақсадида Зиёрат туризми бўйича I Халқаро форум ўтказилди. Мазкур форум доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризм марказларидан бири сифатида тан олинишига доир Бухоро декларациясининг имзоланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди[11]. Бундан ташқари, мазкур йилнинг 24-25 май кунлари Самарқанд шаҳрида Хитой, Россия, Франция, Италия, Жанубий Корея, Туркия, Босния ва Герцеговина, Польша, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон мамлакатларининг етакчи олимлари, туризм соҳаси мутахассислари иштирокида «Буюк Ипак йўли чорраҳасида зиёрат туризмининг ренессанси» мавзусидаги халқаро илмий конференция бўлиб ўтди[12].

Шу ва бошқа омиллар ўз навбатида, мусулмон сайёҳлар сонининг сезиларли даражада кенгайишига олиб келди. Жумладан, 2019 йилнинг ноябр ойи кўрсаткичларининг 2018 йилдаги кўрсаткичлари билан солиштирганда буни яққол кўришимиз мумкин. Хусусан, 2018 йил ноябр ойида биргина Покистон давлатидан 287 нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2019 йилнинг шу даврида сайёҳлар сони 424 нафарни ташкил қилиб, ўсиш суръати 47,7 фоизни ташкил этди. Саудия Арабистони бўйича эса, бундан ҳам каттароқ сонни кўришимиз мумкин. Жумладан, 2018 йилнинг ноябр ойида 36 нафар, 2019 йилнинг шу даврига келиб 124 нафарни ташкил қилди.[13].

Хулоса сифатида шуни айтишимиз мумкинки, Ўзбекистонда 2016 йилдан эътиборан туризм соҳаси мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири деб эълон қилинди. Шу сабабдан туризм ва унинг муҳим йўналишларидан бири бўлган зиёрат туризмини ривожлантириш ва уни жаҳон миқёсига олиб чиқиш ишлари олиб борилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармон ва Қарорлари эълон қилинди. Шу асосда тегишли тадбирлар амалга оширилди. Шунингдек, зиёрат туризмини ривожлантириш, хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида турли тадбирлар, илмий семинар ва конференциялар ташкил қилинди. Хорижий мамлакатлар фирма компаниялари билан бу борада ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистонга, хусусан, мамлакатимиздаги муқаддас жойларни зиёрат қилиш учун келаётган зиёратчилар сонининг сезиларли даражада ошишига олиб келди.   

Жонибек Жумаев 
Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот маркази илмий ходими
[1] https://religions.uz/news/detail?id=812 Қадим Самарқандга бир келиб кетинг!
[2] https://lex.uz/docs/3311817 Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”
[3] https://www.gazeta.uz/uz/2017/08/17/turizm/ Ўзбекистонда зиёрат туризми ривожлантирилади
[5] https://lex.uz/docs/3548467  Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”
[11] https://islaminstitut.uz/?p=6867  Зиёрат туризми халқаро форуми якунлари
[12] http://zarnews.uz/post/ozbekistonda-ziyorat-turizmi-uchun-katta-imkoniyat-bor  Ўзбекистонда зиёрат туризми учун катта имконият бор
[13] https://uzbektourism.uz/cyrl/research 2019 йил ноябрь ва 2018 йил ноябрь ойларида Ўзбекистон Республикасига кириб келган ташриф буюрувчилар сонининг давлатлар кесимида тақсимланиши

Check Also

АБУ ЖАЪФАР ВАРРОҚ БУХОРИЙНИНГ “ШАМОИЛИ БУХОРИЙ” РИСОЛАСИ ҲАҚИДА

Наҳвшунос олим Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий Имом Бухорий(194-256 ҳ.)нинг ходими ва …