Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЮКСАК ЭҲТИРОМ, ЭЪТИБОР ВА ЭЪТИРОФ РАМЗИ

ЮКСАК ЭҲТИРОМ, ЭЪТИБОР ВА ЭЪТИРОФ РАМЗИ

Бугун давр талаби барча соҳалар каби диний соҳа вакиллари олдига ҳам бир қатор муҳим вазифа ва талабларни қўймоқда. Юртимизда сўнгги йилларда ислом дини равнақи йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Миллий-диний қадриятларимизга янада эътибор қаратилиб, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маърифий асарларини ўрганиш мақсадида кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.
Юртимиз ёшлари замон талабига жавоб берадиган диний ва дунёвий таҳсил олишлари учун таълим тизими жадал ривожлантирилиб, янги босқичга кўтарилди. Ушбу тизим нафақат қўшни мамлакатлар, балки, кўпгина хорижий давлатлар учун ҳам ўзига хос тажриба намунасига айланди десак муболаға бўлмайди. Жумладан, Ўзбекистонда ягона бўлиб турган Тошкент ислом институти сафига яна иккита олий диний таълим муассасаси Мир Араб олий мадрасаси ва Ҳадис илми мактаби қўшилгани қалбимизга қувонч қўшди.
Бу орқали Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, исломий билимларнинг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аллома ватандошларимизнинг улкан илмий меросини пухта ўзлаштирган, диний соҳада илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассисларни тайёрлаш ҳамда ислом динининг эзгу умуминсоний ғояларини халқимиз, айниқса, ёш авлодга етказиш мақсадлари қўйилган.
Шунингдек, мамлакатимиз фуқаролари муқаддас ҳаж ва умра зиёратларини адо этишлари учун шарт-шароитлар янада яхшиланди. Жумладан, умра зиёратига борувчилар учун чеклов (квота) олиб ташланди, ҳаж зиёратига борувчилар сони эса 5 мингдан 7 минг 200 нафаргача оширилди.
Юқоридаги ислоҳотларга ҳамоҳанг 6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг 70 йиллик таваллуд айёми билан самимий муборакбод этиб, мамлакатимизда Ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини, улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини тадқиқ этиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги хизматлари, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, бағрикенглик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолиятининг юксак эътирофи рамзи сифатида “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирладилар.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан топширилган ушбу мукофот нафақат муфтий ҳазратларига, балки халқимизга ислом маърифатини етказишда хизмат қилиб келаётган диний соҳа вакилларига кўрсатилган улкан эътибор ва эҳтиром деб тушунамиз.

Ҳадис илми мактаби жамоаси

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …