Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / ҲИНД ЮРТИДАН ТАБРИК ВА ТАКЛИФ

ҲИНД ЮРТИДАН ТАБРИК ВА ТАКЛИФ

Мана, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўз фаолиятини янги бинода бошлаганига ҳам тўлиқ бир йил бўлди. Шу вақт давомида ушбу тадқиқот масканида маҳаллий ва халқаро миқёсда қатор давра суҳбатлари, семинар, симпозиум ва конференциялар ташкил қилинди. Табиийки, йил охири – ҳар бир инсон, оила, ташкилот ва давлат учун сарҳисоб палласи. Шу таомилдан келиб чиқиб, халқаро бўлим Марказнинг бир йиллик халқаро фаолияти ҳақидаги қисқача хулосасини баён этишни лозим топди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил қилиниши нафақат халқимизни, балки бутун Ислом оламини хурсанд қилди. Бу ҳам ўз ҳамюртларимиз, ҳам хорижлик меҳмонларнинг эътирофларида яққол намоён бўлмоқда. Бу сўзлар асоссиз эмас. Марказга ташриф буюрган ҳар қандай киши – у давлат мулозими бўладими, оддий зиёратчими, чет эллик меҳмонми, бундан қатъи назар – ўзгача ҳаяжон билан кириб келиши ва бой таассурот билан уни тарк этишини кўриш мумкин. Улар ўзларининг расмий-норасмий сўзларида буни яна ҳам очиқ ифода қилади. Негаки, Имом Бухорий бобомознинг бебаҳо меросига муносабат инсон яшаш масканининг жўғрофий жойлашуви эмас, унинг қалби билан белгиланади.

Осиёдаги ҳаёт Европа ё Америкадагидан кўп жиҳатлари билан фарқ қилади. Бу қитъаларда инсонларнинг дунёқараши ҳам ҳамиша бир бўлавермайди. Лекин Марказга келган одамлар орасида ана шундай тафовут сира-сира кўзга ташланмайди.

Марказ меҳмонларининг якдиллиги, осон тил топишиши, ўхшаш таассурот ва эътирофлари ҳам маҳаллий, ҳам хорижий матбуотда кенг ёритилади.

Қисқа қилиб айтганда, ўтган бир йил давомида Марказдагилар билмаганини улардан ўрганди, билганларини маълумот сифатида уларга тақдим қилди.

Ислом оламида Имом Бухорий меросига якдил эҳтиром 2019 йилда Марказга дунёнинг бир неча илмий муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини берди. Янги йил муносабати билан улардан энг эзгу тилаклар билдирилган табрик хатлари келмоқда.

Қуйида Ҳиндистондаги Худа Бахш Шарқ жамоат кутубхонаси директори доктор Шаеста Бедардан келган қутлов номаси эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори

Доктор Шовосил Зиёдовга

Ҳурматли доктор Шовосил Зиёдов ва Марказ жамоаси!

Аввало, барчангизни Янги йил билан чин дилдан табриклашга ижозат бергайсиз! 2020 йил барчангиз учун омадли келишини, Марказингиз учун порлоқ, улуғвор ва шон-шарафли йил бўлишини тилаб қоламан.

2019 йилнинг августида Марказингизда бўлиб ўтган “Ўзбекистоннинг маданий мероси” халқаро конференциясидаги иштироким, унинг доирасидаги учрашувларим хотиралари ҳали-ҳамон мени тарк этгани йўқ. Марказ фаолияти ва у ердаги муҳташамлик ҳар қандай кишини чуқур ҳаяжонга солишга қодир.

Шу ўринда таъкидлаб ўтмоқчиманки, Ҳиндистон Худа Бахш Шарқ жамоат кутубхонасида ўзбек маданий меросига оид кўплаб қўлёзмалар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси кўз қорачиғидай сақланади. Ушбу нодир асарларни ўрганиш, уларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик ва илмий доираларга етказиш маънавий томондан Марказ жамоасининг ҳам ҳаққидир.

Шу муносабат билан Марказ раҳбарияти ва илмий ходимларини ўзлари учун қулай пайтда кутубхонамизда кутиб олишдан ғоят мамнун бўлишимизни маълум қилмоқчиман. Янги йилда бу борадаги ҳамкорлигимиз суръат билан равнақ топиб, икки томон учун ҳам кўп манфаат келтиришига ишончимиз комил.

Камоли эҳтиром ила,

доктор Шаеста Бедар,
Худа Бахш Халқ Шарқ
Кутубхонаси директори
Ашок Ражпатҳ, Патна – 800004, Ҳиндистон.
Халқаро алоқалар бўлими

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …