Home / ЯНГИЛИКЛАР / Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди

Юртимизда инсон қадри, унинг шаъни ва шавкатини эъзозлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш, унга ўз истеъдод ва қобилиятини намоён этиш борасида барча имкониятлар яратилган. Зеро, инсон омили улуғланган, меҳнати қадрланган юртда тараққиёт ва ривожланиш, қут-барака бўлади. Ўзининг фидокорона меҳнати билан мамлакатимиз равнақига катта ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиз меҳнати давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда.
Бугун, 6 январь куни тинчлик-осойишталик, фаровонлик каби исломий тамойилларга содиқлиги, урф-одатларни тиклаш ва асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний ғоялар, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшгани, кўп йиллик самарали фаолияти, узоқ йиллардан буён муборак ислом динининг инсонпарварлик, бағрикенглик, олийжаноблик ғояларини кенг тарғиб қилиб келаётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фармонига асосан «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди.
Шу муносабат билан, Дин ишлари бўйича қўмита жамоаси муфтий ҳазратларини юксак давлат мукофоти билан табриклайди, келгуси фаолиятларида улкан зафарлар тилайди.
Таъкидлаш керакки, «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мамлакат мустақиллигини, унинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга, миллий маънавиятни, маданиятни юксалтиришга катта ҳисса қўшган, ўз меҳнати, илмий, жамоат иши, меҳнатсеварлиги ва ватанпарварлиги билан жамоатчилигининг иззат-ҳурматига сазовор бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мукофотланадилар.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари 1950 йилда Самарқанд вилояти Иштихон туманида зиёли оилада таваллуд топганлар. 1982-1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989-1990 йилларда эса Марокашнинг “Каравийн” дорилфунунида таҳсил олганлар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980-1982 йилларда имом ноиби вазифасида, 1987-1989 йилларда, сўнгра яна 1990-2006 йиллар мобайнида ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритганлар. Шу билан бирга, 2000-2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимида ишлаганлар.
Усмонхон Алимов ҳазратлари 2006 йил 8 августда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланиб, 14 йилдан буён шу лавозимда самарали фаолият олиб бормоқдалар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсидаги обрў-эътиборли уламолардан биридир. 2012 йилда Диний идора тарихида илк бор Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланганлар.
Сўнгги йилларда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари халқаро эътибор ва эҳтиром сабаб Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2019 йил 30 сентябрда эълон қилинган “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгалладилар. У ўтган 10 йилдан буён ушбу рўйхатдан мустаҳкам жой олиб келмоқдалар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари йигирмадан ортиқ китоб ва юздан зиёд илмий-оммабоп мақола муаллифи ҳисобланади ҳамда теле, радио дастурларда долзарб мавзуларда чиқишлар қилган.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари даврларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан қўшни ва хориж давлатлари мусулмонлари диний идораси ўртасидаги дўстона муносабатларни ўрнатишга эришилди.
Дарҳақиқат, ўз меҳнати самарасини кўриш, улкан хизматлари эътироф этилиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлиш, мамлакатнинг ифтихорига айланиш ҳар бир инсон учун катта бахт, энг олий саодатдир.
Яна бир бор муфтий ҳазратларини юксак мукофот билан табриклаймиз!

Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати

Check Also

Самарқанд Имом Мотуридий таълимотига бағишланган халқаро анжуман мезбони бўлади

Шонли тарихимиздан маълумки, Мовароуннаҳрдан нафақат ислом цивилизацияси, балки жаҳон илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган кўплаб …