Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЮКСАК МАЪНАВИЯТЛИ ВА АХЛОҚЛИ ЁШЛАР – ПОРЛОҚ КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

ЮКСАК МАЪНАВИЯТЛИ ВА АХЛОҚЛИ ЁШЛАР – ПОРЛОҚ КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

Ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта давлатларнинг етакчи кучлари ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир.
Юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда. Зеро, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Маълумки, Президентимиз ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари суриб, ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари давлат сиёсати даражасида эътиборга олинди.
Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати эса қадимдан ота-боболаримиз томонидан шаклланиб келган асл миллий ва диний қадриятларимизни аҳамияти нечоғлик муҳим эканини кўрсатиб бермоқда.
Зеро, эртанги фаровон ҳаёт жамиятни мукаммал ахлоқ тамойиллари асосида барпо қилиш, оилада баркамол фарзанд тарбияси, унинг жисмонан бақувват, руҳан тетик, маънан етук, ақлан ва ахлоқан гўзал бўлиб етиши билан белгиланади.
Буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг”Одоб дурдоналари” (Ал-Адаб ал-муфрад) китобида келтирилган муборак ҳадиси шарифда “Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу-одобдан буюкроқ мерос бера олмайди”, дейилади.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашув ўтказди, навқирон авлод вакилларининг фикр-мулоҳазалари, лойиҳаларини эшитди, уларнинг таклифлари бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган мазкур учрашувда глобаллашув шароитидаги хавф-хатарлар ва мафкуравий хуружлар ҳақида сўз борар экан, Президент маърифатпарвар бобомиз Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, деган сўзларини ёдга олди.
Бир кун аввал, 26 декабрь куни Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчилари билан суҳбатда: “Абдулла Қодирий ижод мактабида ўқиётган бу болалар янги Ўзбекистоннинг келажаги бунёдкорларидир. Барча умумтаълим мактаблари ушбу ўқув даргоҳидан маънавиятни, маърифатни ўрганиши лозим. Чунки бу ерда таҳсил олаётган болалар нафақат маънавиятли, балки ўз ватанини юракдан севувчи истеъдод эгалари. Биз ижод мактабларида ватанпарвар ёшларни тарбиялашни мақсад қилганмиз, – деган эди Президентимиз.
Мамлакатимиз аҳолисининг 31 фоизи, ёки 10 миллион нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.
Нима учун давлатимиз раҳбари айнан ёшлар масаласига алоҳида урғу бермоқда? Давлатимиз раҳбари нуфузли халқаро ташкилотлар минбарларидан туриб, жаҳон ҳамжамиятини ёш авлод турли бузғунчи ғоялар ва радикал гуруҳларга қўшилиб кетишининг олдини олишга чақирмоқда. Асосий эътиборни маърифатга, ёшларнинг маънавий ва ахлоқий тарбиясига қаратиш лозимлигини жонкуярлик билан таъкидламоқда. Бу бежиз эмас, албатта.
«Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди», дейди донишмандлар. Ёшлар тарбияси мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўймаслик лозим.
Ҳозирги кунда дунё миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кескин тус олмоқда. Глобал муаммолар – халқаро терроризм, экстремизм, муросасизлик, саводсизлик, жаҳолат, қашшоқлик, зўравонлик ғояси “вируси”, “оммавий маданият”, одам савдоси, қурол-яроғ ва наркотик моддалар контрабандаси, ноқонуний миграция каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзод асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодлар, қадриятларга путур етказмоқда.
Инсониятни ташвишга солаётган мана шундай оғриқли муаммоларни ҳал этиш юзасидан Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида берган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифи жаҳон афкор оммасида катта қизиқиш уйғотди. «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилиш ҳақидаги ташаббуси барча томонидан қўллаб-қувватланиб, 2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида қабул қилинди.
Ёш авлодни жисмонан ва руҳан соғлом, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб вояга етказишга кўмаклашиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Фахр билан айтиш жоизки, кўплаб ёшларимиз ўзларининг интеллектуал салоҳияти билан халқаро олимпиадалар, спорт мусобақалари, қолаверса, барча соҳаларда катта муваффақиятларга эришиб, юртимиз байроғини, Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб келаётганлиги барчамизни дилдан қувонтиради.
Лекин, ютуқларимиз билан бир қаторда, айрим ёшлар ўртасида зарарли одатларга ружу қўйиш ҳолатлари учраб турганлигини инкор қилиб бўлмайди. Ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, оила, мактаб ва таълим муассасаларида соғлом муҳитни шакллантириш масалаларига бугун барчамиз жиддий ёндашмоғимиз лозим.
Миллий ва диний қадриятларимизда фарзанд тарбиясидаги нозик жиҳатларга, айниқса, уни меҳнаткаш, ҳалол, меҳр-оқибатли, иродали ва мард инсон бўлиб етишишига алоҳида эътибор қаратилади.
Лекин афсуски, улар орасида енгил-елпи ҳаёт кечиришга мойил, эътиқоди суст, иродасиз болалар ҳам учраб туради. Бу тоифадаги инсонларни ғарбона ҳаёт тарзига қизиқмайди, турли шоу дастурлар, ажнабий руҳдаги кечалар улар тақдирини ўзгартирмайди, дея олмаймиз. Ҳозирда компьютер, интернет клублари, телевидение каби воситалардаги енгил-елпи, мазмунан саёз ва турли зарарли одатларни тарғиб этувчи фильмлар, ёшлар тарбиясига салбий таъсир қилувчи воситалар кўпайгани ҳеч биримизга сир эмас.
Атрофимизда содир бўлаётган ҳодисаларга хотиржамлик ва лоқайдлик билан эмас, балки ҳушёрлик билан қараш зарур. Юртбошимиз таъкидлаганларидек: “Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча – қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади”.
Жобир ибн Самурадан ривоят қилинган ҳадисда : “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирингизнинг боласига одоб бермоғи, ҳар куни ярим соъ (400 грам) миқдорида садақа қилиб тургандан афзалдир”, дедилар” (Термизий ривояти). Бундан равшан бўладики, фарзандга гўзал хулқ ва таълим-тарбия бериш мол-дунё сарфлаб, садақа қилишдан ҳам савоблироқдир.
Мазкур фикрлардан хулоса чиқарган ҳолда, ёшлар тарбиясига барчамиз масъулликни ҳис қилиб, жамиятимизга хос бўлмаган иллатларга қарши биргаликда курашишимиз лозим. Ёшлар – ҳар қандай жамиятнинг эртаси. Уларнинг онги учун вайронкор ҳамда маърифатпарвар ғоялар ўртасида кураш давом этаверади. Ушбу ғоявий курашда эса ўзининг эзгу амалий ҳаракатлари билан ёшларнинг ишончини оқлай олган томон ғолиб бўлади. Зеро, баркамол авлод ва юксак ахлоқли ватанпарвар ёшлар бугунимиз ва эртамизнинг ҳақиқий давомчиларидир.

Уйғун Ғафуров, 
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори

Check Also

Имом Бухорийнинг ислом тарихига оид нодир асари тақдимоти

Жорий йилнинг 27 март куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида буюк муҳаддис …