Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Моҳд Рашид бин Ҳаснон: Ўзбекистонда Малайзия университетлари факультетларини очишни режалаштирганмиз

Моҳд Рашид бин Ҳаснон: Ўзбекистонда Малайзия университетлари факультетларини очишни режалаштирганмиз

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш мақсадида мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Малайзия Парламенти Спикери ўринбосари Моҳд Рашид бин Ҳаснон ва Малайзия Парламенти Сенати аъзоси Моҳд Сухаими Бин Абдулла бошчилигидаги делегация аъзолари 21 декабрь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб, муассаса фаолияти билан яқиндан танишди.

Делегация аъзолари ташрифини Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади. Бу ерда муҳаддислар султони ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг меҳмонлар халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб, тадқиқотчилар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Ташриф доирасида Марказ илмий жамоаси иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда дастлаб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Шукрулло Умаров муассасанинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида амалга оширилаётган ишлар, эришилган ютуқлар тўғрисида маълумот берди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Малайзиядаги Исломий фанлар университети ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари тўғрисида сўзлади.

Малайзия Парламенти спикери ўринбосари Моҳд Рашид бин Ҳаснон Ўзбекистон билан Малайзия ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари, фан-таълим, маданият, туризм йўналишида олиб борилаётган ишлар тўғрисида гапириб, бу икки мамлакат учун ҳам манфаатли бўлаётганини эътироф этди.

Бу ишларни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида Малайзия университетлари факультетларини очиш бўйича мутасаддилар билан учрашувлар  ташкил этилаётгани ҳақида гапирди.

– Шунингдек, 2020 йилги режамизда Ҳаж ва умра амалларидан олдин малайзиялик мусулмонларни Ўзбекистонда бўлиб, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишини ташкил этиш бўйича юртингиздаги мутасаддилар билан муҳим келишувларни режалаштирганмиз, -деди Малайзия Парламенти спикери ўринбосари Моҳд Рашид бин Ҳаснон.

 Маълумот ўрнида айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Малайзиядаги турдош муассасалар ўртасидаги илмий ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда.

Хусусан, 2018 йилнинг июль ойида Марказ директори ўринбосари Ш. Умаров ва илмий тадқиқотчи Б.Амонов Малайзиянинг Нилай шаҳрида ташкил этилган  “Қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатларга бағишланган иккинчи халқаро илмий конференция”да иштирок этиб маъруза қилган бўлса, жорий йилнинг февраль ойида Малайзия Исломий фанлар университети доктори Муҳаммад Юсуф Халид, 29 ноябрь куни  эса Малайя университети доктори Муҳаммад Абдушукур Марказга ташриф буюриб, илмий жамоа билан яқиндан мулоқотда бўлган эди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …