Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳадис илми мактабида хорижлик малакали ўқитувчилар машғулот олиб боради

Ҳадис илми мактабида хорижлик малакали ўқитувчилар машғулот олиб боради

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби ташкил этилган.

Президентимизнинг жорий йилнинг 11 январь куни Ҳадис илми мактабига ташрифи асносида ушбу маскан фаолиятини янада самарали ташкил этиш мақсадида бир қанча топшириқлар берилди. Жумладан, нуфузли хорижий таълим муассасаларининг малакали мутахассисларини жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.

Ҳадис илми мактабига 12 декабрь куни дунёнинг нуфузли таълим муассасаси ҳисобланадиган Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университетидан 2 нафар юқори малакали ўқитувчи – Ҳадис ва унга доир илмлар бўйича Усулуд дин кафедраси мудири, фан доктори, профессор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон ва Араб тили факультети Балоғат ва мунозара илми кафедраси мудири, фан доктори, профессор Али Саъд Али Саъд ташриф буюрди.

Меҳмонлар дастлаб мактаб раҳбарияти ва ўқитувчилари билан учрашди. Уларга мактабни ташкил этишдан кўзланган мақсад, ўқув режасидаги фанлар, таълимда қўлланиладиган замонавий услублар ҳақида маълумот берилди.

Хорижлик устозлар Ҳадис илми мактаби ўқитувчи ва талабалари учун яратилган шароитларни кўздан кечирар экан, бу юрт ўз даврида барча фанларда бўлгани каби ислом илмларида ҳам марказ бўлганини таъкидллаб, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан алломаларнинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар натижасида ушбу даргоҳдан келажакда дунёни ларзага келдирадиган уламолар етишиб чиқишига ишонч билдирди. Бу хайрли жараёнга ҳисса қўшиш имконияти учун тангри таолога шукрлар айтди.

Мисрдан жалб қилинган олиймақом ўқитувчиларга барча қулайликларга эга хизмат уйларининг калитлари топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва
Ҳадис илми мактаби Матбуот хизмати

Check Also

Малайзия Исломни англаш институти (IKIM) вакиллари билан он-лайн мулоқот ташкил қилинди

Бугун Ўзбекистоннинг Куала Лумпурдаги элчихонаси иштирокида Малайзия Исломни англаш институти (IKIM) вакиллари ва Имом Бухорий …