Home / МАҚОЛАЛАР / МОТУРИДИЙЛИКНИНГ ҲАНАФИЙЛИК БИЛАН АЛОҚАСИ

МОТУРИДИЙЛИКНИНГ ҲАНАФИЙЛИК БИЛАН АЛОҚАСИ

Давоми

  1. Деярли барча ҳанафий уламолар ўз асарларида Имом Мотуридийни нафақат мақтаганлар, балки Имом Абу Ҳанифанинг қарашларини энг яхши билган ва тизимлаштириб ёйган аллома – Имом Мотуридий бўлган дея хулоса қилганлар.

Масалан, таниқли ҳанафий-мотуридий олимларидан бири Абул Муъин Насафий “Табсиратул адилла” асарида ҳанафий олимлари орасида Имом Абу Ҳанифанинг қарашларини яхши билган киши айнан Имом Мотуридий эканини[1], агар бу ўлкада ҳанафийликнинг ёйилиши учун бошқа бирор бир олим бўлмаганида, Имом Мотуридийнинг ўзи бунга кифоя қилиши мумкинлигини очиқ айтган[2].

Шунингдек, Насафий ўзининг “Ат-Тамҳид фи усулид дин” асарида буни таъкидлаб: “Имом Абу Мансур Мотуридий, усулда ва фуруъда Абу Ҳанифага энг яқин одамлардан бири эди”[3], деб келтиради.

Нажмиддин Умар Насафий (537/1142), Имом Мотуридий ҳақида: “Икки фирқа раҳбари, имом, фозил, вараъ соҳиби, муфтий, ўз фикрларини яхши ифода этиб, ҳимоя қилган, Дорул Жузжонияда дарс берган буюк муҳаддис, фиқҳ ва назар (мунозара) фанларни чуқур ўзлаштирган олимдир”[4], дея юксак мақтовли сўзлар билан шарафлаган.

Нуриддин Собуний эса ўзининг “Ал-Бидоя фи усулид-дин” китобида Имом Мотуридийни “Буюк Имом Абу Мансур Мотуридий”[5] ва “Ҳидоят раҳбари, Аҳли сунна вал жамоанинг раиси – Абу Мансур байязаллаҳу ғурратаҳу[6] (Аллоҳ унинг юзини ёруғ қилсин)” деб таърифлаган.

Ҳофизиддин Насафий эса, “Шарҳул мунтахаб фи усулил мазҳаб” асарида Имом Мотуридий шарафига “Самарқанд уламоларининг раиси, Шайхул Имом”[7] унвонини ишлатган.

Бошқа томондан, Усул, Фиқҳ ва Калом соҳасидаги машҳур ҳанафий олими Ибн Ҳумом (861/1457) ҳам ўзининг “Ал-Мусаяра” номли китобида “Устоз Абу Мансур ва Самарқанд уламоси”[8] иборасини қўллаган. Ибн Ҳумомнинг Имом Мотуридийни “устоз” деб аташи ва унинг ҳанафийликка энг содиқ бўлган самарқандлик уламолар орасида танитгани ҳам мотуридийлик ва ҳанафийлик ўртасидаги боғлиқликнинг ёрқин ифодасидир.

Имом Мотуридийнинг фиқҳ усулини янгидан тиклагани ҳақида изланиш олиб борган турк олими Шукру Ўзеннинг хулосаларига кўра, ҳанафий мазҳабидаги кўплаб фақиҳлар Имом Мотуридийнинг фиқҳий қарашларини жорий қилишган. Унинг фикрига кўра, Имом Мотуридийдан иқтибос келтирган ҳанафий фақиҳлари қуйидагилар:[9]

Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар Даббусий (430/1039), Фахрул ислом Абул Йуср Али ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн Паздавий (482/1089), Шамсулаимма Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Саҳл Сарахсий (483/1090), Ибн Моза Садруш Шаҳид Ҳусомиддин Умар ибн Абдулазиз ибн Бухорий (536/1141), Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий (539/1144), Абул Ҳасан Марғиноний (793/1197), Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд Косоний (587/1191) ва Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Умар Аттобий Бухорий (586/1190).

Айтиш мумкинки, келтирилган маълумотларнинг барчаси Имом Мотуридий Абу Ҳанифанинг эътиқодий қарашларини жуда яхши билгани ва бу минтақада ҳанафийликнинг тарқалишида муҳим ҳисса қўшганини яққол тасдиқлайди.

  1. Имом Мотуридий ва Имом Абу Ҳанифа орасидаги ҳамда мотуридийлик билан ҳанафийлик ўртасидаги муносабатлар булардан бошқа айрим манбаларда ҳам қайд қилинган.

Шофиъий-Ашъарий олими Тожиддин Субукий ўзининг (771/1370) “Табақотуш шофиъийятил кубро” ва “Сайфул машҳур” асарларида Имом Мотуридий номини зикр қилишда, унинг Ҳанафий мазҳабида бўлганини таъкидлаган[10]. Ибн Таймия (728/1328) эса, “Даръу таъарузил ақл ван нақл” ва “Китобул иймон” асарларида Имом Мотуридийни Абу Ҳанифанинг издоши, дея таърифлаган[11].

Ҳанафийлик ва мотуридийлик ўртасидаги яқин алоқани Салжуқий тарихчиларидан бири – Ибн Жавзий ҳам таъкидлайди. Ибн Жавзийнинг “Ал-Мунтазам” асарида келтирилган маълумотга кўра, 538/1144 йилда ҳанафий фақиҳи Ҳасан ибн Абу Бакр Нишопурий Султон Масъуд билан бирга Бағдодга бориб, минбарда Ашъарийга нисбатан очиқчасига таъна қилган ва  у ердагиларга хитоб қилиб, шундай деган: “Шофиъий бўл, Ашъарий бўлма! Ҳанафий бўл, мўътазилий бўлма! Ҳанбалий бўл, мушаббиҳалардан бўлма!”[12]

Мазкур хитобдан олимнинг нисбаси “ан-Нишопурий” бўлганлиги ва “Ҳанафий бўл, Мўътазилий бўлма!” ифодасидан Ҳасан Нишопурийнинг мўътазилийга мухолиф бўлган Хуросонли бир ҳанафий олими тушунилади. Абул Муъин Насафийнинг Хуросон ва Мовароуннаҳрда муътазилийлик фикрига эга бўлмаган ҳанафийларнинг Имом Мотуридий раислик қилган Самарқанд уламолари билан айни фикрда бўлганига доир бу фикри, Ҳасан ибн Абу Бакрнинг ҳанафий-мотуридий тарафдори бўлганига ишорадир[13]. Шу муносабат билан, Ҳасан Нишопурийнинг юқорида келтирилган “Ҳанафий бўл, мўътазилий бўлма сўзини “Ҳанафий-мотуридий бўл, Ҳанафий-мўътазилий бўлма” шаклида тушунишимиз мумкин.

Машҳур тарихчилардан бири Ибн Касирга кўра, салжуқийлар Аҳли сунна ва жамоа[14]га, Ҳусайнийга кўра эса, улар ҳанафий мазҳаби[15]га эътиқод қилганлар. Бошқа бир ислом тарихчиси Бартольднинг сўзларига кўра, салжуқийлар, “Сомонийлар давлатининг ҳукмрон мазҳаби бўлган ва у ердаги турклар томонидан қабул қилинган Ҳанафий мазҳабининг ҳимоячилари эдилар… Салжуқнинг авлодлари Қорахонийларга қараганда исломнинг ва Аҳли сунна вал жамоанинг кучли ҳимоячилари бўлишган”[16].

Ҳанафий-мотуридийнинг барча таниқли олимлари, масалан, Абул Йуср Паздавий (493/1099), Абул Муъин Насафий (508/1114), Умар Насафий (537/1142), Алоуддин Самарқандий (539/1144) ва Нуриддин Собуний (580/1184)лар Салжуқийлар даврида яшаб ижод қилишган ва фиқҳда Имом Абу Ҳанифанинг, эътиқодда эса Имом Мотуридийнинг қарашларини ёқлаб, кенг ёйилишига катта хизмат қилишган[17].

  1. Мотуридийлик ва ҳанафийлик ўртасидаги яқинлик (боғлиқлик) ҳозирги замон тадқиқотчилари томонидан ҳам эътироф этилади. Вилферд Маделунг, Ульрих Рудольф, Карл Броккельман, Измирлик Исмоил Ҳаққий, Монтгомери Уотт, Этҳем Руҳи Фиғлалий ва Сонмаз Қутлу каби замон тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, мотуридийлик ва ҳанафийлик бир-бирига чамбарчас боғлиқ ҳолда тарқалган[18].

9. Имом Мотуридий яшаган даврда Самарқанд дунёнинг етакчи илмий ва маданий марказларидан бири бўлган. Дарҳақиқат, Умар Насафий “Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” асарида маҳаллий халқдан ташқари, Балх, Бухоро, Насаф, Нишопур, ҳатто Бағдод каби олис шаҳарлардан ҳам кўпгина талабаларнинг илм талабида Самарқандга келишганини таъкидлаган[19]. Бундан маълум бўладики, илм талабида Самарқандга келганларнинг бир қисми шу ерда қолиб, илмий фаолиятларини давом эттиришган, баъзилари эса ўқиганларидан кейин ўз ватанларига ёки бошқа шаҳарларга кетиб, у ерда ҳам ҳанафий-мотуридийлик маданиятини кенг ёйишган. Шу сабабли, Имом Мотуридий таълимотининг тарқалишида Самарқандда таҳсил олган ҳанафий олимларининг ҳиссаси беқиёс бўлган.

Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Нашрлар бўлими бошлиғи
[1] Насафий, Табсиратул адилла, I/162.
[2] Насафий, Табсиратул адилла, I/358.
[3] Абул Муъин ан-Насафий (508/1114), Ат-тамҳид фи усулид дин, Ношир Абдулҳай Қобил. Қоҳира 1407/1987, 16 vd.
[4] Насафий, Ал-Қанд, 143.
[5] Нуриддин Аҳмад Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Абу Бакр ас-Собуний (580/1184), Ал-Бидоя фи усулид дин. Bekir Topaloğlu таҳқиқи. Ankara 1982, 39, 54, 62, 71, 86, 88.
[6] Собуний, Ал-Бидоя, 34.
[7] Ҳофизуддин Абул Баракот Аҳмад ибн Маҳмуд ан-Насафий, Шарҳул Мунтахаб. Sâlim Öğüt таҳқиқи. Қоҳира 1988, 80, 393.
[8] Ибнул Ҳумам Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ас-Сивасий (861/1457), Китабул Мусаяра. Истанбул 1979, 180.
[9] Şükrü Özen, İmam Mâturîdî’nin Fıkıh Usûlünü Yeniden İnşası, İstanbul 1997, 33-34.
[10] Субукий Тожуддин Абу Наср Абдулваҳҳоб ибн Али ибн Абдулкофий (771/1369), Табақотуш шофиъийятил кубро. Ношир Маҳмуд Муҳаммад ат-Танаҳий Абдулфаттоҳ ал-Ҳулв, Қоҳира 1385/1965, III/384.
[11] Ибн Таймия, Тақиюддин Аҳмад ибн Абдулҳалим (728/1328), Даръу таъарузил ақл ван нақл. Ношир Муҳаммад Рашод Салим . Риёд 1979, II/245; Ибн Таймия, Тақиюддин Аҳмад ибн Абдулҳалим (728/1328), Китобул иймон. Ношир Ҳусайн Юсуф ал-Ғаззол, Байрут 1406/1986, 372–373.
[12] Ибнул Жавзий, Абул Фараж Абдурраҳмон ибн Али ибн Муҳаммад (597/1200), Ал-Мунтазам фи Тарихид мулук вал умам. Süheyl Zekkâr таҳқиқи, Байрут 1415/1995, X/344.
[13] Özen, Mâturîdî’nin Fıkıh Usûlünü Yeniden İnşası, 192.
[14] Ибн Касир, Исмоил ибн Умар Имодуддин Абул Фидо (774/1373), Ал-Бидоя ван ниҳоя. Байрут 1990. XII/69; Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Азимий. Azîmî Tarihi Selçuklularla İlgili Bölümler. Ношир Ali Sevim, Ankara 1988, 13.
[15] Садруддин Абул Ҳасан Али ибн Носир ал-Ҳусайний (590/1194), Ахборуд давлатис Салжуқия. Necati Lügal таржимаси. Ankara 1943, 2.
[16] В.В. Бартольд. Ўрта Осиё турк тарихи дарслари, Ношир Ҳусайн Дағ, Ankara 2004, 98.
[17] Батафсил маълумот учун қаранг: Ak, Ahmet, Selçuklular Döneminne Mâturîdîlik, Ankara, 2009, 130-176.
[18] Madelung, “Mâturîdîliğin Yayılışı ve Türkler”, 319; Rudolp, al-Maturîdî und Die Sünnitische Theologie in Semerkand, 161; Kutlu, “Bilinen ve Bilinmeyen Yönle-riyle Mâturîdî”, 21, 22; Ulrich Rudolp, “Mâturîdîliğin Ortaya Çıkışı,” çev., Ali De-re, İmam Mâturîdî ve Mâturîdîlik, Ankara 2003, 302, 303; Özen, Mâturîdî’nin Fıkıh Usûlünü Yeniden İnşası, 70; Watt, İslâmî Tetkikler İslâm Felsefesi ve Kelâmı, 77; İzmirli İsmail Hakkı, Yeni İlmi Kelâm, nşr., Sabri Hizmetli, Ankara 1981, 67.
[19] Самарқандга Бухородан келган баъзи кишилар учун қаранг: Умар Насафий, Ал-Қанд, Риёд 1991, 178, 242, 259, Балхдан келганлар учун қаранг: 143, 175, Насафдан келганлар учун қаранг: 145, 146, 155, 160, 162, 163, 166, Бағдоддан келганлар учун қаранг: 212, 243, Нишопурдан келганлар учун қаранг: 154, 177, 190, 213, 280.

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …