Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш барча мақомдаги фуқароларнинг бурчидир

Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш барча мақомдаги фуқароларнинг бурчидир

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Аҳмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов 12 декабрь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб, раҳбарият ва тадқиқотчилар билан суҳбатлашди.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ўзбекистонда сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида барча йўналишлар қатори диний-маърифий соҳада ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

– Фуқароларнинг бу борадаги орзу-истакларини рўёбга чиқариш, соҳани малакали кадрлар билан тўлдириш, мутафаккир ва алломаларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш масалаларига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилаётгани, шу мақсадда қатор вилоятларда илмий-тадқиқот марказлари, мадраса ва диний таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси юртимиздаги тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш, маҳалла ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, адашганларни тўғри йўлга бошлаш ва жамиятнинг фаол аъзоларига айлантириш каби мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – деди А.Аҳмедов.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов мамлакатимизда миллий урф-одат ва қадриятларимизни тиклаш, муқаддас динимизни, азиз авлиё ва уламоларимизнинг бой меросини теран ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлаш йўлида беқиёс ишлар амалга оширилаётгани, айниқса сўнгги йилларда уларнинг кўлами кенгайганини таъкидлади. Ислоҳотлар жараёнида нафақат мутасаддилар ва илмий доиралар вакиллари, балки барча фуқаролар баҳамжиҳат ҳаракат қилиши лозимлиги, Марказ томонидан ўтказилаётган тарғибот тадбирларида бу ҳақда фуқароларга кенгроқ маълумот бериш кераклигини қайд этди.

Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда эътиқод эркинлигини таъминлаш, муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик тамойилларини очиб беришга хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Меҳмонлар Ҳадис илми мактабида ҳам бўлиб, талабалар билан суҳбатлашди. Уларнинг мактабда яратилган имконият ва шароитлардан унумли фойдаланиб, келажакда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшадиган кадрлар бўлиб етишишига тилак билдирилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …