Home / МАҚОЛАЛАР / “Тафсирут Табарий” асари

“Тафсирут Табарий” асари

Қуръони карим тафсирлари ичида энг мўътабарларидан бири, шубҳасиз, Абу Жафар Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг “Жамеъул баян ан таъвили ааил Қуръан” (Қуръон оятлари мажмуавий изоҳларининг баёни) тафсиридир. Бу асар аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг энг катта ва эътиборли тафсирларидан бири ҳисобланади.

Тафсир муаллифи Имом Табарий Эрон мамлакати ҳудудидаги Табаристон вилоятида ҳижрий 224 (милодий 839 йил) йилда туғилган. Ота-онаси унинг кичиклик вақтидан илм ўрганишига катта эътибор қаратишган. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди: “Етти ёшимда Қуръонни ёдлаб бўлдим. Саккиз ёшимда инсонлар билан бирга намоз ўқий бошладим. Тўққиз ёшимда ҳадис ёзар эдим. Отам уйқусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида турганимни кўрибди. Мен билан бирга тош тўлдирилган тўрвахалта бор экан. У зотнинг олдиларида туриб, тошни отар эмишман. Туш таъбир қилувчилар бу ҳақда агар бола катта бўлса, динда насиҳат қилувчи, шариат ҳимоячиси бўлади, дейишибди. Шундан кейин отам илм олишимга қаттиқ киришди. У вақтда кичик гўдак эдим”.

Ёшлигидан илмга ошно бўлган олим ўн икки ёшида илм талаби билан Миср, Шом, Ироқ диёрларида бўлади. Сўнг Бағдодда қолиб, таълим олади ва умрининг охиригача шу ерда яшаб, илм тарқатади.

Имом Табарий ўз даврининг энг етук олимларидан ва тенгсиз илм соҳиби бўлган. У тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва бир қанча илмларнинг билимдони эди. 

Олимнинг энг машҳур китоблари қуйидагилар:

  1. Тарихут Табарий. Бу асарда Одам алайҳиссаломдан муфассир яшаган асргача бўлган тарих иснодлари билан келтирилган.
  2. “Таҳзибул асар тафсилил маъониссабит ан Расулуллоҳ минал ахбор” (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган тўғри хабарлар маъноларининг батафсил баёни). Муаллиф бу китобни тугатолмай вафот этган.
  3. “Ихтилофул фуқаҳо” (Фақиҳларда фиқҳ масалаларининг хилма-хиллиги) – уч минг саҳифадан иборат бўлиб, унда фиқҳ масалалари кенг баён қилинган.
  4. “Ихтиёр мин ақволил фуқаҳо” (Фақиҳларнинг сўзларидан танлаб олинганлари).
  5. “Адабун нуфусил жаййида вал ахлоқун нафиса” (Гўзал ахлоқ ва яхши нафснинг одоблари).
  6. “Адабул қузот” (Қозиларнинг одоби) – минг саҳифадан иборат бўлиб, қозилик қонун қоидалари ва қозилар одобига бағишланган.
  7. “Адабул маносик” (Ҳаж одоблари) – ҳаж қилиш тартиб-қоидалари ва одобларига бағишланган.
  8. “Бастил қовл фи аҳкамиш шариъатил ислом” (Ислом шариъати ҳукмлариниг қисқача баёни)
  9. “Аттафсир фи маъолимид дин” (Дин белгиларининг шарҳи) – бу китоб ақида тўғрисида бўлиб, унда мўътазила мазҳаби нотўғри йўлда эканлиги исботлаб берилган.

Олимнинг ёзган асарлари ичидаги гул тожиси, шубҳасиз, “Жамеъул баян ан таъвили ааил Қуръан” тафсиридир. “Тафсири Табарий” номи билан машҳур бўлган бу тафсир ҳижрий 283-290 (милодий 896-903 йиллар) йиллар оралиғида ёзилган. Имом Табарий тафсири ҳақида қуйидагиларни айтган:

“Кичиклигимда ички овозим шу тафсирни ёзишга мени илҳомлантирди. Бу воқеа тафсир ёзишга киришишимдан уч йил олдин бўлган. Кейин Аллоҳдан тафсир китобини ёзишга мадад сўрадим ва менга ёрдам берди”.

Табарийнинг ўзига инъом этилган илмларга таяниб жуда катта ҳажмдаги тафсир ёзишга имконияти етарли эди. Бу ҳақда дўстларига ўттиз минг саҳифали тафсир ёзиш ниятида эканини айтганида, улар китоб тугашдан олдин умрлар тугаб кетадику, деганлар. Яъни уни ўқишга умр етмайдику, деб қисқароқ қилиш таклифини берганлар. Шундан кейин муфассир асарни уч минг варақ қилиб қисқартирган. Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Муҳаммад Табарий Бағдодда ушбу тафсирнинг тўрт минг варақли нусхасини кўргани ҳақида маълумот қолдирган.

Тафсир ҳақида уламолар томонидан кўплаб мақтовлар, эътирофлар айтилган. Имом Абу Ҳамид Аҳмад ибн Муҳаммад айтади: “Агар кимдир Ибн Жарирнинг тафсиридан илм олиш учун Хитойга борса, бу унинг учун кўп меҳнат эмас”. Имом Абу Бакр ибн Ҳузайма эса: “Ибн Жарирнинг тафсирини бошидан то охиригача ўқиб чиқдим. Билдимки, Ер юзида ундан олимроқ одам йўқ”, деган.

Табарий тафсир қилишда ҳадислар ва улардан келиб чиқадиган илмлар ўртасини жамлаган. Оятларни тафсир қилишни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва тобиъийнлардан қилинган ривоятларни келтириш билан бошлаган. Уларнинг санади изчиллигига жиддий эътибор қаратган. Бир оятнинг лўнда маъносини айтгач, сўнгидан унинг таъвили ҳақидаги оят ва ҳадисларни келтирган. Кейин эса оят ҳақидаги уламоларнинг сўзларини келтириб, ривоятлар, луғат ва грамматик қоидалар воситасида уларнинг қайси бири кучлироқ эканини асослаган. Ҳеч бир ўринда ўз фикридан келиб чиқиб таъвил қилмаган. Қуйида Табарийнинг тафсир услубидан бир нечта нуқталарни келтириб ўтамиз:

– “маъсур”[1] услубида тафсир қилиш. Бу услуб ушбу тафсирнинг энг эътиборли ва қадрини оширувчи жиҳатидир. Табарий оятни тафсир қилишда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва тобиъийнлардан қилинган ривоятларни келтириш билан бошлаган. Ўзи келтирган ривоятларга тескари маънони англатувчи аҳдисларни топса, улар солиштириб, ўзи келтирган далилнинг асосли эканини исботлаган.

– луғат билан тафсир қилиш. Оятларни таъвил қилишда, араб тили луғати маъноларидан кенг фойдаланган. Битта сўзнинг араб халқлари ичидаги маъноларини чуқур ўрганиб чиқиб, энг тўғриси асосида оятларни таъвил қилган.

– араб тили грамматикасига бўлган эътибор. Тафсирда грамматик қоидаларига диққат қаратган. Оятларни таъвил қилишда сўзларнинг эъроб кўринишларига ҳам таянган.

– оятлар маъносини ёритишда шеърлардан фойдаланиш. Табарий оятлар маъноларини равшанлаштириш учун араб шеърларидан фойдаланган. Бу ишда буюк саҳобий, Қуръон таржимони Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумога эргашган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу ҳақда: “Сизлардан бирингиз Қуръон ўқиб, тафсири қандай бўлишини билмаса, уни шеърдан ахтарсин”, деганлар.

Бундан ташқари, қироатлар орасини таққослаш, фиқҳий масалаларда ижтиҳод қилиш, исроилиётларга[2] мурожаатлар ҳам тафсирнинг ўзига хос жиҳатларидан биридир.

Хулоса қилиб айтганда, “Тафсирут Табарий” асари тафсир илмлари ичида энг мўътабар тафсирлардан бўлиб, уни ўрганиш бугунги кун тадқиқотчилари учун ўта аҳамиятлидир.

У.Муҳаммадиев
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари
[1] Тафсири маъсур деганда, бирор оятнинг маъносини бошқа оят ёки Пайғамбар  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан, саҳобий ёки тобиийдан нақл қилинган сўз билан баён этишни тушунилади.
[2] Исроилиёт- бу Қуръони каримда келган ҳукмлар ва қиссаларнинг тафсирлари ва ривоятлари мажмуасидир. Уларнинг қаҳрамонлари Қуръони каримда номлари зикр қилинган аввалги даврда яшаб ўтган шахслардир.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …