Home / МАҚОЛАЛАР / Билим ва заковат ила мақсад сари

Билим ва заковат ила мақсад сари

Эзгу тараққиёт сари қадам ташлаётган жамиятимизда илм-фан ривожи йўлида кенг шароитлар яратиб берилмоқда. Таълим тизими ва кадрлар тайёрлаш соҳасида ўз қадриятларимизга таянган ҳолда, ривожланган давлатларда синовидан ўтган услублар таълимда кенг жорий этилмоқда. Ўзбекистон таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳозирда жаҳонда ҳам катта эътибор билан эътироф этилмоқда. Албатта, ҳар бир давлатнинг келажаги бу илмли, интелектуал салоҳиятли ёшлари билан ўлчанади. Шарқ мутаффакирларидан Юсуф Хос Ҳожиб ўз асарларида:

Зеҳн бирла ўқ иш, билим бирла бил,
Кунинг бахтли бўлсин ўтиб ой ва йил
Заковат била эр муродга етар,
Билим ол, заковат билан ишни қил[1]

-деб насиҳат берганлар.

Самарқанд oлий ўқув даргоҳи ҳисобланган Мирзо Улуғбек мадрасаси ички пештоқида: “Илм фоний бўлмайдиган хазинадир”[2]-деб илмга даъват этилган ёзув битилган. Шунингдек: “Илмни ёзиш билан боғланг”[3] –деб алоҳида кўрсатма ҳам ёзиб қўйилганки, бундан ҳар бир илм ўрганаётган шахс ўзига хулоса чиқариши лозим.

Юсуф Хос Ҳожиб билим билан бирга ҳунар эгаллаш лозимлигини алоҳида кўрсатиб:

Билим ҳам ҳунар ол, қадрла уни,
Билим-ла ҳунар ҳам қадрлар сени,
Заковат, билим изла, юрма бекор,
Кези келса нафи тегар бир куни[4]

-деб касб-ҳунар ўрганишга даъват этганлар.

Баркамол авлод ва салоҳиятли кадрлар тайёрлаш учун илм ва ҳунар олиш учун мактабларда кенг шарт- шароит яратиб берилмоқда. Албатта, ҳеч ким дунёда доно бўлиб туғилмайди, унга изланиб эришилади. Зеро:

Туға доно бўлмас, киши ўрганур,
Бурун сўзламас тилда сўз сўзланур,
Киши ўрганиб, сўнгра доно бўлур,
Билим билса, сўнгра ҳама иш унур[5]

Шахснинг тарбия ўчоғи дастлаб оила ва маҳалла эканлиги азалдан бизга маълум. Аммо ҳозирда ёшларнинг асосий қатлами мактабгача таълим муассасалари ҳамда ўрта мактабларда кўпроқ вақтларини ўтказмоқдалар. Билимли кадрларни тайёрлашда албатта замонавий техника ва технологияларни таълим тизимида жорий этмасдан туриб муваффақиятга эришиб бўлмайди. Таълимда янги услуб ва методларнинг қўлланилиши дарс самарадорлигини, ўқувчи-ёшлар қизиқиш ва ишончини оширади. Бу ҳол дарс давомида ўқувчининг зерикмасдан билим олишига имкон беради. “Илм ўрганиш-ҳар бир муслимга фарз”[6] деб билган боболаримиз ўгитлари ҳозирда ҳам таълим-тарбия соҳасида алоҳида эътиборга эга. Маънавий меросимизда алоҳида аҳамиятга эга: “Илм-дунёда иззат ва охиратда шараф келтиради”[7]-деган ўгит барчани билимли ва маърифатли бўлишга ундайди.

Хулоса қилиб шуни айтмоқчимизки, амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим ривожи учун қабул қилинаётган дастур ва қарорлар албатта келажагимиз пойдевори бўлиб хизмат қилади. Интелектуал салоҳиятга эга илм-маърифатли шахс ҳеч қачон ўзлигини йўқотмайди ва келажакда мустаҳкам пойдеворли жамият яратишига ишонамиз.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими
Сухроб Эргашев
19- умумий ўрта таълим мактаби инглиз тили ўқитувчиси:
Нилуфар Қаюмова
[1] Юсуф Хос Ҳожиб “қутадғу билиг” T-1971 йил. ziyouz. com кутубхонаси. 67-бет
[2] Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар”/албом/  “Самарқанд Регистон меъморий мажмуаси ” T-2011 йил 39-бет
[3] Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар”/албом/  “Самарқанд Регистон меъморий мажмуаси ” T-2011 йил 72- бет
[4] Юсуф Хос Ҳожиб “қутадғу билиг” T-1971 йил. ziyouz. com кутубхонаси. 75- бет
[5] Юсуф Хос Ҳожиб “қутадғу билиг” T-1971 йил. ziyouz. com кутубхонаси. 93- бет
[6] “ Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар”/албом/  “Самарқанд Регистон меъморий мажмуаси ” T-2011 йил 85-бет
[7] Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар”/албом/  “Самарқанд Регистон меъморий мажмуаси ” T-2011 йил  94- бет

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …