Home / МАҚОЛАЛАР / Шафоат ва унинг турлари

Шафоат ва унинг турлари

Бизларни Ўзининг Ҳабибига уммат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Шафоатларидан умидвор бўладиганимиз Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис саломга салавотлар бўлсин.

Қуйида дуоларда ҳаммамиз сўрайдиганимиз шафоат ва унинг турлари ҳақида бироз тўхталиб ўтамиз. Шафоат нима, кимлар шафоат қилади, кимлар шафоат қилинади каби саволларга имкон қадар жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Аввало шафоат ақида масаласи эканлигини таъкидлаб ўтиш керак. Уни ишлатиб ҳазил қилиш, ножоиз гапларни айтиш мумкин эмас.

Имом Таҳовийнинг “ал-Ақида ат-Таҳовийя” рисоласида “хабарларда ривоят қилинганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматлари учун сақлаб қўйган шафоатлари ҳам ҳақдир”, дейилган.

Шафоат сўзи луғатда “жуфт қилмоқ”, “ҳимоя қилмоқ” ва “тарафини олмоқ”, истилоҳда эса “биров учун ўзгадан яхшилик сўраш” маъноларини билдиради.

Аллома Ибн Абу Изз ал-Ҳанафийнинг “Шарҳ ал-Ақида ат-Таҳовийя” китобида қуйидагилар келтирилган:

Шафоатнинг бир қанча турлари мавжуд бўлиб, уларга аҳли сунна ва жамоа уламолари иттифоқ қилган ва муътазила ва бошқа аҳли бидъат ихтилоф қилганлари ҳам бор. Дастлаб Пайғамбаримиз алайҳис салом ва шафоат қилинувчига хос бўлган шафоатлар хусусида тўхталамиз.

  1. Буюк шафоат. Бошқа Пайғамбар алайҳис саломлар орасидан фақат Пайғамбаримиз алайҳис саломга хос бўлган шафоат.
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг савоблари ва гуноҳлари тенг келиб қолган умматларини жаннатга киришлари учун шафоат қилишлари.
  3. Дўзахга амр қилинганларни унга кирмасликлари учун қиладиган шафоатлари.
  4. Жаннатга тушганларнинг даражаларини кўтариш учун қиладиган шафоатлари. Муътазилалар шафоатнинг фақатгина шу турини тасдиқ қилиб қолганларини инкор қилади, ваҳоланки, бошқа шафоатлар борасидаги ҳадислар мутавотир даражасига етган.
  5. Баъзиларнинг жаннатга ҳисоб-китобсиз кириши учун қиладиган шафоатлари. Бунга далил қилиб Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Уккоша ибн Миҳсандан ривоят қилган ҳадис келтирилган. Пайғамбаримиз алайҳис салом Уккошанинг ҳақларига дуо қилганда у кишининг жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг киши орасида бўлишини сўраганлар.
  6. Дўзахга тушганларнинг азобини енгиллатиш учун қиладиган шафоатлари. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида амакилари Абу Толиб зикр қилинганида у зотнинг: “Шоядки, қиёмат кунида менинг шафоатим унга наф берса, у оловнинг чуқур бўлмаган, икки тўпиғигагина етиб турадиган саёз жойига қўйилади. Ўша жой сабали бош миясининг пардаси қайнаб туради”, деганларини эшитган”. Бухорий ривояти.[1]
  7. Барча мўминларнинг жаннатга киришлари учун изн берадиган шафоатлари. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен жаннатга кириш борасида биринчи шафоатчиман” дедилар. Муслим ривояти.
  8. Дўзахга тушган умматларидан катта гуноҳ қилганларини шафоат қилади ва улар шу билан дўзахдан чиқадилар. Шафоатнинг бу турига оид ҳадислар ҳам мутавотир даражасида.[2]

Ушбу саккиз тур Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва шафоат қилинувчига нисбатандир.

Энди шафоатчига қараб ҳам шафоат саккиз турли бўлади:

  1. Анбиё алайҳиссаломларнинг умматларига шафоати.
  2. Фаришталарнинг гуноҳкорларга шафоати.
  3. Кичик болаларнинг ота-онасига шафоати.
  4. Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлганнинг ўз аҳлидан етмиш кишига шафоати.
  5. Қуръонни ёд олган кишининг аҳли байтига шафоати.
  6. Мўминларнинг бир-бирлари ҳақидаги шафоати.
  7. Қуръони Каримнинг ўз қорисига шафоати.
  8. Рўзанинг рўзадорга шафоати.[3]

Шафоат қилиш изни берилганлар ҳам ўзи хоҳлаган кишисини шафоат қила олмайди. Зеро, шафоат шартларидан бири – Аллоҳ таолонинг шафоат қилувчидан рози эканлиги ва унга изн бериши бўлса, иккинчиси – шафоат қилинучининг тавҳид аҳлидан бўлиши ва ундан ҳам Аллоҳ таолонинг рози бўлишидир. Шу сабаб Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг шафоатларидан умидвор бўладиган бўлсак, у кишининг суннатларига эргашишда собитқадам бўлишимиз керак.

Аллоҳ барчамизни Ўзининг ҳидоят йўлида мустақимлардан қилсин ва Ҳабибимиз алайҳис салом шафоатларига лойиқ умматларидан бўлишимизга ёрдам берсин.

Баҳодир Мирзаев
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими мутахассиси
[1] Абдулқодир Абдур Раҳим. Эътиқод дурдоналари. –Т.: HILOL-NASHR. 2017.
[2] ابن ابو العزالحنفي. شرح العقيدة الطحاوية. بيروت. دارالسلام.٢٠٠٤ ٢٢٩٠–٢٣٣
[3] Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Ақийдатут-таҳовия шарҳининг талхийси. Араб тилидан таржимон Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. –Т.: HILOL-NASHR. 2015. –Б. 173.

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …