Home / ҲАДИС / Ҳадя бериш эшиги яқин қўшнидан бошланади

Ҳадя бериш эшиги яқин қўшнидан бошланади

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا، قَالَتْ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللَّهِ، إِنَّ لِي جَارَيْنِ فَإِلَى أَيِّهِمَا أُهْدِي؟ «قَالَ: إِلَى أَقْرَبِهِمَا مِنْكِ بَابًا».[1]

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ, менинг иккита қўшним бор, уларнинг қайси бирига ҳадя берай?” – деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икковидан сенга эшиги яқинроқ бўлганига”, – дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳо – Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қизи ва умму-л-мўъминийн – мўминлар онаси. У киши тахминан 613 йил Маккада таваллуд топган. Ҳижратдан аввал Хадижа бинт Хувайлид вафотидан кейин Маккада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққан. Оиша розияллоҳу анҳо бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаганлиги сабабли энг кўп ҳадис ривоят қилган аёл саҳоба ҳисобланади. Оиша розияллоҳу анҳо тахминан 2210 та ҳадис ривоят қилиб, ҳадис ривоят қилиш бўйича саҳобалар орасида тўртинчи ўринда туради. Саҳобалар ҳам оилавий ва эр-хотин муносабатларга доир баъзи бир мураккаб масалаларни Оиша розияллоҳу анҳодан сўраб билиб олганлар. Ҳатто, Оиша розияллоҳу анҳо Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумларнинг халифалик даврларида ҳам баъзи масалаларда фатволар берган. Оиша розияллоҳу анҳо 686 йил 13 июлда тахминан 73 ёшида вафот этган. Жанозасини Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўқиган. Мадинадаги Бақийъ қабристонига дафн қилинган.

Ҳадиснинг умумий маъноси: Ҳар бир жамият ичра меҳр-оқибат ва ўзаро муносабатларни мустаҳкамлайдиган амаллардан бири ўша жамиятда истиқомат қилаётган  аҳоли бир-бирларига ҳадялар улашмоғидир. Бу амал шариатимизда ҳам кенг тарғиб қилинган севимли ишлардан бири бўлиб, халқ орасида аҳамиятга моликдир. Бу амални янада камолига етказиб адо этмоқлик ўз соҳибига савобни бисёр қилувчи омиллардандир.

Умму-л-мўъминийн – мўминларнинг онаси бўлган Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ, менинг иккита қўшним бор, уларнинг қайси бирига ҳадя берай?” – деб сўради.

Кишилар ўртасида бўладиган ўзаро муомала маданиятига доир масалаларда тушунмовчилик пайдо бўлган вақтда биладиган кишидан сўраб ўрганиб, уни амалга ошириш энг яхши амаллардан бири ҳисобланади. Шунга кўра Оиша розияллоҳу анҳо ҳам қўшнисига ҳадя бермоқчи бўлганида қайси бир қўшнисига беришни билмай қолган вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “менинг иккита қўшним бор, уларнинг қайси бирига ҳадя берай?” – деб сўради.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икковидан сенга эшиги яқинроқ бўлганига”, – дедилар.

Қўни-қўшниларга яхшилик қилиш ва ҳадя беришда эшиги яқинроқ бўлган қўшнидан бошлаш керак экан. Чунки эшиги яқин бўлган қўшни қўшнисининг уйига нима олиб келингани ёхуд нима олиб чиқиб кетилганини ҳам шоҳиди ҳолатлар бўлади. Шунда унга шерик бўлишни умид қилиши ҳам мумкин. Ҳадяни аввал эшиги яқин бўлган қўшнига берилса бирор бир ҳожати унга тушган вақтда қўшниси ҳам бунга ёрдам беришга шошилади. Агар эшиги яқин бўлган қўшнини ташлаб, ундан кейинги қўшнига ҳадя берилса, ўртадаги қўшни агар унинг ҳадясидан умидвор бўлмаса ҳам кўнглидан “Мени ёқтирмас экан, бўлмаса, ён қўшниси бўлсам, шундай қиладими?” деган шубҳа ўтиши мумкин. Шунинг учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадяни эшиги яқин бўлган қўшнидан бошлашга ундадилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Ижтимоий масалаларга доир ишларни биладиганлардан сўраб ўрганиш зарурлиги.
  2. Қўшниларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга ҳадя бериб туриш яхши амал эканлиги.
  3. Қўшниларга ҳадя беришда эшиги яқин бўлганидан бошлаш кераклиги.
 Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи
Йўлдошхон ИСАЕВ
[1] Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳ ал-Бухорий. Ж. 2. – Қоҳира. Муассаса ал-Мухтор, 2004. 2595-ҳадис. – Б. 584.  

Check Also

ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

Аллоҳ таоло инсонга ота-онаси билан яхши муносабатда бўлишни ва доимо уларга мурувват кўрсатишни буюрган. Аллоҳ …