Home / МАҚОЛАЛАР / Тажвид илмининг фан сифатида шаклланиши

Тажвид илмининг фан сифатида шаклланиши

Инсоннинг ҳаёти давомида қиладиган яхшиликлари, ибодатлари ичидаги энг буюги ва Аллоҳ таолога кўпроқ яқинлаштирувчи иш бу шубҳасиз, Қуръони карим қироатидир. Каломи шарифда бунга қуйидагича буюрилган: “Бас (энди), Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар”[1]. Ҳадиси шарифда эса бундай дейилади: “Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат куни соҳибига шафоатчи бўлиб келади”.[2]

Қуръонни ўқиш учун эса, тажвид илмини билиш ва ўқиш асносида уни қўллай олиш ўта муҳим ва ўқувчидан талаб этилган ишдир. Бунга қуйидагича амр қилинади: “Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил”[3]. Тартил – ҳар бир ҳарфни ўз ўрнида дона-дона қилиб чиқариб, тажвид қоидалари асосида ўқиш демакдир.

Тажвид илмининг таърифи: “Тажвид” сўзи “жаввада” феълидан олинган бўлиб, луғатда “яхшилаш”, “гўзал қилиш” маъноларини англатади. Шунинг учун Қуръонни гўзал қироат қилувчи кишига “мужаввид” дейилади.

Истилоҳий маънода эса Қуръони каримни Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилганидек, ҳар бир ҳарфини ўз махражидан чиқариб, сифатларини адо қилган ҳолда талаффуз этишдир.

Самараси: Ўқиш давомида Қуръон лафзларида тилни лаҳндан[4] сақлаш.

Фазли: Аллоҳнинг китобига тааллуқли бўлгани учун энг шарафли илмдир.

Асосчиси: Тажвид илми икки қисмга бўлинади:

  1. Назарий қисм. Бу тиловат қилишдаги назарий қоидалар жамланмасидир.
  2. Амалий қисм. Бу назарий қоидаларни амалда қўллаш.

Амалий қисмга келсак, Қуръон Аллоҳ таолонинг ҳузуридан айнан ушбу ҳукмлар билан нозил қилинган ва булар авлоддан авлодга ўтиб келган.

Аммо унинг назарий қисми, яъни тажвид илми қоидаларини ишлаб чиқиб, уларга ном бериб, илм сифатида биринчилардан бўлиб шакллантирган киши борасида турли қарашлар бор. Назарий жиҳатдан биринчи бўлиб тартиблаган кишилар сифатида Абул Асвад Дуалий, Қосим ибн Салом, Халил ибн Аҳмад Фароҳидий ва бундан бошқа кишиларнинг номлари келтирилган.

Таянчи: Тажвид илмининг таянчи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган тиловатдир. Қуръон Аллоҳнинг ҳузурида қандай бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом воситасида ўшандай ваҳий қилинган. Саҳоба розияллоҳу анҳумлар Набий алайҳиссаломдан, тобиъийнлар эса саҳобалардан ўргандилар. Бу илмни тобиъийнлардан қироат имомлари олдилар. Улардан эса ҳисобсиз халқ ўрганди ва уларнинг силсиласи бугунги кунга қадар давом этмоқда.

Қироат машойихлари фақатгина эшитиш, ўқиш ва ўқитиш билан кифояланмай, тажвид илмига оид китоблар ёзишга киришдилар. Бунинг натижасида қироат илмларини назарий асословчи манбалар дунё юзини кўрди. Аллоҳ ўзининг “Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз[5] оятига биноан Қуръонни кўз қорачиғидек асраб, унинг ҳам лафзи ҳам маъносини муҳофаза этадиган ва авлодларга саломат етиб боришини таъминлайдиган фидоийларни чиқариб қўйди.

Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, тажвид илми иккита асосий таянчга суянади:

Биринчиси: оғиздан оғизга нақл этилиши.

Иккинчиси: қироат уламолари ёзиб қолдирган назарий қоидалар.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тажвид илмининг барқарор ва бардавомлигига бирламчи асос унинг оғиздан оғизга ўтишидир. Қуръон қироати шу асос устига қурилган ва уни ўрганиш ҳам ҳамиша устоздан эшитиш орқали ҳосил қилинган. Назарий қоидалар эса амалий усулнинг бир қисми холос.

Ҳукми:

Назарий тажвидни мукаммал ўрганиш ва ўргатиш фарзи кифоядир. Талаба тажвид қоидаларини назарий жиҳатдан билмаса ҳам устозидан қандай қироат қилиш кераклигини оғзаки ўрганиши ва шу орқали Қуръонни тўғри ўқиши мумкин. Тажвид илмларини назарий билиши эса қироатни оғзаки ўрганишни осонлаштиради.

Аммо Қуръон ўқиётганда тажвидга амал қилиш ҳар бир мусулмонга фарзи айндир.

Тажвид илмининг юзага келиши ва ривожланиш босқичлари

Тажвид илмининг юзага келишини 3 босқичга бўлиш мумкин:

Биринчи босқич. Оғзаки ўрганиш даври. Бу босқич нубувват асридан бошлаб ислом илмларига доир китоблар ёзилиши бошланган ҳижрий иккинчи асргача бўлган даврни ўз ичига олади. Бу босқичда қироат илми саҳоба ва тобиъийнларнинг араб фасоҳатига доир малакаларига, оғзаки ўрганиш ва юзма-юз ўтириб устоз оғзидан оятларни ёдлаб олишга таянган эди.

Иккинчи босқич: араб тили қоидалари ва қироатга доир китоблар ичида тажвид илмининг бирламчи жиҳатларини ёзиш босқичи. Бу босқич икки асрдан кўпроқ, тажвид илмига оид дастлабки китоблар ёзилгунича давом этди. Ушбу босқичда тажвид илмига алоқадар қоидалар ҳам келтирилган араб тили грамматикасига оид энг биринчи китоблардан бири Имом Сибавайҳнинг китобидир. У бу асарида тажвид илми мавзуларига ўхшаш ҳарфларнинг чиқиш ўринлари, сифатлари, товушларга доир ҳукмларни келтирган.

Маълумки, қироат илми тажвид илмига нисбатан олдинроқ юзага келган. Қироат илмлари ҳақидаги аввалги китоб бу Абу Абийдул Қосим ибн Саломнинг (ваф. 224 ҳ.й.) китобидир. Бироқ бу китоб кейинги авлодларга етиб келмаган. Қироат илми китобларидан бизгача етиб келганлари бу Абу Бакр Аҳмад ибн Мусо ибн Мужоҳиднинг “Сабъатун фил қироат” номли асари бўлиб, унда баъзи тажвид масалаларига ишоралар берилган.

Учинчи босқич: хоссатан тажвид илмига доир китоблар ёзилган босқич. Ҳижрий иккинчи ва учинчи асрда қироатлар илми ва араб тили луғатига доир илмий изланишлар маромига етказилди. Эндиликда ҳарфларнинг чиқиш ўринлари, сифатлари ва товушга хос ҳукмлар ҳақида мустақил китоблар ёзишга зарурат туғилди. Ҳижрий тўртинчи аср эса айнан шу борадаги янги илмнинг дунёга келиш асри бўлди.

Абу Музоҳим Мусо ибн Убайдуллоҳ Хоқоний (ваф. 325 ҳ.й.) тажвид илмига доир 51 байтдан иборат қасида ёзади. Бу тажвид илмига оид энг биринчи тасниф эди. Бу китоб “Қасидатул Хоқония” номи билан машҳур бўлган. Араб тили грамматикаси дарғаларидан Абул Фатҳ Усмон ибн Жинний (ваф. 392 ҳ.й.) “Сирру синоатил эъроб” номли китоб ёзиб, ҳарфларнинг сўз таркибига кирмаган ҳолдаги ҳолати, уларнинг чиқиш ўринлари, сифатлари, сўз таркибидаги талаффузлари ҳақида сўз юритган. Абул Ҳасан Али ибн Жаъфар Саидий (ваф. 410 ҳ.й.) ҳарфларни лаҳн қилишга доир рисола ёзиб, уни “Аттанбиҳ ъала лаҳнил жалий ва лаҳнил хофий” деб атаган. Ушбу асарларда тажвид илми ҳақида сўз борган бўлсада, уларни мукаммал тажвид асари деб номлай олмаймиз. “Тажвид” истилоҳи билан ёзилиб, бу илм хусусида мукаммал сўз юритилган китоблар эса бешинчи ҳижрий сана ва ундан кейинги даврларда ёзилган. “Таҳдид фил итқони ват тажвид”, “Мувзиҳ фит тажвид”, “Тамҳид фий илмит тажвид”, “Муқаддиматул жазарий” ва яна кўплаб тажвид китобларини мисол тариқасида келтиришимиз мумкун.

Юқорида таъкидлаганимиздик, тажвид илми Аллоҳнинг китобига тааллуқли бўлгани учун энг шарафли илмдир ва уни ўрганишга ҳар бир мусулмон жиддий эътибор қаратиши керак. Бу илмни пухта ўрганиш билан Қуръони карим тўғри ўқилади. Қуръонни тўғри ўқиш эса фарзи айн бўлиб, бу билан ўқувчи кўплаб яхшиликларга эришади. Зеро, ҳадиси шарифда “Жаннат даражалари Қуръон оятлари миқдоричадир. Қуръон аҳлидан ким жаннатга кирса, ун(мартабаси)дан юқори даража бўлмайди”[6], дейилган.

У.Муҳаммадиев
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари
Манбалар асосида тайёрланди.
[1] “Музаммил” сураси, 20 оят.
[2] Муслим ривоят қилган.
[3] “Музаммил” сураси, 4 оят.
[4] “лаҳн” ҳарф ва сўзларни бузиб талаффуз қилиш, тил қоидаларини бузиб гапиришни англатади.
[5]Ҳижр” сураси, 9 оят.
[6] Байҳақий “Шуабул иймон”да ривоят қилган.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …