Home / ЯНГИЛИКЛАР / МИРЗО УЛУҒБЕК: САМАРҚАНДДАН ОКСФОРДГАЧА

МИРЗО УЛУҒБЕК: САМАРҚАНДДАН ОКСФОРДГАЧА

Музейлар инсоният тараққиётининг турли босқичларини намоён қилувчи, ўтмишнинг ҳам шонли, ҳам суронли воқеа ва ҳодисаларига гувоҳ бўлган, тарихни ойнадек акс эттирувчи ибрат масканларидир. Бундай маънавият гўшаларига ташриф буюрган киши борки, мозий манзилларини сарҳадсиз сайр қилади, ўзи учун олам-олам маъно ва хулоса олади. Дунёнинг қайси чеккасидаги музейга борманг, Ўзбекистон тарихига оид экспонатлар энг ноёб ашёлар сифатида қадрланишига гувоҳ бўласиз. Жумладан, жаҳоннинг етакчи музейлари қаторига кирувчи “Британия” музейи (British Museum) ва Оксфорд шаҳридаги “Фан тарихи” (History of Science Museum) музейида ҳам.

2018 йил 27 феврал – 6 март кунлари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази раҳбарларидан иборат делегация қатор учрашув ва музокаралар ўтказди. Ўзбекистон делегацияси иштирокида Буюк Британиянинг қадимий Бодлеан кутубхонаси, Сейнт Жонс коллежи, Фан тарихи музейи, Ашмолеан музейида учрашувлар бўлиб ўтди.

   

Эътиборли жиҳати шундаки, Оксфорддаги Сейнт Жонс коллежида сақланаётган қадимий қўлёзма манбалар орасида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий”, Мирзо Улуғбек ёзган “Зижи Кўрагоний” асарларининг нодир нусхалари сақланиб келинмоқда. Айнан шу шаҳардаги “Фан тарихи” музейи фондида нодир экcпонат – Мирзо Улуғбекнинг глобуси ҳам сақланмоқда. Бундан ташқари, делегация аъзолари Британия музейига ташриф буюриб,  музей директори Ҳартвиг Фишер қабулида бўлишди. Ташриф чоғида музей раҳбари музей фондида Мирзо Улуғбекнинг қадаҳи ҳамда “Амударё хазинаси” сақланиши ҳақида маълумот берди.

Эслатиб ўтамиз, Британия музейи (British Museum) дунёдаги энг йирик тарихий-археологик музейлардан бири бўлиб, зиёратчилар сони бўйича дунёда Франциядаги Лувр музейидан кейинги ўринда туради. Музейга 1753 йилда Хэнс Слоун, Роберт Харли ва Роберт Коттонларнинг коллекцияларининг бирлаштирилиши натижасида асос солинган. 1759 йилдан музей ўз фаолиятини бошлаган. Британия музейи ўзида 8 миллиондан зиёд ашёларни тўплаган бўлиб, ҳар йили бу ерга 7 миллионга яқин киши ташриф буюради. Музейда Европа, Осиё, Африканинг Ўрта асрлар санъати ёдгорликлари шунингдек, расм, гравюра, кулолчилик буюмлари, танга, медаллар тўпланган. Бундан ташқари, музейдан юртимиз тарихига оид қатор экспонатлар ҳам ўрин олган.

Музейда мамлакатимиз тарихига оид яна бир ўта ноёб экспонат – Мирзо Улуғбек сув ичган пиёла ҳам сақланади. Узунлиги 15 сантиметр бўлган пиёла юзига “Улуғбек Кўрагон” деб ёзилган. Пиёла яшил рангли нефрит тошидан ўта моҳирлик билан сайқалланган ҳолда ишланган. Унинг банди аждар шаклида бўлиб, оғзи пиёла учини тишлаган, оёқлари ерга тегиб туради. Пиёланинг оғиз тегар жойи лаб шаклида бўлиб, унга “Карами Ҳаққа ниҳоят йўқдур (Аллоҳ таоло карамининг чеки йўқ)” деган ёзув битилган. Ўша вақтлар нефрит Мовароуннаҳрда ноёб тош саналган. Пиёланинг нефритдан ишланишининг сабаби, у чақмоқ уришидан сақлаган. Энг асосийси, нефритга солинган заҳар ўз таъсир кучини йўқотган. Натижада бундай пиёла соҳиблари ичимликни бехавотир ича олган.

Шу ўринда бир савол туғилади, юқорида тилга олинган ашё ва асарлар сабабчиси Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий фаолиятида аҳамиятга эга бўлган мазкур мерос қандай хорижга етиб борди? Бизга ҳали номаълум бўлган асарлар ва ашёлар қайси музейлар фондларида жой олган? Мирзо Улуғбек кутубхонаси қаерга кетган? Шу каби саволлар йиллар ўтиб тадқиқотчилар томонидан ўрганилиб, илмий муомалага киритилмоқда.

Шу боис дастлаб Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий фаолияти оид қисқа маълумотлар борасида тарихга саёҳат қилсак.

Темурийлар даври Шарқ маданияти ва фани тарихида улкан аҳамият касб этган, мамлакат равнақига, шунингдек, кўп халқларнинг маданий ривожланишига катта таъсир кўрсатган деб айтиш мумкин. Бу ерда кўплаб буюк сиймолар шаклланди. Улар орасида Шохруҳ Мирзонинг тўнғич ўғли Мирзо Улуғбекни алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин.

Улуғбек 1394 йилнинг март ойида Эроннинг ғарбидаги Султония шаҳрида, бобоси Темурнинг ҳарбий юриши пайтида туғилди. У Шохруҳ Мирзонинг тўнғич ўғли бўлиб, унга Муҳаммад Тарағай исми берилган, лекин болалигидаёқ, у Улуғбек деб атала бошлаб, бу исм кейинчалик унинг асосий исми бўлиб қолди. Улуғбекнинг болалик йиллари бобоси Темурнинг ҳарбий юришларида ўтди. 1405 йил Хитойга қилинаётган юриш бошида Темур вафот этгач, икки йил давомида унинг авлодлари ўртасида тахт учун кураш давом этди ва бу курашда Темурнинг кенжа ўғли Шохруҳнинг қўли баланд келди. Лекин Шохруҳ ўзига пойтахт қилиб Ҳиротни танлаб, Мовароуннаҳр пойтахти Самарқандни эса ўғли Улуғбекка топширди. Шундай бўлса ҳам Шохруҳ Эрон ва Туроннинг ягона хоқони деб ҳисобланарди. Шохруҳ тўнғич ўғли Улуғбекни 1411 йили Мовароуннаҳр ва Туркистоннинг ҳокими этиб тайинлайди.

Улуғбек 17 ёшида ҳоким бўлиб, бобосидан фарқли ўлароқ ҳарбий юришлар билан қизиқмас, кўпроқ илм-фанга мойил эди. Афсуски, Улуғбекнинг бошланғич маълумоти ва мураббий ҳамда устозлари ҳақида аниқ маълумот сақланмаган. Улуғбек болалик йилларида бувиси Сароймулкхоним тарбиясида бўлган. Албатта, биз бу аёл ўзининг севимли набирасига ўқув-ёзувни ўргатгани ҳамда тарихий мавзудаги ҳикоя ва эртакларни сўйлаб берганлигини тахмин қилишимиз мумкин. 1405-1411 йилларда амир Шоҳ Малик ёш мирзонинг отабеги бўлган. Лекин у Улуғбекка асосан ҳарбий ва сиёсий тарбия бера олиши мумкин эди.

Улуғбекнинг устозларидан бири мунажжим Мавлоно Аҳмад бўлганлигини тахмин қилиш мумкин, чунки бу киши Темурнинг саройидаги энг йирик олимлардан бири бўлиб, сайёраларнинг келажак икки юз йиллик тақвимлари жадвалларини туза олган. Лекин Улуғбекнинг ўзи кейинчалик асосий асари бўлммш “Зиж”ида фақат қозизода Румийни “устозим” деб атайди. Ҳақиқатан ҳам Қозизода 1360 йилларда туғилган бўлиб, 20-25 ёшларида, яъни Улуғбек туғилмасиданоқ Темурнинг сафига ўтади. Натижада Улуғбек умрининг илк давриданоқ Мавлоно Аҳмад ва қозизода Румий каби астроном ва математиклар таъсирида улғаяди.

Улуғбекнинг илмга қизиққанлиги ва мамлакатнинг равнақини кўзлаганлиги туфайли янги усулдаги билим юрти – мактаб ва мадрасалар барпо қилишга қарор қилиб, деярли бир вақтнинг ўзида Самарқанд, Бухоро ва Ғиждувонда учта Мадраса барпо этади.

Самарқанддаги Мадраса қурилиши 1417 йили бошланиб, уч йилда ниҳоясига етказилади. Тез орада Улуғбек мадрасага мударрис ва олимларни тўплай бошлайди ва шу тариқа унинг Самарқанддаги астрономик мактаби шаклланади. Бу мактабнинг асосий мударрислари илмий ишларига қулай шароит ва паноҳ излаб Темур давридаёқ Самарқандга келган Тафтазоний, Мавлоно Аҳмад ва Қозизода Румий каби олимлар эди. Қозизоданинг маслаҳати билан Улуғбек Хуросоннинг Кошон шаҳридан Ғиёсиддин Жамшид Кошийни чақиртиради. Самарқандга Мовароуннаҳрнинг турли шаҳарларидан ва Хуросондан тўпланган олимларнинг сони 1417 йилга келиб 100 дан ортиб кетади. Улар орасида адиблар, муаррихлар, хаттотлар, рассомлар, меъморлар бор эди. Лекин астрономия ва математика соҳасидаги олимлар шарафлироқ ва обрўлироқ эди. Улар орасида Қозизода билан Коший энг салобатли ва нуфузли эдилар.

1420 йили Самарканд мадрасасининг тантанали очилиши бўлади. Зайниддин Восифий “Бадоиъ ул-вақоиъ” китобида айтишича, биринчи мударрис этиб мавлоно Шамсуддин Муҳаммад Хавафий тайинланади. Мадрасада асосий маърузаларни Қозизода, Улуғбек, Коший ва кейинроқ Али Қушчи ўқийдилар.

Улуғбек барпо этган Самарқанд мадрасаси ва илмий тўгараги, жумладан, Хуросоннинг Жом шаҳрида 1414 йили туғилган бўлажак шоир Жомий Улуғбекнинг Самарқанд мадрасасида таҳсил кўрди. Бу ерда у Қозизода, Улуғбек ва Али Қушчи каби улкан олимларнинг маърузаларини эшитди ва уларнинг тарбиясида бўлди.

Улуғбек атрофида тўпланган Самарқанд олимлари катта аҳамият берган энг муҳим илмий йўналишлардан бири астрономия фани эди. Исломдаги энг аввалги астрономик асарлар «Зиж» деб аталиб, улар асосан жадваллардан иборат бўлган. Улуғбекдан аввал ёзилган энг мукаммал «зиж»лар Берунийнинг “Қонуни Масъудий”си ва Насриддин Тусийнинг 1256 йили ёзиб, Хулашхонга тақдим этган “Зижи Элхоний” асари эди.

XV аср бошларида ёзилиб, Шохруҳга аталган Жамшид Кошийнинг “Зижи Хоқоний” асари асосан хитой ва мўғул анъаналарига асосланган бўлиб, ислом мамлакатлари учун деярли аҳамиятга эга эмас ва илмий жиҳатдан ҳам анча саёз эди. Мовароуннаҳрда эса мўғул истилосидан кейин бирорта “зиж” ёзилмаган эди. Ана шу сабабларга кўра Улуғбек энг аввало астрономик изланишларни йўлга қўйиши, бунинг учун расадхона барпо этиши керак эди. Бу ҳақда Абу Тоҳирхўжа бундай хабар қилади: “Мадрасага асос солинганидан тўрт йил кейин Мирзо Улуғбек Қозизода Румий, Мавлоно Ғиёсиддин Жамшид ва Мавлоно Муиниддин Кошонийлар билан маслаҳатлашиб, Кўҳак тепалигида Оби Раҳмат ариғининг бўйича расадхона биносини қурдиради. Унинг атрофида эса баланд ҳужралар барпо этади”.

Расадхона қурилиши 1424 йилдан 1429 йилгача давом этади. Расадхона битиши билан астрономик кузатишлар бошланиб кетади. Расадхона билан мадрасанинг биргаликдаги фаолияти Улуғбек илмий мактабида астрономия ва математикани Ўрта асрлар даврида энг юқори поғонага кўтариш имконини берди.

Давлат ишлари билан боғлиқ бўлган юриш-кўчишлар, расадхонадаги кузатишлар ва мадрасадаги дарслар, ундан ташқари илмий ишларга умумий раҳбарлик қилиш ҳам Улуғбекнинг кўп вақтини олади. Шунинг учун бўлса керак, бевосита Улуғбек номи билан боғлиқ илмий асарлар сони жиҳатдан кўп эмас – улар тўртта.

Улуғбек илмий меросининг энг асосийси, маълум ва машҳури унинг “Зиж”и бўлиб, бу асар “Зижи Улуғбек”, “Зижи жадиди Гурагоний” деб ҳам аталади.

1449 йили Улуғбекнинг фожиали ҳалокатидан сўнг Самарқанд олимлари аста-секин Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари бўйлаб тарқалиб кетадилар. Улар ўзлари борган ерларга Самарқанд олимларининг ютуқларини ва “Зиж”нинг нусхаларини ҳам етказадилар. Хусусан, Али Қушчи 1473 йили Истанбулга бориб, у ерда расадхона қуради. Шу тариқа Улуғбек “Зиж”и Туркияда тарқалади ва Туркия орқали Оврўпо мамлакатларига ҳам етиб боради.

Ҳозирги кундаги маълумотларга кўра “Зиж”нинг 100 га яқин форсий нусхаси ва 15 дан ортиқ арабий нусхаси мавжуд. Ўрта асрларда ёзилган ҳеч бир астрономик ёки математик асар бунчалик оммавий ва кенг маълум бўлмаган. “Зиж” мусулмон мамлакатларининг деярли барчасида ўрганилган ва шарҳланган.

Умуман олганда, ғарбий Европа Темур ва унинг фарзандларини, айниқса Улуғбекни XV асрданоқ биларди. Али Қушчининг Истанбулдаги фаолияти туфайли Улуғбекнинг олимлиги ҳақидаги хабар ҳам Европага тарқалади.
1638 йили Истанбулга инглиз олими ва шарқшуноси, Оксфорд университетининг профессори Жон Гриве (1602-1652) келади, қайтишида у ўзи билан Улуғбек “Зиж”ининг бир нусхасини Англияга олиб кетади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳозирда бу асар Оксфорддаги Сейнт Жонс коллежида қўлёзмалар фонида сақланмоқда (Catalogue of Oriental Manuscripts at St John’s College, Oxford.; N 6. MS 91).

MS 91 рақами остидаги “Зижи Улуғбек” 92 варақ (2б-93б), 26,4х18 варақ ўлчамлари, (матн ўлчами 17,2х11), 21 қатор. 20 сафар 939/21 сентябрь 1532 йил кўчирилган. 

Жон Гриве 1648 йили аввал “Зиж”даги 98 юлдузнинг жадвалини чоп этади. Ўша йилнинг ўзида Гриве “Зиж”даги географик жадвални ҳам нашр этади. 1650 йили эса у “Зиж”нинг биринчи мақоласининг лотинча таржимасини нашр этади. Гриве 1652 йили мазкур охирги икки ишни қайта нашр этади.

Яна бир инглиз олими ва шарқшуноси Томас Ҳайд (1636-1703) «Зиж»даги турғун юлдузлар жадвалини 1665 йили форсча ва лотинчада нашр этади. Шуниси диққатга сазоворки, Ҳайд Гривснинг ишларидан бутунлай бехабар эди. Демак, “Зиж”нинг нусхалари қандайдир йўллар билан унга ҳам етиб келган. Лекин биз кўрсатиб ўтган MS 91 рақами остидаги “Зиж” каталогдаги маълумотга кўра айнан Жон Гриве олиб келган нусхасидир.

Лекин юқорида тилга олинган “Фан тарихи” музейи фондида сақланаётган нодир экcпонат – Мирзо Улуғбек глобуси ҳам шу икки олим билан боғлиқ бўлса ажаб эмас. 

Ҳайднинг нашридан 15 йил кейин поляк олими Ян Гевелий (1611-1687) Данцигда “Зиж”нинг айрим жадвалларини нашр этади. Бундан кейин XVIII ва XIX асрларда қатор Оврўпо олимлари “Зиж”нинг айрим қисмларини нашр этадилар. Француз шарқшуноси Л.А. Седийо (1808-1876) “Зиж”нинг тўрттала мақоласи олдидаги сўзбошилари ва муқаддимасининг французча таржимасини 1847-1853 йилларда нашр этади. Ва ниҳоят, XX аср бошларида америкалик олим Э.Б. Нобл “Зиж”нинг Англия кутубхоналарида сақланадиган 28 та қўлёзмаси асосида юлдузлар жадвалининг инглизча таржимасини нашр этади (Вашингтон, 1917).

Шундай бўлишига қарамай, Улуғбек “Зиж”и умуман олганда тўлиқ равишда ўрганилмаган ва бирор замонавий тилга тўла таржима этилмаган.
1994 йил Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан “Зиж”нинг биринчи бор тўлиғича рус тилига таржимаси босиб чиқарилди. Шу йили Улуғбекнинг бошқа “Тарихи арбаъ улус” номли асари ҳам Тошкентда ўзбек тилида нашр этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
директори, тарих фанлари номзоди,
Ш.Зиёдов

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …