Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ҳадис илми мактабида сийрат тадбири

Ҳадис илми мактабида сийрат тадбири

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида таҳсил сифати ва самарадорлигини ошириш, талабаларнинг билим ва қобилиятини юзага чиқариш, илмини бойитиш каби мақсадларда фан ойликларини ўтказиш яхши анъанага айланган.

Шу муносабат билан ҳижрий 1441 йилнинг рабиъ ал-аввал ойи – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган куни муносабати билан Ҳадис илми мактабида жорий ўқув йилининг ноябр “Ислом тарихи фани ойлиги” этиб белгиланди. Мазкур ойлик қизғин ва шукуҳли ўтмоқда. Масалан, Ҳадис илми мактабида талабалар ўртасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаб, энг яхши мақола танлови эълон қилинди, Тошкент ислом институтида пайғамбарлар тарихи бўйича давра суҳбатлари ўтказилди.

Ойлик доирасида Ҳадис илми мактаби томонидан «Оламларга раҳмат бўлган Пайғамбар» мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов, Халқаро ислом академияси Малака ошириш марказининг Самарқанд вилоятидаги минтақавий филиали раҳбари Т.Эвадуллаев, вилоятдаги имом-хатиблар, талабалар, зиёлилар иштирок этди.

“Ҳадис илмлари” кафедраси томонидан ташкил этилган сийрат тадбири, анъанага биноан, Қуръон тиловати билан бошланди.

Ҳадис илми мактаби ректори О.Юсупов йиғилганларни муборак сана билан қутлади. Бу ойнинг баракоти, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийрати, умматларига меҳрибонлиги, саҳоба розияллоҳу анҳумларнинг у зот алайҳиссалом билан муносабатлари ҳақида сўзлади. Жумладан, ҳазрати Билол ва Умар розияллоҳу анҳу тўғрисида ибратли ҳикоялар айтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили З.Эшонқулов Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли, сийрат ва суннатга эътиборли бўлиш, риоя этишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Ҳадис илми мактаби талабалари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат, араб ва ўзбек тилларида шеърлар ўқиди. Улар ўртасида “Сиз саҳобаларни танийсизми?” мавзусида танлов ўтказилди. Пайғамбар алайҳиссалом мақтаган ва машҳур сифатларга эга саҳобаларнинг исмлари ва сифатларини кўпроқ айтиш бўйича баҳс олиб борилди. Талабалар саҳобаларнинг тарихини мукаммал ўргангани ва ўта ҳозиржавоб эканини эътиборга олган ҳолда, ҳакамлар бир овоздан танловда иштирок этганларнинг барчасини ғолиб деб топди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаб мақола ёзиш танловида олий ўринни А.Узоқов, биринчи ўринни А.Хушвақтов эгаллаган эди. Тадбирда бу икки талабанинг мақолалари ўқиб берилди.

Юртимизда ҳар йили ушбу муборак ойни файзли ўтказиш мақсадида Мавлиди Барзанжий ўқиб келинади. Шу анъанага амал қилган ҳолда талабалар томонидан Мавлиди Барзанжий ўқилиб хатми Қуръон қилинди.

Тадбир якунида “Ислом тарихи фани ойлиги” муносабати билан ўтказилган энг яхши мақола ва “Сиз саҳобаларни танийсизми?” танловлари ғолиб ва совриндорларига, маросимда фаол иштирок этган талабаларга совғалар берилди.

Танловлар натижалари

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаб ёзилган энг яхши мақола танлови бўйича:

Олий ўрин – Узоқов Абдулбосит

Биринчи ўринХушвақтов Абдулҳай

Иккинчи ўрин – Яъқубжонов Абдуррашид

Учинчи ўрин – Атауллаев Аҳмадхон

 

“Сиз саҳобаларни танийсизми?” танлови бўйича:

Бердиев Санжар

Саидаҳмедов Сардор

Хушвақтов Абдулҳай

Яъқубжонов Абдуррашид – барчаси ғолиб.

М.Абдураҳмонов
Ҳадис илми мактаби
“Ҳадис илмлари” кафедраси мудири

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …