Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Булғор ислом академиясида ўтказилган халқаро конференцияда ИБХИТМ вакиллари иштирок этди

Булғор ислом академиясида ўтказилган халқаро конференцияда ИБХИТМ вакиллари иштирок этди

Шу кунларда Татаристон Республикасининг (Россия Федерацияси) Булғор ислом академиясида “Илоҳиёт мактабларини қайта тиклаш ва ривожлантиришда исломий тадқиқотларнинг аҳамияти” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда. Анжуман Россия Фан ва олий таълим вазирлиги, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ва Татаристон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда йигирмадан зиёд давлатдан исломшунос олимлар, экспертлар, шарқшунослар иштирок этмоқда.

Конференцияда Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этиб, илмий маърузаларда буюк аждодларимиз меросини ўрганиш, ислом динининг жамиятимиздаги ўрни, юртимизда диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлади.

Анжуманда Ислом дини аҳкомларини тўғри талқин этиш, экстремизм ва терроризмга қарши маърифат билан курашишда илоҳиёт фанлари бўйича тадқиқотларнинг ўрни, жамиятда, айниқса, ёшлар тарбиясида ижтимоий-ахлоқий масалаларга эътибор қаратиш каби долзарб мавзуларда юздан зиёд маърузалар тингланди.

Олимлар, тадқиқотчилар, экспертлар мовароуннаҳрлик алломаларнинг ҳанафийлик ва мотуридийлик таълимотларини кенг ёйишдаги буюк хизматларини эътироф этиб, бу соҳа бугунги кунда ҳам долзарб эканини қайд этди.

Конференцияда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Ш.Умаров “Ислом таълимотида фиқҳий ва ақидавий мазҳабларнинг зарурати”, илмий котиб Б.Турсунов “Алишер Навоийнинг “Арбаъин” асарида инсонийлик сифатлари” мавзуларида маъруза қилди.

Қатнашчилар динлараро ва миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Ислом маърифатини кенг ёйиш, буюк алломалар меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, диний-маърифий соҳада олиб бориладиган тадқиқотлар натижалари жамият ҳаётига татбиқ этиш каби йўналишларда ўз кўрсатма ва амалий тавсияларини баён қилди.

Булғор ислом академияси 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерда икки йўналиш – ислом ҳуқуқи ҳамда исломий тафаккур ва ақида мутахассисликлари бўйича магистратура ва доктарантура босқичларида таълим берилади. Ҳозир кунда бу даргоҳда 113 нафар талабалар таҳсил олмоқда.

Конференция доирасида Академия кутубхонасига Марказ илмий ходимлари томонидан тайёрланиб, нашр этилган “Имом Бухорий мажмуаси” номли китоб-альбом ва бошқа китоблар ҳадя этилди.

Таъкидлаш жоизки, икки муассасанинг ҳамкорлиги, тадқиқотчиларнинг сафарлари, илмий адабиётлар алмашуви ва шу каби бошқа хайрли тадбирларни қамраган илмий-амалий алоқалар ИБХИТМ билан Булғор ислом академияси ўртасида тузилган Ўзаро англашув меморандуми асосида ривожланиб, фаоллашиб бормоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …