Home / МАҚОЛАЛАР / Тараққиёт ва тафаккурни рад этиш жоҳилликдир

Тараққиёт ва тафаккурни рад этиш жоҳилликдир

«Макка фатҳидан кейин ҳижрат қилишлик йўқдир» Замонавий давлат бошқарувини куфрда айблаб, Пайғамбар даврини қўмсовчи ва ҳижратни тарғиб қилувчи тоифаларга мисол қилиб, бугунги кунда айрим сохта салафий, деб ном олган тоифаларни келтириш мумкин. Улар ўзи туғилиб ўсган ватани, миллати, ҳатто ота-онасига қарши чиқиб, «ҳижрат» деган тушунчани ёшлар онгига сингдиришга уринмоқда. Уларни тўғри йўлдан оздириб, ватанига, миллатига қарши чиқишга ундаётир.

Сохта салафийларнинг даъво қилишича, бугунги кунда барча нарсалар бидъат (шариатда йўқ бўлган ва кейин пайдо бўлган) ҳисобланади. Улар жамиятдаги инсоннинг кийиб юрган либосидан тортиб, тутаётган рўзғор буюмлари ва қилаётган урфларигача ҳаммасини гўёки шариатга зид деб, инсонларни чалғитишга, тараққиётдан тўсишга уринмоқда ва бундай ҳолатдан фақатгина ҳижрат қилиш орқали қутилиш мумкинлигини уқтиришмоқда.

Шу ўринда сохта салафийлар ва экстремистик тоифалар даъво қилаётган ҳижрат масаласига ойдинлик киритиб ўтиш ўринлидир. Аслида, бундай жоҳилларга қарши Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг биргина қуйидаги ҳадислари кифоя қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: «Макка фатҳидан кейин ҳижрат қилишлик йўқдир».

Сохта салафийлар ва бошқа экстремистик тоифалар ўзлари ватандан қочиб чиқиб кетганларини «ҳижрат», ўзларига «муҳожир» деб ном қўйиб олганлар. Улар гўёки ҳақ йўлда эканини Қуръони каримдаги Нисо сураси, 97-99-оятларини далил сифатида келтирадилар. Мазкур оятлардаги ҳукм ўз диёрида ноҳақликларга дуч келган ва мусулмонлик амалларни бажаришда тўсқинликка учраган шахсга нисбатан олинади. Сохта салафийлар ва «Ҳизбут-таҳрир» партияси каби адашган тоифалар эса Қуръон ҳукми билан бошқарилмайдиган ҳар қандай давлатни куфр диёри сифатида эълон қилиб, уни тарк этишга даъват қилмоқда. Уларнинг наздида бундай юртлар ўзининг жамики бойликлари ва унга рози бўлиб яшаётган аҳолиси билан қўшилиб «дорул ҳарб», яъни уруш диёридир.

Шу ўринда табиий бир савол туғилади: «Ҳижрат қилмаган кофир бўлади», деб айтаётганларнинг ўзлари қаерга ҳижрат қилишни айтиб бера олармикин? Масалан, Ўзбекистонни «куфр диёри» ҳисоблаган жоҳил тоифаларнинг аксарияти Туркияга кетиб қолган ва бу ишини ҳижрат ҳисоблаган. Нима, Туркияда давлат Қуръон асосида бошқариладими?! Аслида, бу тоифаларнинг ботил эътиқодига кўра, Туркия ҳам «куфр диёри» эмасми?! Ушбу парадокс ҳам уларнинг эътиқоди, тутаётган йўли нотўғри эканига далилдир.

Ҳижратнинг асл мазмун-моҳияти нима?

Энди ҳижратнинг асл мазмун-моҳияти ва бугунги кундаги мақоми ҳақида маълумот бериш ўринлидир. «Ҳижрат» деган тушунча тарихда, аниқроғи, Пайғамбаримиз даврларида ўз ҳукмини йўқотиб бўлганини юқорида ҳадис орқали аниқлаб олдик.

Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қуйидаги бир воқеани ҳикоя қилиб берган эдилар: «Ҳижратни даъво қилувчи тоифанинг фикрига биноан, ҳозир ҳамма мамлакатлар дорул куфр. Улар ўзлари қурган ҳарбий қароргоҳларга ҳижрат қилишни ва ўша ердан ҳужум уюштириб, ўзлари режа қилаётган хаёлий давлатни қуришни таклиф қиладилар. Ана, гап қаерда!

…Мени зиёратимга келганлардан бири ўзига керак бўлган бир неча саволлардан кейин менга жиддийроқ савол борлигини айтди. «Қани, эшитайлик-чи, қандай савол экан ўзи?» – дедим. «Баъзи тоифалар, ҳозир ҳижрат қилиш фарз», — дейишмоқда. Бунга нима деймиз?», — деди. Мен унга: «Агар ҳижрат қилиш фарз бўлса, нима учун ўзингиз уни қилмай юрибсиз, демадингизми?» — дедим. «Бу нарса эсимга келмабди. Аммо у одам жуда қаттиқ туриб, шу ишни қилиш керак, деб уқтирмоқда», — деди. Мен унга шундай жавоб бердим: «Фарзи айнларни адо этишга имкон бўлса, ҳижрат фарз бўлмайди. Бу гапни аввал нима қилса, қилиб юрганлар ўзларидаги нуқсонни хаспўшлаш учун айтишади. Улар шундай қилсалар, гуноҳлари енгиллаб қолганга ўхшайди. Сизлар тушуниб олдингиз, унга ўхшаш гапларга эътибор берманглар. Бугунги кунда динда мана шу турдаги ҳаддан ошганлар бизда ҳам кўп. Улардан жуда эҳтиёт бўлиш керак».

Юқоридаги воқеада замонамиз уламосининг фикрларини эшитдик. Энди тарихда яшаган уламолар, саҳобаларга мурожаат қиламиз. Таниқли саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Абу Авфо (р.а.) бир гуруҳ шогирдлари билан илк ҳаворижлар олдидан ўтиб қолибдилар. Унинг шогирдлари бу зотнинг кимлигини таништириб: «Бу Абдуллоҳ ибн Абу Авфо ҳазратлари бўладилар!», дебдилар. Шунда Абу Феруз деган ҳавориж: «Агар ҳижрат қилганида, қандай ҳам яхши одам бўларди!», дебди.

Мазкур ривоятга эътибор берсангиз, ҳаворижлар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобасини менсимаяпти, ҳижрат қилмаган, деб таъна қиляпти. Шунда Абдуллоҳ ибн Абу Авфо ҳаворижларни назарда тутиб: «Аллоҳнинг душмани нима деяпти?», деб сўрабдилар. Одамлар унинг: «Агар ҳижрат қилганида, қандай ҳам яхши одам бўларди!», деяётганини айтишибди. Шунда Абу Авфо: «Расулуллоҳ (с.а.в.) билан ҳижрат қилганимдан сўнг яна ҳижрат бор эканми?!», деб туриб, бундай дебдилар: «Улар билан курашган ёки шу мақсадда вафот қилганларга жаннат башорати бўлсин!»

Мазкур ривоятга кўра, саҳобалар ҳам ақидада адашиб кетган ҳаворижларни Аллоҳнинг душмани, деб атамоқда ва уларга қарши турганларга жаннатни сўраб дуо қиляпти.

Халифаликни даъво қилиш исломда ҳам тақиқланган

Энди иккинчи тоифа — бугунги кунда халифаликни истовчи «Ҳизбут-таҳрир» тоифасига раддия бериб ўтамиз. Ҳизбчилар шуниси билан ажралиб турадики, улар тараққиёт, кийиниш маданиятида унчалик чуқур кетмайдилар. Шунинг учун ҳам ҳизбчиларни жамиятда оддий инсонлардан ташқи қиёфасида ажратиб олиш жуда қийин. Лекин уларнинг ақидасига назар ташласак, асрлар давомида юртимизда муқим бўлиб келаётган мотуридия ва ҳанафия таълимотига мутлақ зид эканига гувоҳ бўламиз. Шу сабабли биз бу тоифага улуғ аждодимиз, мотуридия таълимотининг пешқадам вакили – Абул Муин Насафий илмий мероси орқали раддия беришни жоиз топдик.

Ҳизбчиларнинг энг адашган жиҳатларидан бири шундаки, улар қазо ва қадар масаласида адашиб, Аллоҳнинг азалдан яратган тақдири бўйича ботил эътиқодни илгари сурадилар. Ҳизбчиларнинг “пешво”лари томонидан ёзилган адабиётларда шундай таъкидлаган: «Инсон томонидан содир бўладиган феълларнинг Аллоҳнинг яратган қазосига алоқаси йўқдир ва қазонинг ҳам инсон феълларига боғлиқлиги йўқ. Чунки инсон ўз феълларини ўз иродаси ва ихтиёри билан бажаради».

Насафий «Буҳр ал-калом»да бу ботил эътиқодга раддия бериб шундай дейди: «Агар бандалар ўз амалларини (феъл) ўзлари яратсалар, Аллоҳга шерик бўлиб қоладилар. Ваҳоланки, бизнинг наздимизда, (мотуридия таълимотида) феълларни Аллоҳ яратган ва ўша феълларни Аллоҳнинг иродаси, берган иститоати билан банда бажаради. Бунга қуйидаги оятлар далилдир:

«У – осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган, бола-чақа қилмаган, подшоҳликда бирон шериги бўлмаган ва барча нарсани яратиб (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган зотдир» (Фурқон сураси, 2-оят).

«Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Ҳеч ҳандай илоҳ йўқ, магар Унинг ўзи бордир. У ҳамма нарсани яратгувчидир. Бас, Унга бандалик қилингиз! У ҳамма нарсанинг устидаги вакил – муҳофаза қилгувчидир» (Анъом сураси, 102-оят).

Шунингдек, «Ҳизбут-таҳрир» партиясида бугунги кунда халифалик сайлаш зарурлиги ва халифасиз яшайдиган мусулмоннинг имони қабул қилинмаслиги ҳақидаги «Аҳли сунна вал жамоа» ақидасига зид қарашларига ҳам «Баҳр ал-калом» асарида аниқ ва лўнда раддия бериб ўтилган. Асарда таъкидланишича, Пайғамбаримиз(с.а.в.)дан қуйидаги ҳадис келган: «Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: Мендан кейин халифалик ўттиз йил давом этади ва ундан кейин амирлик ва подшоҳликларга бўлинади» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий).

Насафийнинг таъкидлашича, Умар (р.а.) ва Усмон (р.а.) халифалик даврлари жами 22 йил, Абу Бакр (р.а.) халифалик даври 2 йил, Али (р.а.) халифалик даври 6 йил давом этган. Ҳаммаси қўшиб ҳисобланса, Пайғамбаримиз таъкидлаб ўтган 30 йил келиб чиқади.

Демак, мазкур далилдан кўриниб турибдики, бугунги кунда халифаликни даъво қилишлик мантиқан нотўғри ҳисобланади. Ҳозирги демократик конституцион тузумни агарда унда ислом тамойилларига зид кўрсатма ва қонунлар белгиланмаган ҳамда мусулмонлар ўз диний ибодатларига тўлиқ амал қилиш ҳуқуқи билан кафолатланган бўлса, бундай давлат хоҳ у Ўзбекистон бўладими, ҳоҳ Туркия бўладими, хоҳ Европа давлатлари бўладими, ҳеч ким «дорул куфр» деб аташига ҳаққи йўқ.

Саидмухтор ОҚИЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
«Исломшунослик ва
ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO» кафедраси доценти,
тарих фанлари номзоди

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …