Home / МАҚОЛАЛАР / ЯХШИ ОИЛА – МАҲАЛЛА ФАХРИ

ЯХШИ ОИЛА – МАҲАЛЛА ФАХРИ

Маҳалла ҳар биримизнинг туғилиб, вояга етган табаррук масканимиз бўлгани сабабли, уни биз “саждагоҳ, остона, кичик Ватан” деб ҳам атаймиз. Халқимизда, жамоа бўлиб яшаш узоқ тарихий илдизларга бориб тақалади. “Айрилмагин элингдан, қувват кетар белингдан”, “Элга қўшилсанг, эр бўласан, элдан ажралсанг, ер бўласан”, “Ҳашар – элга ярашар”, “Элдан айрилгунча, жондан айрил”, “Гилам сотсанг, қўшнинга сот, бир четида ўзинг ўтирасан”, “Ён қўшни – жон қўшни” каби ҳикматлар ҳам халқимизнинг турмуш тарзидан келиб чиқиб шаклланган. Шўролар даврида кўпгина миллий қадриятларимиз оёқости қилиниб, “маҳалла” деган миллий қадриятимиз унутилаёзди, мустақиллигимиз насими билан маҳаллага қайта жон бахш ато этилди. Оила маҳалланинг узвий бир қисми экан, унинг ҳар қайси аъзоси маҳалла ҳаётининг бир зарраси сифатида фаолият кўрсатади. Оиладаги ёшу қари, эркагу аёл, шунингдек, болалар маҳалла осойишталигини таъминлашда баравар иштирок этади. Оила тинчлиги, тотувлиги, аввало, эр-хотин муносабатларига боғлиқ. Бу икки шахс аҳил яшаса, оила осойишталиги, бахти таъминланади. Эр билан хотин бир-бирини тушунса, бир-бирини эъзозласа, бир-бирига фақат ширин сўзни, табассумни муносиб кўрса, хато ўтса – кечирим сўраса, оила тинч, ҳаёти лаззатли бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар киши ўз жуфти ҳалолига жилмайиб боқса, Аллоҳ таоло ҳам уларга раҳмат назари билан қарайди”, – деганлар.

Эр-хотин бир-бирига меҳрибон бўлса, оила файзли бўлиб, барча оилалар бахтиёр ва маҳаллада тинчлик, осойишталик ҳукм суради. Албатта, оила осойишталиги кўп жиҳатдан эркакка боғлиқ. Эркак киши оила соҳиби сифатида ўз масъулиятини, оиладаги ўрнини яхши ҳис қилиши лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эр оиласига раҳбардир ва у оила аъзоларига жавобгардир”[1], деб насиҳат қилардилар. Эркак кишининг оиладаги бурчи аввало оиласи ҳақида ғамхўрлигидир. “Аллоҳ таолога бандалар ичида севиклиси оила аъзоларига манфаати тегадиган кишидир” дейилади.

Жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан бирида: “Одамларнинг ёмони аҳли (оиласи)га торлик қилган кишидир”[2], – дейилади. Шундай экан, оила бошлиғи ўз ота-онаси, рафиқаси, фарзандларининг тўқ ва фаровон ҳаёти ҳақида ҳамиша ғамхўрлик қилиши зарур. Зотан, оилалар тўқ бўлса, уларда тотувлик, меҳрибонлик қарор топади. Алҳамдулиллаҳ, мамлакатимиздаги маҳаллаларнинг аксарияти ибратли оилалардан ташкил топган. Айни вақтда, баъзи нуқсонли оилалар ҳам учраб турадики, уларнинг иллати асосан ичкиликбоз эрлар бўлади. Бу хил оилаларнинг кўпчилигида уруш-жанжал тўхтовсиз давом этади, турмушда барака бўлмайди, хотинлар, фарзандлар асабийлашиши туфайли азоб-уқубатда кун кечирадилар. Улар маҳалла тинчлигини бузиб, қўшнилар, маҳалладошлар дилларини ҳам ранжитадилар.

Жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ўн тўрт аср муқаддам ичкиликбозликнинг фожеали оқибатлари ҳақида аҳли башарни жиддий огоҳлантирган эдилар. “Ичкиликдан сақланинг, чунки у барча ёмонликларнинг калитидир”, “Ичкилик гуноҳларнинг жам қилувчисидир”, “Қайси ичимлик маст қилса, ўша ичкилик ҳаромдир” каби кўплаб ҳадислар шулар жумласидандир.

Ичкиликка муккасидан кетган одамларни маҳалла аҳли ёмон кўради, улардан узоқ бўлишга интилади. Бу ҳолат ана шундай оила аъзоларининг руҳан тушкунликларига сабаб бўлади. Шундай экан, маҳалладаги ҳар бир оила ичкиликка қарши изчил кураш олиб бормоғи, оила раҳбари фарзандларини бу офатдан ҳимоя қилиш учун лозим чораларни кўриши керак. Оила осойишталигининг яна бир муҳим қирраси ота-оналар билан фарзандларнинг муносабатидир.15

Оилаларимизда азалдан бу муносабатларда ижобий анъаналар билан шаклланган. Одатда фарзандларимиз ўзларининг меҳрибон оталарию ғамхўр волидаларини ҳамиша ҳурматини сақлаш, хизматларини адо этиб, дуоларини олади. Ота-оналар эса фарзандларини энг юксак фазилатлар руҳида тарбиялаб, олийжаноб инсонлар қилиб етиштириш учун бор меҳрларини аямайди. Айни вақтда, ота-оналар ва фарзандлар муносабати ножоиз бўлган оилалар ҳам йўқ эмас. Бу хил муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш учун азалий анъаналаримизни билиш ва уларга оғишмай амал қилмоқ зарур. Ота-оналар ва фарзандлар муносабати кўп жиҳатдан оиланинг ҳалол ризқланишига боғлиқдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳар бир мусулмонга ҳалол ризқ исташ фарздир”, деган пурмазмун ҳадислари ҳар биримиз учун ҳаётнинг асосий тамойили бўлмоғи лозим. Ҳалол ризққа одатланган оилаларда фарзандлар ҳам ҳалолликка ўрганадилар. Улар ҳалол ризқланиш, ҳалол яшаш сабоғини даставвал ўз ота-оналарининг ҳаёт тарзидан таълим олади.

Шукрки, аксар фарзандларимиз ўз ота-оналарини чин дилдан ардоқлашади, уларга ғамхўрлик қилишади, ҳурматларини жойига қўйишади. Маҳалладошлари олдида ибратли фарзанд эканликлиги сезилиб туради.

Даурбекова Ирода
Қўлёзмалар билан ишлаш бўлими ходими

[1] Имом Бухорий “Адабул муфрад” 1-ж. 81-ҳадис

[2] Табароний. Муъжамул кабир, 10-ж. 86 ҳадис

15 М.Халматова “Оилаваий муносабатлар маданияти ва соғлом авлод тарбияси” -Т.: Ўзбекистон, 2000 й.

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …