Home / МАҚОЛАЛАР / Оиланинг дарди – жамиятнинг ҳам дарди

Оиланинг дарди – жамиятнинг ҳам дарди

Жамият ҳаётининг равнақи кўп ҳолларда оиланинг қай даражада эканлигида намоён бўлади. Жамият оилаларнинг мажмуидир. Шунинг учун жамиятнинг аҳволи билан оиланинг аҳволи бир-бирига чамбарчас боғлиқдир.

Шунга кўра, жамиятдаги норасоликлар тўғридан тўғри оилага, ёҳуд оиладаги иллатлар жамиятга ўз таъсирини ўтказади.

Ҳар бир ажралиш, кўзи маъюс бола, ҳар бир ёлғиз эркак, ҳар бир кўзи ёшли аёл жамиятнинг дардидир. Оила илдизсиз бўлмайди. Ўзбек оилаларининг ўз қадим анъана, удум илдизлари ўзига хосликлар мавжуд. Бу илдизлар ҳозирга келиб қирқилиб кетмаяптими? Нега ажралишлар тобора купайиб бормоқда? Булар ҳақида ўйламай иложи йўқ. Инсон бўлиш бир санъат бўлганидек, оилани юритиш ҳам бир санъатдир.

Ҳаётда инсоний алоқалар жуда кўп. Кимдир қариндошлик юзасидан, кимдир дўстлик юзасидан, кимдир иш юзасидан бир-бири билан инсоний алоқада бўлади. Инсоний алоқалар ичида энг муқаддаси эр аёл ўртасидаги никоҳ алоқаси ҳисобланади. Чунки бу алоқани жамоатчиликни гувоҳ қилиб боғлангандир.

Никоҳ билан қурилган оиланинг саодати ва бардавомлиги эса, ҳам эр, ҳам аёл тарафидан бўладиган тасарруфлар ва уларнинг бир-бирларига муносабати, одоби, ахлоқи, шахсий муомалаларига чамбарчас боғлиқдир. Ҳозирги вақтда “никоҳ ва оила қандай бўлиши керак, унда эрнинг ўрни қанда-ю, аёлнинг вазифаси нималардан иборат?” деган саволлар устида кишилар кўп ўйланмоқдалар. Чунки аксарият ҳолларда эр ва аёл оилада ўз вазифаси нималардан иборат эканлигидан бехабар бўлгани сабабли, арзимас нарса сабабли оилада турли низо ва келишмовчиликлар келиб чиқаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Бугунги кундаги оилавий можаролар, ажралишлар ва бошқа кўплаб турмуш муаммоларининг турли сабаблари бор. Фикримча, бош сабаблардан бири икки тараф ҳам ўз ҳадди, ўз чегарасини билмаганлиги ва ўз бурчини сидқидилдан адо этмаганлигидир. Кўпдан бери оилавий келишмовчиликлар ҳақида кераклича айтилмоқда, ёзилмоқда. Лекин рисоладаги эр ва аёл қандай сифату хислатларга эга бўлиши кераклиги ҳақида ҳамма ҳам етарлича тасаввурга эга деб айтиш қийин. Кишилар онгида эса бу масалаларда турли қарама қарши, бир-бирига зид фикрлар ўрнашиб қолган. Тўй вақтида ва оилавий ҳаётнинг бошланишида келин куёвга яқинлари қандай қилиб бўлса ҳам умр йулдошини “гаҳ деса қўлга қўнадиган қилиб олиш кераклиги” ҳакида маслаҳатлар беришади. Бундай маслаҳатлар кўпинча маслаҳатгўйнинг ўта тор, бачкана тажрибаларига асосланган бўлади. Қўполроқ қилиб айтганда, “ўзига енг бўлолмаган бошқа бировга эн бўлгиси” келади. Ундай “жайдари” маслаҳатларни уйласанг, уялиб кетасан. “Аслида эр оилада қандай бўлиши керак” деган саволга мазкур “маслаҳатлар” ҳеч қачон жавоб бўла олмайди. Аксинча, оилада алоқаларнинг кескинлашувига сабаб бўлади.

Ҳар бир жамиятнинг қандай бўлиши унинг раҳбарига боғлиқ бўлганидек, кичик жамият оиланинг салоҳияти ҳам унинг раҳбари – эрга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади. Исломда эрнинг оиладаги ўрни, раҳбарлигига масъулият деб қаралади. Лекин оила бошлиғи дегани, баъзилар ҳаёл килганидек, оиланинг бошқа аъзоларига жабру зулм ўтказиш, “деганим деган” йўсинида “ҳокими мутлақ” бўлиш эмас. Оила бошлиғи сифатида, унинг ҳамма тарафдан баркамол, саодатли, тинч-омон бўлишига эр масъулдир.

Оиладаги эрнинг вазифаларидан бири аёлнинг ҳақларини тўла адо қилишдир. Аёлнинг эрдаги ҳаққи эса анчагина. Шулардан бири уни доим етарли ризқ рўз билан таъминлашдир. Бу иш эрнинг кундалик вазифаси бўлиши билан бирга, маънавий жиҳатдан энг хайрли ва савоб ишлар каторига киради.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда:

“Аёлингга берган таоминг ҳам садақадир ва аҳлингга қилган нафақанг ҳам садақадир” дейилган.

Энг муҳими, бу таомлар ҳалолдан топилган бўлмоғи даркор. Бировнинг ҳаққи, пора, ёлғончилик, ўғрилик ва бошқа ҳаром йўллардан топилган таъминот оилада бўлмаслиги шарт. Ҳаром ейиш ҳаром юриш билан баробардир.

Авваллари момоларимиз ризқ-рўз топиш учун жўнаб кетаётган эрларига «Ҳаром касб қилманг. Аллоҳдан қўрқинг. Биз очлик-наҳорликка чидаймиз, лекин дўзахнинг азобига чидай олмаймиз», дер эканлар.

Эр ўзи еган таомидан оиласидагиларга ҳам едиради. Буни алоҳида таъкидлаб айтишга тўғри келади. Баъзи эрлар ўзлари ошхўрликларда овқатнинг сарасини еб, уйга кекириб кирадилар. Оиланинг еб ичиши билан ишлари бўлмайди. Эҳтимол бу майда гап бўлиб туюлар. Лекин «тенг еганни тенг суйибди» деган сўз оила учун ҳам айтилгандир. Тўғри, бутун оиланинг таъминоти эр бошида бўлгач, у сарф қилган куч қувватга яраша ўзини тиклаши ҳам албатта зарур. Аёллар бунга алоҳида эътибор беришлари лозим, лекин бу нарса худбинлик билан бўлмаслиги керак.  

Айбсиз инсон, жумладан, хато қилмайдиган аёл киши ҳам йўқ. Беайб ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи. Аёл кишини Аллоҳ таоло ўзига хос табиат билан яратган. У аёл бўлиши, она бўлиши ва бу вазифаларга тегишли масъулиятларни адо этиши лозим. Аёл кишида тез ва таъсирли меҳр кўрсатиш қобилияти бўлади. Шунинг учун унда тез аччиқ чиқиш сифати ҳам юзага келади.

Аёлининг камчиликларини ўргатиш ҳам эрнинг муҳим вазифасидир. Агар аёлдан баъзи одобсизликлар ўтса, эр яхшилик билан тарбия қилади ва одоб чораларини қўллайди. Тарбия бериш дегани айрим арзимас сабаблар билан аёлини калтаклаш дегани эмас. Ноҳақ аёлига зулм ўтказса буни ҳисобини беради. Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом ўз аёллари Ойша (р.а.)га: “Эй Ойша! Агар қиёмат куни бўладиган ҳисоб китобдан қўрқмаганимда қўлимдаги мисвок билан сени бир урган бўлардим” дедилар. Демак, қўлни битта бармоғича келадиган мисвок билан уришнинг ҳам ҳисобини берилар экан.       

Ақли расо, виждонли эр ўз аёли билан тотувликда, иноқликда яшайди. Оилавий ҳаёт эр аёл орасидаги шериклик ҳаётидир. Агар икки тараф ҳам бир бирига яхши муносабатда бўлмаса, бу шерикликка путур етиши мумкин.

Қуръони каримнинг «Нисо» сурасида шундай дейилади:

«Ва улар билан яхшиликда яшанг. Агар уларниёқтирмасангиз, ажаб эмаски, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилган бўлса». (19-оят)

Айрим камчиликлар бор аёлда кўп яхши хислатлар бўлиши мумкин. Рисоладаги эр ўз аёлидан баъзи хатолар ўтганда уни кечиради. Ўз аёлининг айбларини беркитувчи бўлади.  

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Улар(аёллар) сизга либосдирлар, сиз уларга либосдирсиз». (187-оят)

Либос ўзини кийган шахсни айбини беркитиб туради. Қуръони карим эр-аёлнинг бир-бирига либос деганидан кейин, улар ҳам бир-бирларини айбларини беркитиб туришлари керак. Эр-аёлларнинг бир-бирини айбини очиши Қуръони карим таълимоти асосида қурилган оилага мутлақо тўғри келмайди.

Аёлига уй ишларида ёрдам бериб, бу соҳада ҳам унинг оғирини енгил қилиб туриши керак. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам ўз аҳллари хизматида бўлганлар ва умматларига ҳам шундай қилишни буюрганлар.

Ишончим комилки, юқорида зикр қилинган нарсаларда жамиятимиз ва инсонлар учун зарарли нарсалар мутлақо йўқ. Аксинча, уларнинг ҳаммаси фойдалидир. Буларнинг барчаси тажрибадан ўтган бўлиб, доимо яхшиликка, оилавий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат килган. Биз оиладаги эр кишининг вазифаларига қисмангина тўхталдик холос. Томчилардан дарё ҳосил бўлганидек, оилада қут барака, яхшилик, мусткаҳкам асос тўғри муомаладан туғилади. Бу каби фикрлашувлардан халқимиз оз бўлсада маънавий манфаат топса, биз учун катта бахт бўлар эди.

Абдуллаев Бекназар
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайин бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …