Home / ЯНГИЛИКЛАР / ДАВЛАТИМ БАЙРОҒИ – ФАХРИМ-ҒУРУРИМ!

ДАВЛАТИМ БАЙРОҒИ – ФАХРИМ-ҒУРУРИМ!

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи 1991 йил 18 ноябрдаги 407-XII-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонун билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи давлат суверенитетининг рамзидир.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи – байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидадир.

Расман Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Мовий, оқ ва яшил рангли энларнинг кенглиги бир хил. Ҳар бири 40 сантиметрга тенг.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг ўртасидаги оқ рангли эннинг усти ва остидан кенглиги 2,5 сантиметрли қизил ҳошиялар ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг юз ва орқа томонида, дастага яқин жойида оқ рангли янги ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдуз тасвирланган.

Янги ой вертикал ҳолатда, қавариқ томони дастага қаратилган, дастадан 20 сантиметр масофада жойлашган бўлиб, диаметри 30 сантиметрли доирага сиғади.

Ўн икки юлдуз диаметри 6 сантиметрли доирага сиғади. Доиралар орасидаги масофа 6 сантиметр. Юлдузлар узунасига ва тиккасига қуйидаги тартибда жойлашади: юқори қаторда учта, ўртада тўртта ва қуйида бешта юлдуз. Қуйи қатордаги юлдузлар янги ойнинг пастки учидан 3,5 сантиметр масофада жойлашади.

Давлат байроғидаги ҳар бир ранг, белги ўзига хос маъно ва мазмунга эга. Хусусан, мовий ранг мусаффо осмон ва оби ҳаётни англатади. У яхшилик, донишмандлик, ҳалоллик, шон-шуҳрат, садоқат, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва хотиржамликни билдирса, оқ ранг азалдан поклик ва беғуборликни ифодалаб келган. Яшил ранг яшариш, янгиланиш ва она-табиат тимсолидир. Қизил чизиқлар вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат, аждодлар ва ворислар билан узвийликни англатади. Янги ой – ислом белгиси. Ўн икки юлдуз эса, мамлакатимизнинг ўн икки маъмурий ҳудуддан таркиб топганига ишора.

Халқимиз тарихи, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган ёрқин тимсолимиз – “Ўзбекистон Республикасининг Давлатимиз байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинганининг 28 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …