Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / ИМОМ БУХОРИЙДА АРДОҚЛИ МЕҲМОН

ИМОМ БУХОРИЙДА АРДОҚЛИ МЕҲМОН

2018 йил 19 сентябр куни муҳаддис аллома Шайх Муҳаммад Аввома ва шогирдлари ҳамда “Ҳилол нашр” Нашриёти директори Исмоил Муҳаммад Содиқ ҳамроҳлигида Самарқандга ташриф буюришди.

Меҳмонлар дастлаб Имом Бухорий мажмуасига келишди. Уларни мажмуада Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлар жамоси ҳамда Самарқанд вилояти бош имом хатиби З.Эшонқулов ҳамда самарқандда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар кутиб олишдилар. Меҳмонлар дастлаб Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиб, буюк муҳаддиснинг ҳаққига Қуръон ўқиб, дуолар қилдилар.

Шундан сўнг, меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказига ташриф буюришди ва мажлислар залида марказ илмий ходимлари, Ҳадис ва Калом мактаби тингловчилари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатини ИБХИТМ директори ўринбосари Ш.Умаров олиб борди ва ИБХИТМ фаолияти, мақсади ва келажакда режалаштирилган ишлар  ҳақида гапириб берди. Шунингдек, Самарқандда фаолият олиб бораётган ҳадис илми ва калом илми мактаблари фаолияти ҳамда Ҳадис илми олий мактаби ҳақида маълумотлар берилди.

Шайх Муҳаммад Аввома Ўзбекистон халқи ўз аждодларидан билан нақадар фахрланиши кераклиги ҳақида сўз бошлади. У киши “Агар Мадина аҳли Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг қабрлари жойлашган шаҳарда яшаётганлигидан, Макка аҳли эса Каъбатуллоҳ борлигидан фахрлансалар, бу юрт аҳли Имом Бухорий ва бошқа кўплаб алломалари билан фахрланади” – деб таъкидлади. Шайх ҳазратлари “Саҳиҳул Бухорий”дан биринчи ва охирги ҳадисларини ўқиб, шарҳлаб бердилар.

Шайх Муҳаммад Аввома: “Бу юртдан яна бухорийлар, доримийлар, самарқандийлар, Абу Ҳафс Кабир Бухорийдек улуғ алломалар етишиб чиқишига ишонамиз, зеро бу юртда бугунги кунда олиб борилаётган ишлар, Юртбошингиз томонидан олдинга сурилаётган янги-янги ғояларни эшитиб мамнун бўлиб турибмиз”, – деб таъкидлади.. Меҳмон  сўзини якунлаб, ўзи муаллифлигида нашр этилган китоблар мажмуасини  Марказга ҳадя қилди.

Шундан сўнг, ИБХИТМ директори ўринбосари Ш.Умаров меҳмонларни Самарқанд шаҳрига қилган ташрифлари билан яна бир бор қутлаб, уларга ИБХИТМ илмий ходимлари томонидан тайёрланиб, нашр этилган “Имом Бухорий таърифи”, “Самарқанд алломалари” китоблари совға қилинди. 

Давра суҳбати ниҳоясида Шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари Юртбошимиз ҳамда толиби илмлар ҳақига дуои хайрлар қилиб, ҳеч қачон илм талаб қилишдан тўхтамаслик лозимлиги ҳақида ўзининг қимматли насиҳатларини берди.

Тадбир барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Б. Каримов
Диний-маърифий тадбирлар  бўлими ходими
ИБХИТМ Матбуот хизмати
З. Узақов(сурат)

Check Also

«ЎРТА ОСИЁ ҚЎЛЁЗМАЛАРИ КОДИКОЛОГИЯСИ ЭЛEМEНТЛАРИ»

1-2 май, 2024 йил соат 10:00 да Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро …