Home / МАҚОЛАЛАР / Сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз

Сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз

Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир.

Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламо аҳли бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар: Роғиб: «Сабр нафсни ақл ва шариат тақозо қилганидек тутиб туришдир ёки иккиси тақозо қилган нарсадан тутиб туришдир», деган. Муновий: «Сабр ҳиссий ва ақлий оғирлик ва аламларга чидашдир», деган.

Исломда ўзини ўзи ўлдириш қаттиқ қораланиб, ҳар бир тирик жон саломатлиги кафолатланган. Жумладан, бир одамни ноҳақ қатл этишдан, ўз жонига қасд қилишдан қайтарилган. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Бир-бирларингизни(яъни, мўмин мўминни) ўлдирманг! Албатта Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган Зотдир” (Нисо, 29).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло ҳаром ишларни содир этиш орқали мўминларни бир-бирларини ўлдиришдан, молларини ботил йўл билан ейишдан қайтарди. Аллоҳ буюрган ва қайтарган ишларда одамлар учун раҳмат бордир. Аллоҳ бандаларига меҳрибон Зотдир.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким тоғдан ташлаб ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадул абад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирган бўлса, у заҳарини қўлида тутган ҳолида, жаҳаннам оташинда абадул абад заҳар ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир (тиғ) билан ўлдирган бўлса, у темирни қўлида тутган ҳолида жаҳаннам оташинда абадул абад ўша темирни қорнига санчиб туради», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадиси шарифдан нафақат бошқа бировни, балки ўзини ўзи ўлдириш ҳам мумкин эмаслиги келиб чиқади. Исломда инсон жони алоҳида қадр қийматга эга. У жон қандай жон бўлишининг фарқи йўқ. Ҳар бир инсон яшаш ҳаққига эга. Инсонни бу ҳақдан ҳеч ким маҳрум эта олмайди.

Шунингдек, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганлари, бу одамнинг қилган номаъқулчилиги учун муносиб жазо олишига ҳам тўхталиб ўтилган.

Аслида мўмин банда синов ва имтиҳонни орзу қилмайди, балки Аллоҳдан доимо офият ва раҳматни сўрайди. Шундан сўнг ҳам синов-имтиҳонга учраса, сабр қилади. Бунинг ҳикмати борлигини идрок қилади, ҳамма нарса Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишига иймон келтиради. Ўзига Аллоҳнинг раҳмати ва офияти етишини кутади.

Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида: «Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир», деган (17 – оят).

Мўмин-мусулмон одам гоҳида қаршиликка учрайди. Одамлардан унга турли озорлар етади. Шундай ҳол рўй берса: «…ўзингга етган мусибатга сабр қил». Сабр қилмасанг, иш битмайди.

Мўмин бандга амр қилинган ишлар азму қарор билан адо этилиши лозим бўлган аҳамиятли ишлардир. Шунинг учун ҳам уларни адо этишда сабр керак бўлади.

Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида: «Сен (Менинг тарафимдан): «Эй имон келтирган бандаларим, Роббингизга тақво қилинг. Бу дунёда гўзал амал қилганларга гўзаллик бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур», деб айт», деган (10 – оят).

Солиев Кенжабек
Чуст туман “Ғойиб Эронлар”жомеъ масжиди имом хатиби

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …