Home / МАҚОЛАЛАР / Тариқатда адашманг

Тариқатда адашманг

Юртимизда кенг тарқалган “Нақшбандия” тариқатининг таълимотида устоз ва шогирдлар учун илм фарзлиги, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш зарурлиги, оилани унутмаслик ва ислом аҳкомларини мутаассибона талқин қилмаслик борасида ўта жиддий ва масъулиятли талаблар қўйилган.

Баъзи сохта тариқатчилар томонидан тасаввуфнинг мазмунини бузиб, уни таълимоти, шариат аҳкомлари ва ижтимоий ҳаётдан узоқлашган ҳолда талқин этилмоқда. Исломда бирор-бир шайхга мурид бўлиш ҳеч кимга фарз қилинмаган. Тариқатчиларнинг “Пири йўқнинг пири шайтон” деган хато даъвоси ҳеч қандай шаръий далилга эга эмас. Кўр-кўрона маҳси-калиш кийиб юриш ва замонавий либосдаги фуқароларга нисбатан кибрли муносабатда бўлиш, пухта диний ва дунёвий илм олишга интилмаслик исломда риёкорлик ҳисобланади. Баъзи ҳудудларда “пир”га эргашган “тариқатчилар”нинг гўёки мазкур шахсга мурид бўлганларнинг қазо бўлган намози ва рўзаси соқит бўлиши ҳақидаги даъвоси исломга бутунлай зиддир.

Сўфийликни даъво қилаётган шахслар оиласини ойлаб маблағсиз, болаларини тарбиясиз қолдирган ҳолда “пири”нинг хизматини қилиб юриши ва бировнинг эҳсони билан кун кечириши ижтимоий иллат бўлиб, ислом таълимотига ва соф “нақшбандия” таълимотига зиддир.

Шунингдек, сохта тариқатчилар жамоаси аъзоларининг ясама тишли имом орқасидан намоз ўқимаслиги, намоздан кейин Қуръон тиловатини макруҳ, қўлни ювгандан кейин артиш мумкин эмас, чап қўл билан синдирилган нонни ейиш мумкин эмас, пирга қўл беришлик билан қазо (аввал ўқий олмаган) намозлар соқит бўлади деб асоссиз даъво қилишлари мусулмонлар ичида ихтилофга сабаб бўлмоқда. Тариқатчиларнинг жамоа тадбирларида иштирок этмаслиги, фарзандларини мактабда дунёвий илм олишига монеълик қилиши жаҳолатга қайтиш бўлиб, бундай шахслар келажакда жамият учун фойдасиз унсурга айланиб қолади.

Тасаввуфнинг буюк дарғалари, илму маърифат уммонига ғарқ бўлсаларда, кўплаб шогирдлар етиштирсаларда ўзларининг касблари, диний ва дунёвий билимлари бўлган. Шу касбнинг орқасидан ҳалол еб, таъмадан йироқ яшаганлар. Шайх Зуннун Мисрий – кимёгар, Сари Сақатий – савдогар, Абу Саййид Ҳарроз – этикдўз, Шайх Муҳаммад Саккокий – пичоқчи, Шайх Абу Ҳафс Ҳаддод – темирчи, Шайх Абул Аббос – қассоб, Мирчан Сафолфуруш – хумдон ясовчи, Шайх Баннон – ҳаммол, Шайх Баҳоуддин – кимхобга гул нақшлаган, уларнинг пирлари Саййид Кулол – кулолчилик қилган, пахса урган. Бу каби меҳнатга зийнат топиб илмда ҳикмат топган дарғалар тарихда кўп бўлган. Улар авлодларга ибрат мактабини шу йўл билан ўтаганлар. Негаки, комил бўлиш учун ҳаромдан ҳазар ва таъмадан безор бўлмоқ керак. Бугун ўзларини тариқатнинг пири деб мурид тўплаганларга ҳам ёки пирга қўл бериб муршидининг эшигида умрини ўтказаётганларга ҳам бу ибрат мактабининг тақсилига чорлаган бўлар эдик.

Баъзан бу дунёдан воз кечиб, узлатни ихтиёр этиб, асосий ишларни унутиб қўяётганлар ҳақида эшитиб қолмоқдамиз. Маълумки, “Илм олмоқ нафл ибодатдан афзал” – деган иборанинг замирида улкан маъно бор. Илм ўрганиш, ўзгаларга ўргатиш, фарзанд тарбиялаш, чиройли оила барпо этиб, доимо яхшилик йўлида юриш, яхши фикр юритиш, рост сўзлаш, гўзал амаллар қилиш билан инсонийлик мартабасини ошириш мумкин. Одамлар корига одамийлик сифати билан яраб, атроф ва атрофдагиларга холис назар билан қараб, кўнгил мулкини бойитиш мумкин. Ота-она ризолигига эришиш, яқинларнинг кўнглига малҳам бўлиб, одамларга зиё таратиш аслида бандаликнинг мезонидир.

Бу ҳикматни англаш – илмнинг самарасидир. Тасаввуф илмини чуқур ўрганмасдан туриб, ўзини “пир” ҳисоблайдиганларга ва уларга эргашувчи шахсларга тариқат номи билан содир этилаётган ижтимоий ва шаръий хатоларни англаб етишларига кўмаклашиш зарур. Парвардигори олам барчамизнинг ақидамиз ва тариқатимизни соф ва тўғри бўлишини Ўзи муяссар айласин.

Учқўрғон тумани «Байтул муқаддас» жомеь масжиди имом хатиби
Ғиёсиддин Тожимирзаев

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …