Home / АЛЛОМАЛАР / Имом Байкандий ҳақида манбаларда(3 қисм)

Имом Байкандий ҳақида манбаларда(3 қисм)

Имом Байкандийнинг “Таолиқ” асарининг бизга маълум бўлган ягона қўлёзмаси Дамашқдаги “Зоҳирийя” кутубхонасида “Исломий таржимаи ҳоллар” бўлимида 520.2 рақами билан, умумий рақамда эса, 111.113748 рақами билан сақланади. Қўлёзма 17 варақдан иборат. Ўлчами 18 х 16 см. Носих исми Аҳмад ибн Муҳаммад Шофиъий. Қўлёзма араб тилида оддий насх хатида кўчирилган. Хат жуда хунук бўлиб, ўқиш анча қийин. Қўлёзма юзасида “Зиёийя” мадрасасининг вақф муҳри бор.

***

Имом Муҳаммад ибн Салом Байкандий манбаларда

Абу Яъло Халилий “Ал-иршод фи маърифати уламоил ҳадис” асарида ёзади:

“Муҳаммад ибн Салом Байкандий сиқа (ишончли), Ибн Уяйна, Абдуллоҳ ибн Язид Муқриъ ва уларнинг Маккадаги тенгдошларидан, Куфада Абу Усомадан, Вакиъ, Абда ибн Сулаймондан ҳадис эшитган. Ундан Бухорий кўп ҳадис ривоят қилган. Ундан энг охирги ривоят қилган киши Муҳаммад ибн Абд ибн Омир Самарқандий заифдир”[1].

Ибн Ҳажар Асқалоний “Тағлиқут таълиқ” асарида келтиради:

“Имом Бухорий айтди: “Менга Муҳаммад ибн Салом Байкандий: “Ёзганларимга қара, унда хато кўрсанг, устидан чиз”, деди”. Айтишларича, Муҳаммад ибн Салом шундай дер экан: “Ҳар сафар Бухорий олдимга кирса, иккиланиб қолардим. Ундан чўчиб турардим”.[2]

Бадриддин Айний Ҳанафий “Умдатул Қорий шарҳу Саҳиҳил Бухорий” китобида айтади:

“Билгинки, “Саҳиҳи Бухорий”да “Ироқ аҳлидан Абу Муовия, Абда, Язид ибн Ҳорун, Фазорийлардан Бизга Муҳаммад хабар берди” деб айтилса, ушбу Муҳаммад Муҳаммад ибн Салом Байкандийдир”.[3]

 Ибн Ҳажар Асқалоний “Табсирул мунтабиҳ би таҳририл муштабиҳ” китобида ёзади:

“Муҳаммад ибн Салом Байкандий ҳофиз. Бухорийнинг шайхи. Хатиб ҳам, Ибн Мокуло ҳам уни фақат “ибн Салом” деб битта “л” билан зикр қилган. “Матолиъ” китоби муаллифи: “Уни кўпчилик икки “л” билан зикр қилган”, деган. Лекин унга эргашилмаган. Ғунжор “Тариху Бухоро”да битта “л” билан зикр қилган. Унга таянилади”.[4]

Имом Заҳабий “Ал-ибар фи хабари ман ғабар” китобида айтади:

“Унда (Бухорода) ҳофиз Муҳаммад ибн Салом Байкандий Бухорий бор. У эллик минг ҳадисни ёддан билар эди. У: “Илм олиш йўлида қирқ минг сарфладим, илм ёйишда ҳам шунча сарфладим”, деган”.[5]

Сафадий “Ал-вофий бил вафийят” китобида айтади:

“Муҳаммад ибн Салом Байкандий, бухоролик ҳофиз. Абу Абдуллоҳ, Бани Сулайм мавлоси. Илм йўлида кўп юртларга сафар қилган, кўп ҳадис ёзиб олган. Абул Аҳвас Салом ибн Сулаймдан ривоят қилган. Ундан Бухорий ва Доримий ривоят қилган. У: “Илм олиш йўлида қирқ минг, уни ёйиш учун қирқ минг сарфладим. Қанийди, илм олиш учун сарфлаганимни уни ёйиш учун сарфлаганимда”, деган. У 225 йилда вафот қилган”.[6]

Ибн Асокир “Тариху Димашқ” китобида айтади:

“Аҳмад ибн Ҳайсам ибн Сумайдиъ Шоший айтади: “Менга Яҳё ибн Яҳё: “Хуросонда иккита хазина бор: бири Муҳаммад ибн Салом Байкандий ҳузурида, иккинчиси Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ҳузурида”, деди””.[7]

Бадриддин Айний Ҳанафий “Мағонил ахёр фи шарҳи асоми рижоли маъонил осор” китобида айтади:

““Байкандий” Байкандга нисбатан. Бухородаги шаҳар. Бухорийнинг устозларидан бири Муҳаммад ибн Салом Байкандий улардан”.[8]

Жамолиддин Абул Ҳажжож Миззий “Таҳзибул камол” китобида айтади:

“Муҳаммад ибн Салом ибн Фараж Суламий, Абу Абдуллоҳ Бухорий Байкандий (Бокандий ҳам дейилади. “Ф” билан ҳам айтилади).

У Иброҳим ибн Абдурраҳмон Хоразмийдан, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад Фазорийдан, Аҳмад ибн Башир Кўфийдан, Исмоил ибн Жаъфардан, Исмоил ибн Улайядан, Исмоил ибн Айёшдан, Абу Дамра Анас ибн Иёздан, Жарир ибн Абдулҳамид, Ҳотим Абу Абдурраҳмон Марвазий, Ҳасан ибн Меҳрон Кирмоний, Ҳумайд ибн Абдурраҳмон Руосий, Холид ибн Абдуллоҳ Воситий, Рибъий ибн Улайя, Зоида ибн Абу Раққод, Суфён ибн Уяйна, Абу Холид Сулаймон ибн Ҳайён Аҳмар, Абул Аҳвас Салом ибн Сулайм, Аббод ибн Аббод Муҳаллабий, Абдуллоҳ ибн Идрис, Абдуллоҳ ибн Ҳорис Махзумий, Абдуллоҳ ибн Холид Бажалий, Абдуллоҳ ибн Ражо Ғаддоний, Абдуллоҳ ибн Муборак, Абдуллоҳ ибн Нумайр, Абдулаъла ибн Абдулаъла, Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Муҳорибий, Абдулваҳҳоб Сақафий, Абду ибн Сулаймон, Убайдуллоҳ ибн Саид Кўфий, Абу Абдурраҳмон Убайд ибн Умар Басрий Дарир, Убайда ибн Ҳумайд, Аттоб ибн Башир, Усмон ибн Абдурраҳмон Тароифий, Уқба ибн Холид Сукуний, Умар ибн Убайд Танофисий, Амр ибн Муҳаммад Анқазий, Исо ибн Мусо Ғунжор, Молик ибн Анас, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, Муҳаммад ибн Ҳасан Музаний Воситий, Абу Муфовия Муҳаммад ибн Хозим Дарир, Муҳаммад ибн Салама Ҳарроний, Муҳаммад ибн Фузайл ибн Азвон, Муҳаммад ибн Марвон Уқайлий, Мухаллад ибн Язид Ҳарроний, Марвон ибн Муовия Фазорий, Муътамир ибн Сулаймон, Маъмар ибн Сулаймон Раққий, Абул Валид Муғаллис ибн Зиёд Омирий Кўфий, Ҳушайм ибн Башир, Вакиъ ибн Жарроҳ, Яҳё ибн Абдулмалик ибн Абу Ғуня, Абу Муҳаммад Яҳё ибн Муҳаммад Басрий, Абу Тамила Яҳё ибн Возиҳ, Язид ибн Ҳорунлардан ривоят қилган.

Ундан: Бухорий, ўғли Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Салом Байкандий Муаддаб, Аҳмад ибн Давъ, Аҳмад ибн Абдурраҳмон ибн Исо Насафий, Аҳмад ибн Молик Ашжаъий Бухорий, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ажнас Ажнасий Насафий, аҳмад ибн Маҳмуд, Абу Тоҳир Асбот ибн Алясаъ, Абу Абдуллоҳ Жамоҳир ибн Нуъайм Адиб, Ҳарамий ибн Али, Ҳумайд ибн Назр Байкандий, Холид ибн Шабиб Аздий, Абу Солиҳ Халаф ибн Ишкоб, Салим ибн Мужоҳид ибн Яиш Бухорийлар, Сулаймон ибн Довуд Самарқандий, Абу Исма Саҳл ибн Мутаваккил Бухорий, Тоҳир ибн Маҳмуд ибн Назр ва Туфайл ибн Зайд Насафийлар, Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Самарқандий, Абдуллоҳ ибн Умар Марвазий, Абул Лайс Убайдуллоҳ ибн Сурайж Бухорий, Убайдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳафс Баздавий, Убайдуллоҳ ибн Восил ибн Абдушшакур Байкандий Ҳофиз, Абул Ҳасан Али ибн Ҳасан ибн Осим ибн Ҳорис Байкандий Аъраж, Исо ибн Исма Насафий, Абу Наср Лайс ибн Наср ибн Ҳусайн Шоир, Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайрнинг отаси Муҳаммад ибн Бужайр, “Жамал” (Туя) лақабли Муҳаммад ибн Ризвон Бухорий, Муҳаммад ибн Абд ибн Омир, Муҳаммад ибн Али ибн Ҳамза Марвазий, Муҳаммад ибн Фазл ибн Хаддош Бухорий, Муҳаммад ибн Наҳшал Муаддаб, Абдуллоҳ ибн Каввонинг авлодларидан Яҳё ибн Осим Яшкурий Бухорий ва Юсуф ибн Абда.

Аҳмад ибн Ҳайсам ибн Сумайдиъ Шоший айтади: “Менга Яҳё ибн Яҳё: “Хуросонда иккита хазина бор: бири Муҳаммад ибн Салом Байкандий ҳузурида, иккинчиси Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ҳузурида”, деди.

Саҳл ибн Мутаваккил айтди: “Менга Муҳаммад ибн Салом деди: “Илм олиш йўлида қирқ минг, уни ёйиш учун қирқ минг сарфладим. Қанийди, илм олиш учун сарфлаганимни уни ёйиш учун сарфлаганимда”.

Убайдуллоҳ ибн Шурайҳ айтди: “Муҳаммад ибн Саломнинг шундай деганини эшитдим: “Мен беш мингга яқин ҳадис ёд биламан””.

Муҳаммад ибн Салом катта муҳаддислардан эди. Унинг кўп ҳадислари бор. Кўп сафар қилган. Ҳадис илмида машҳур бўлган. Илмнинг ҳар бобида унинг асарлари бор. У билан Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс ўртасида қалин дўстлик ва биродарлик бор эди. Лекин улар бир-бирига мазҳабда мухолиф эди. Буни Ибн Ҳиббон “Сиқот” китобида зикр қилган. Яҳё ибн Жаъфар Байкандий айтди: “Муҳаммад ибн Салом Байкандий Суфён Саврий вафот этган йили туғилган”. Бухорий ва бошқалар: “У 225 йил Сафар ойининг еттинчисида вафот этган”, дейишган. Уларнинг яна бир устозлари бўлиб, унинг исми Муҳаммад ибн Салом ибн Сакан Байкандийдир, у Сағир, яъни кичикдир. У Абул Ало Ҳасан ибн Сивор Бағавийдан ва Али ибн Жаъддан ривоят қилган. Ундан Убайдуллоҳ ибн Восил Байкандий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Шурайҳ ибн Мусо ибн Динор Бухорийлар ривоят қилишган. Айтишларича, у Мисрда вафот қилган. Буни икковларини ажратиш учун ёздик”.[9]

Тошкент давлат Шарқшунослик институти
Шарқ филологияси факультети Мумтоз филология кафедраси
матншунослик ва манбашунослик 
2- курс магистрант талабаси Расулов Ҳасан

[1] Абу Яъло Халилий. “Ал-иршод фи маърифати уламоил ҳадис”. 3/174.

[2] Ибн Ҳажар Асқалоний. “Тағлиқут таълиқ”. 4/46.

[3] Бадриддин Айний. Ҳанафий “Умдатул Қорий шарҳу Саҳиҳил Бухорий”. 1/25.

[4] Ибн Ҳажар Асқалоний. “Табсирул мунтабиҳ би таҳририл муштабиҳ”. 169-б.

[5] Имом Заҳабий. “Ал-ибар фи хабари ман ғабар”. 74-б.

[6] Сафадий. “Ал-вофий бил вафийят”. 1/345.

[7] Ибн Асокир “Тариху Димашқ”. 8/127.

[8] Бадриддин Айний Ҳанафий “Мағонил ахёр фи шарҳи асоми рижоли маъонил осор”. 5/396.

[9] Жамолиддин. Абул Ҳажжож Миззий “Таҳзибул камол”. 25/340-344 б.

Check Also

ЎРТА АСРЛАР: ДАБУСИЯ ШАҲРИ ВА АЛЛОМАЛАРИ

Қадимдан ғарбу шарқни боғловчи Буюк ипак йўлидаги шаҳар, қалъа ва қишлоқлар савдо учун жуда қулай …