Home / АЛЛОМАЛАР / Ҳадисшунос олим Имом Термизийнинг ислом оламида тутган ўрни

Ҳадисшунос олим Имом Термизийнинг ислом оламида тутган ўрни

Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюк ҳидоятини кимга беришлигини ҳамда унинг мақоми нақадар юксак эканлиги ҳақида марҳамат қилади:

فَمَنْ يُرِدِ اللَّهُ أَنْ يَهْدِيَهُ يَشْرَحْ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ وَمَنْ يُرِدْ أَنْ يُضِلَّهُ يَجْعَلْ صَدْرَهُ ضَيِّقًا حَرَجًا كَأَنَّمَا يَصَّعَّدُ فِي السَّمَاءِ كَذَلِكَ يَجْعَلُ اللَّهُ الرِّجْسَ عَلَى الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ

“Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ имон келтирмайдиганларга (лойиқ) жазони раво кўргай[1].

Бу борада Ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва валлам:

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنهما أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَال: إِنَّ اللَّهَ لَا يَجْمَعُ أُمَّتِي عَلَى ضَلَالَةٍ

(روى الترميذي)

“Албатта Аллоҳ таоло умматимни залолатда бирлаштирмайди”[2] деб, айтадилар.

Шунингдек, Муовия (р.а.)дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида:

عَنْ ُمَعاوية رضي الله عنه قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: مَنْ يُرِدِ اللَّهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّين (روى البخاري ومسلم)

Яъни, “Аллоҳ бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”[3] деб, айтадилар.

Аллоҳ таоло илмнинг фазилатлари ва унинг мартабаси ҳақида Қуръони каримда марҳамат қилади:

يُؤْتِي الْحِكْمَةَ مَن يَشَاءُ ۚ وَمَن يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا ۗ وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ

Яъни, “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илми) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”[4].

Мазкур оят тафсири ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо фикр ва мулоҳазалар билдириб, “Ушбу оятдаги ҳикматдан мурод, ҳалол ва ҳаром илмини билишликдир”, деганлар.

Тарихдан маълумки, ҳар бир замон ва жамиятнинг қудрати, салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанган. Шу сабабли бизнинг юртимизда қадимдан илму маърифатга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Ислом оламида IX-XII асрларни илм-фаннинг олтин даври деб эътироф этилган.

Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, кўҳна Термиз заминида азалдан жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб буюк алломалар етишиб чиққан. Имом Абу Исо Термизий ана шундай улуғ сиймолардан биридир.

Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Сулмий аз-Заририй ал-Буғий ат-Термизий ҳозирги Термиз шаҳридан олти фарсах узоқликда жойлашган Буғ қишлоғида 209 ҳижрий санада таваллуд топдилар. Куниялари Абу Исо, исмлари Муҳаммад, оталарининг исмлари Исо, боболарининг исмлари Савра, нисбатлари Жайҳун дарёси билан ўралган қадимги Мовароуннаҳрнинг Термиз шаҳри номи биландир.

Имом Абу Исо Термизий илм талабида дунёнинг кўплаб мамлакатларида жумладан Хуросон, Ироқ, Макка ва Мадина шаҳарларида бўлганлар.

У зотнинг устозлари кўп бўлиб, улардан энг машҳури Имом Бухорийдир. Кўп ҳадисларни Бухорийдан ривоят қилганлар. Яна устозларидан Имом Муслим ва Абу Довуд ҳамда Басра, Куфа, Хуросон, Ҳижоз шайхлари бўлиб, уларнинг раъйи ва воситаси орқали ҳам фойдаланганлар. Имом Термизийнинг китоби “Саҳиҳ” деб тан олинган олти нафар имом ичида тўртинчи ўринда турадилар.

У зотнинг китоблари бўлмиш “Сунани Термизий” эса “Саҳиҳ Бухорий” ва “Саҳиҳ Муслим” китобларидан кейинги ўринларда туради. У зот ҳадисни жамлашликда ва уни аниқлашда, ёдлашда ва зикр қилишда алоҳида бир мақомга эга эдилар. У кишининг шогирдларидан бўлган Абу Саъд Идрийсий устозларини сифатлаб, ёдлашлари, зеҳнлари тўғрисида зарбулмасаллар битилганини айтади.

Шогирдларидан яна бирлари: “Имом Бухорий вафотларидан кейин Хуросонда Абу Исо Термизийдек илмда, зеҳнда, тақвода, зоҳидликда бирор киши топилмас эди”, деб айтади.

Имом Термизий кўп йиғлаганларидан ҳаётларининг охирги икки йилида кўзлари ожиз бўлиб қолган.

Ибн Атийя: “Менинг ҳузуримда Имом Бухорий ва Муслимнинг китобларига қараганда Имом Термизийнинг китоблари нурлироқ ва тушунарлироқ”, деб айтадилар. “Нима учун?” деб сўралганида, Атийя: “Чунки иккита Имомнинг китобларидан фақатгина илм ва маърифат аҳлларигина фойдалана олишади, холос”, деб айтган эканлар.

Шайхлардан бири Имом Термизийга 40 та ғариб ҳадисни айтиб, имтиҳон қилишлик учун сўраганида, бирорта ҳарфда ҳам хато қилмасдан аввалидан охиригача ўқиб берганларини кўриб, сенинг мислингдаги кишини кўрмаганман, деб айтдилар.

Имом Термизий кўп китобларнинг муаллифидир. Айниқса, “Сунан” китоблари чиройли, фойдаси кўп бўлиб, такрор сўзлари оз, чиройли тартибда ёзилган. Ундаги ҳадислар саҳиҳ, ҳасан, заиф каби турларга бўлинган ҳолда келтирилиши ҳадис илмида ўзига хос янги йўналиш бўлди. Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий Имом Термизийнинг “Жомиъ ас-Саҳиҳ” китобларини сифатлаб: “Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўёки уйида Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладилар”, деб айтадилар. У зотдан бизга қуйидаги китоблар мерос бўлиб қолди:

“Китобу азим” (“Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”), бу китоб “Саҳиҳ ат-Термизий” номи билан машҳурдир, “Шамоилу Набавия”, “Илалу муфрад”, “Илалу фий охири жомиъ”, “Китобу зуҳд”, “Китобу тарих”, “Асмоу саҳоба”, “Асмо вал куна”, “Китобу фий асари мавқуфа”.

Имом Термизийнинг “Саҳиҳ” китобларига кўплаб шарҳ ва мухтасарлар ёзилган.

Устозлари бўлмиш Имом Бухорий Термизийга қарата: “Сен мендан фойдаланганингдан кўра, мен сендан кўпроқ фойдаландим”, деб айтган эканлар.

Имом Термизий қуйида исмлари келадиган шайхлардан ҳадислар эшитиб, улардан ривоят қилдилар: Абдуллоҳ ибн Муовия Жумаҳий (243 ҳижрий санада вафот этганлар), Али ибн Ҳожар Марвазий (244 ҳижрий санада вафот этганлар), Сувайд ибн Наср ибн Сувайд Марвазий (240 ҳижрий санада вафот этганлар), Қутайба ибн Саъид Сақафий Абу Рожо (150 ҳижрий санада туғилиб, 240 санада вафот этганлар), Абу Мусъаб Аҳмад ибн Абу Бакр Зуҳрий Маданий (150 ҳижрий санада туғилиб, 242 санада вафот этганлар), Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Абу Шавориб (244 ҳижрий санада вафот этганлар), Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Ҳотам Ҳиравий (178 ҳижрий санада туғилиб, 244 ҳижрий санада вафот этганлар), Исмоил ибн Мусо Фазорий Саддий (245 ҳижрий санада вафот этдилар).

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, Имом Термизий ҳижрий 279 йили вафот этган, қабри ҳозирги Сурҳандарё вилоятининг Шеробод туманидадир.

Имом Термизий фиқҳда ҳанафия мазҳабида ва эътиқодда Мотуридия йўналишида бўлгани эътиборидан ҳанафий, мотуридий шаҳрида туғилгани эътиборидан Термизий нисбалари бўлган.

Абдуҳалим Муҳиддинов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Калом ва Фиқҳшунос шўъбаси илмий ходими
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Анъом сураси, 125-оят. –Б. 144.
[2] Имом Термизий ривояти. Сунану-т-Термизий №2167 Ҳадис.
[3] Муттафақул алайҳ яъни, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.
[4] Бақара сураси, 269-оят. –Б. 45.

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …