Home / ҲАДИС / Учинчи боб. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Умматимнинг ҳалокати нодон ёшлар қўлидадир!” – деганлари ҳақида

Учинчи боб. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Умматимнинг ҳалокати нодон ёшлар қўлидадир!” – деганлари ҳақида

7058 – حَدَّثَنَا مُوسَى بْنُ إِسْمَاعِيلَ حَدَّثَنَا عَمْرُو بْنُ يَحْيَى بْنِ سَعِيدِ بْنِ عَمْرِو بْنِ سَعِيدٍ قَالَ أَخْبَرَنِي جَدِّي قَالَ كُنْتُ جَالِسًا مَعَ أَبِي هُرَيْرَةَ فِي مَسْجِدِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِالْمَدِينَةِ وَمَعَنَا مَرْوَانُ قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ سَمِعْتُ الصَّادِقَ الْمَصْدُوقَ يَقُولُ هَلَكَةُ أُمَّتِي عَلَى يَدَيْ غِلْمَةٍ مِنْ قُرَيْشٍ فَقَالَ مَرْوَانُ لَعْنَةُ اللَّهِ عَلَيْهِمْ غِلْمَةً فَقَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ لَوْ شِئْتُ أَنْ أَقُولَ بَنِي فُلَانٍ وَبَنِي فُلَانٍ لَفَعَلْتُ فَكُنْتُ أَخْرُجُ مَعَ جَدِّي إِلَى بَنِي مَرْوَانَ حِينَ مُلِّكُوا بِالشَّأْمِ فَإِذَا رَآهُمْ غِلْمَانًا أَحْدَاثًا قَالَ لَنَا عَسَى هَؤُلَاءِ أَنْ يَكُونُوا مِنْهُمْ قُلْنَا أَنْتَ أَعْلَمُ

7058-ҳадис. Амр ибн Яҳё ибн Саид ибн Амр ибн Саид боболаридан ривоят қиладилар: “Жаноб Расулуллоҳнинг Мадинадаги масжидларида Абу Ҳурайра билан бирга ўтирган эдим, Марвон ибн Ҳакам ҳам биз билан бирга эди. Шунда Абу Ҳурайра: “Ростгўйлар ротгўйи бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимнинг ҳалокати қурайшдан бўлган нодон  ёшлар қўлида бўлади!” – дедилар.” Марвон: “Ундай ёшларга Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин,” – деди. Абу Ҳурайра: “Агар Бани Фалон, бани Фалон (фалончини ўғли), деб уларнинг номларини айтишимни истасанг, айтай!” – деди. Мен бобом билан бирга Марвон қабиласи ҳузурига, улар Шомни эгаллаган пайтда борган эдим, шунда бобом уларнинг нуқул ёш-яланглар эканлигини кўриб: “Жаноб Расулуллоҳ бизга айтган ёшлар шулар бўлмаса эди,” – дедилар. Биз: “Сиз биздан кўра яхшироқ биласиз,” – дедик[3].

Амр ибн Яҳёнинг бобоси – Саид ибн Амр ибн Саид ибн Осс ибн Умая ал-уммавий ал-Маккий, Саид ибн Осс розияллоҳу анҳу Бадр жангида ўлдирилган машҳур саҳобий.

Абу Ҳурайра – Абдуроҳман ибн Сохр розияллоҳу анҳу, Абу Ҳурайра у кишининг кунялари бўлган, нима сабабдан Абу Ҳурайра деб лақаб олганини шундай ҳикоя қилади: “Бир мушукча топиб олгандим ва уни енгимда олиб юрардим. Шу сабабдан мени Абу Ҳурайра (мушук эгаси) дея чақирадиган бўлишди”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобий, 600 000 атрофида ҳадис ёд олган. 78 ёшида ҳижрий 57 йилда Мадинада вафот этган.

Марвон ибн Ҳакам – (683-685 йиллар). Абу Абдулмалик Марвон ибн Ҳакам ибн Абул Осс ибн Умайя. Муовия ибн Язиддан сўнг халифаликни эгаллаб, икки йил халифалик қилган. Ундан сўнг ўрнига ўғли Абдулмаликни халифа қилиб қолдиради. Тарихда “Қироллар отаси” деган ном билан машҳур, чунки ундан кейин бирин-кетин тўртала ўғли ҳам халифа бўлади.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

Абу Ҳурайра: “Ростгўйлар ротгўйи бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимнинг ҳалокати қурайшдан бўлган нодон ёшлар қўлида бўлади!” – дедилар.”

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларидан бири ростгўйликдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувват билан неъматланмасидан олдин “Муҳаммад амийн – ростгўй Муҳаммад” номини олган эдилар. У зот ростгўйликка қаттиқ тарғиб қилиб, ёлғончиликдан узоқ бўлишга чақирганлар. Чунки, ростгўйлик жамиятни ислоҳ қилса, ёлғончилик уни бузувчи омилардан саналади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ростгўйликка тарғиб қилинган, ёлғон сўздан қайтарилган бир қатор ҳадислар ворид бўлган:

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рост гапиринглар, чунки ростгўйлик яхшиликларга бошлайди ва бу яхшиликлар жаннатга йўллайди. Киши рост гапираверса, у Аллоҳ таоло ҳузурида жуда ростгўй деб ёзилиб қолади. Ёлғон гапиришдан ўзларингизни сақланг, чунки ёлғон гапириш ҳамма бузуқларга олиб боради, бузуқлар эса дўзахга йўллайди.киши ёлғон гапираверса, Аллоҳ ҳузурида ёлғончи бўлиб ёзилиб қолади”, – деган бўлсалар, ёлғончилик ҳақида: “Ёлғончилар менинг умматим эмас,” – дейдилар.

Шу сабабли Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу сўзлашдан аввал Расуллуллоҳнинг ростгўйлик сифатларини алоҳида таъкидлаб, ундан сўнг у зотнинг умматнинг ҳалокати нодон ёшлар қўлида эканлиги тўғрисидаги ҳадисларини келтирди.

Ушбу ҳадисни баъзи муҳаддислар Расуллуллоҳ замонларидан кейин бошланган фитналарга, хоссатан Язид ибн Муовияга боғлашадилар. Аммо, ҳадисни матнида келтирилган “нодон ёшлар” шахси аниқ бўлмагани ва бобда мавзу сифатида келтирилган ҳадис матни ҳам кўплик ҳолатида келтирилгани учун[1] ушбу ҳадисни ягона шахсга боғлаш тўғри эмас. Имом Бухорий ҳазратлари ҳам мавзуни умумий ҳолатдаги ҳадис матни билан келтирди.

Шунингдек, Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёшларни бошлиқ бўлмоғидан паноҳ сўрайман,” – дедилар. Саҳобалари: “Ёшларни бошлиқ бўлиши нима (ёки, у иш қандай бўлади)?” деб сўрашдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи валлам: “Агар (улар раҳбар бўлсалар) уларга итоат қилсангизлар ҳалок бўласизлар, агар итоат қилмасангизлар сизларни ҳалок қилишади. Уларнинг итоатидаги уларни ҳалок бўлиши диннинг ҳалокатидир, уларга итоат қилмасликдаги сизларнинг ҳалокатингиз жонларингизни ҳалокатидир,” – дедилар.[2]

Шу сабабли муҳаддислар ва уммат уламолари юрт раҳбарлигига ҳамда бошқа дин ва дунё ишларига раҳбарликка ёш йигитларни тайин қилмасликни авло деб билишиб, аксинча ҳаёт тажрибасига эга, узоқни кўра биладиган оқил кишиларни раҳбарлик қўйишни  тавсия қилишади.

Марвон: “Ундай ёшларга Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин,” – деди.

Марвон ибн Ҳакам мусулмонлар бошига мисли кўрилмаган балоларни ёғдирилишига сабаб бўладиган бундай ёшларни лаънатлади. Марвон ибн Ҳакамнинг бундай ёшларни (улар орасида ўз фарзандлари ҳам бўлган) лаънатламоғида ҳам бир ҳикмат бор. Балки, Аллоҳ таоло уни эшитган ёшлар шояд ўзларининг бундай хато йўлларидан қайтсалар, улуғларнинг сўзларига қулоқ тутсалар, дея бу лаънатни Марвоннинг тилига жорий қилгандир. Марвон ибн Ҳакам эса бу умматнинг фақиҳи ўлароқ, ёши етмишга яқинлашиб Язиднинг ўрнини эгаллайди. Ундан кейин бошланган фитналар оловини ўчириб, бутун мамлакатда тинчлик ўрнатади.

Абу Ҳурайра: “Агар Бани Фалон, бани Фалон (фалончини ўғли), деб уларнинг номларини айтишимни истасанг, айтай!” – деди.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу фитнага сабаб бўладиган мазкур қурайш ёшларини номларини аниқ билганлар, агар айтиш мумкин бўлганида ёки айтишни истаганларида бу саволни бериб ўтирмасдан ҳам албатта айтар эди. Аммо, мазкур ҳадис тўпламининг “Илм китоби”даги 120-ҳадисда айтилганидек, саҳобалар, жумладан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ҳар бир ҳадисни, хоссатан, келажакда бўладиган фитналар тўғрисидаги хабарларни оммага ошкор этиши мумкин бўлмаган.

Мен бобом  билан бирга Марвон қабиласи ҳузурига, улар Шомни эгаллаган пайтда борган эдим, шунда бобом уларнинг нуқул ёш-яланглар эканлигини кўриб: “Жаноб Расулуллоҳ бизга айтган ёшлар шулар бўлмаса эди,” – дедилар.

Ҳадисни ривоят қилаётган ровий Амр ибн Яҳё бобоси Саид ибн Амр билан Марвон ҳукмронлик қилган жойларга – Шомга боришади. Ёши етмишга яқинлашган Марвон ўзининг қўл остига асосан ёш йигитларни бирлаштирган эди. Саид ибн Амр Пайғамбар алайҳи-с-салом айтган ёшларни шулар деб тахмин қилади. Аммо, Саид ибн Амрнинг сўзлари нотўғри бўлиши мумкин. Чунки, бу ёшларни бошқариб турган халифа кекса ёшли киши, умматнинг фақиҳи эди. Шомда халифаликка қарши исён кўтарганлар ҳам ёш-яланглар бўлган.  Балки, Саид ибн Амр исён кўтарган ушбу ёшларни назарда тутган бўлиши мумкин.

Биз: “Сиз биздан кўра яхшироқ биласиз,” – дедик.

Амр ибн Яҳё ўзларига савол оҳангида сўз айтган бобосига ҳурмат билан “бундай ёшларни биздан кўра сиз яхшироқ биласиз”, деб жавоб берди.

Саҳобалар ва тобеъинлар ҳамда ундан кейинги даврларда ҳам дин душманлари томонидан ёшлар онгини Ислом динига боғлаган ҳолда нотўғри ақидалар билан тўлдиришга ҳаракатлар бўлган. Бу ҳаракатлар ҳозир ҳам тўхтагани йўқ, аксинча йиллар ўтгани сари янада такомиллашиб бормоқда. Жамиятда динга боғлаган ҳолда фитналар келтириб чиқаришда ёшлар онги ва кучидан фойдаланишнинг турли хил йўллари ва усуллари ишлаб чиқилаётгани соғлом фикрли ҳар қандай кишини ташвишга солмасдан иложиси йўқ. Ислом – миллий маънавиятимизнинг ажралмас бўлагидир. Аммо, бу ҳолатдан фойдаланган ҳолда Ислом дини номидан ёшларимиз онгини ислом дини номи остида турли хил экстремистик ва террористик ғояларни сингдиришга урунишлар ҳозирги вақтда авж олиб кетди. Бунёдкор ва бузғунчи ғоялар ўртасидаги бундай ғоявий палигон кенг миқёсда дунё бўйлаб тарқалганлиги ҳар бир оқил инсонни хавотирга солмоқда. Бугунги кунда экстремизм ва терроризмдан ёшларимизни асраш ҳар бир зиёли кишининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Турли бузғунчи оқимлар ёшларимизнинг, қолаверса ҳар бир инсоннинг энг нозик нуқтаси – имон, эътиқоддан, динга бўлган эҳтиёжидан фойдаланган ҳолда ўз мақсадларини амалга оширишга интилмоқда экан, биз ҳам ёшларимизнинг маънавий иммунитетини шакллантиришимиз лозим. Шунингдек, ёшларимизни турли хил ёт оқимлардан ҳимоя қилишда диний омиллар – Қуръон оятлари ва ҳадислардан кенг фойдаланиш ҳамда диннинг асл моҳиятини англатиш лозим.

Жамиятга ва бутун борлиққа эзгулик исташ Ислом динининг асл моҳияти ҳисобланади. У табиат, жамият, инсон ва унинг онги, яшашдан мақсади ҳамда тақдири инсониятни бевосита қуршаб олган атроф-муҳитдан ташқарида бўлган, уни яратган, айни замонда инсонларга тўғри, ҳидоят йўлини кўрсатадиган ва ўргатадиган илоҳий қудратга ишонишни ифода этадиган таълимотдир.

Ёшларимизни турли хил бузғунчи ва вайронкор оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиб, бунёдкор ғояларни улар онгида шакллантириш учун нималарга эътибор қаратмоқ керак?

Бу борада муҳтарам Президентимиз огоҳликка чақириб: “Ўз болангни ўзинг асра” деган шиорлари остида ҳар бир ота-она ўз фарзандини, ўқитувчи ўз талабасини бепарволик қилмасдан бундай оқимлар таъсиридан ҳимоя қилишга интилиши ҳамда бу йўлда ўз устида ишламоғи, изланмоғи даркор. Ёшларимиз таълим-тарбиясини миллий ва диний қадриятлар асосида шакллантириб, Ватанга муҳаббат, ота-она, элу юртга муҳаббат билан ҳамоҳанг қилиб, миллий ва диний қадриятларни, она заминни ва ҳатто унда ўсган ҳар бир дарахтни, кўчатни асраб-авайламоқга ҳамда келажак авлод учун озод-обод Ватанни асраб етказиш ўсиб келаётган ҳар бир ўсмир йигит-қизнинг вазифаси эканлигини ўргатиб боришимиз зарур. Ёшларимиз онги ва руҳиятига салбий ва кескин таъсир қилувчи ҳар қандай воситаларга қарши уларда аввало иммунететни ҳосил қилишимиз энг долзарб ишлардан бири ҳисобланади.

Шубҳа йўқки, миллий ва диний қадриятларимизнинг тарбиявий жиҳати жуда кенг ва серқирра жараён бўлиб, ёшларимиз тарбиясидаги ўрни беқиёсдир. Улардаги ватанпарварлик, инсонийлик, меҳр оқибат каби тушунчалар фарзандларимизни иймонли инсофли, юртимизга астойдил хизмат қилувчи юксак маънавиятли шахслар қилиб тарбиялайди.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Раҳбарликка ҳаётий тажрибага эга, ёши улуғ кишиларни сайлаш.
  2. Ёш йигитларга раҳбарлик лавозимини беришдан эҳтиёт бўлиш.
  3. Ёшларнинг тарбиясига бепарво бўлмаслик.
  4. Ёшларни турли ақидавий хуружлардан ҳимоя қилиш.
  5. Олим кишилар билган илмларини ҳаммасини ҳам оммага ошкор қилишлари жоиз эмаслиги.
  6. Ёши улуғ, илмли кишиларни ҳурмат қилиш.
Қобилов Н.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази,
Ҳадисшунослик шўъбаси илмий ходими
[1] Ушбу ҳадисни Имом Бухорий “ат-Тарих ал-кабийр” асарида “ёшлар” деб умумий ҳолатда ривоят қилган. Қаранг; 1315-ҳадис.
مالك بن ظالم سمع أبا هريرة قال عمرو بن مرزوق حدثنا شعبة عن سماك عن مالك بن ظالم عن أبي هريرة عن النبي صلى الله عليه وسلم قال هلاك أمتي على أيدي أغيلمة من قريش
[2] Фатҳул-Борий. 9 жуз. –Б 13.
[3]«ал-Жомиъ ас-саҳиҳ» , Фитналар китоби, учинчи боб, 7058-ҳадис

Check Also

ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

Аллоҳ таоло инсонга ота-онаси билан яхши муносабатда бўлишни ва доимо уларга мурувват кўрсатишни буюрган. Аллоҳ …