Home / МАҚОЛАЛАР / Аллоҳ учун дўст-биродар бўлинг

Аллоҳ учун дўст-биродар бўлинг

Мусулмон киши диндош биродарларига ёрдамини аямайди. Унинг қийинчилигини бартараф этишга, унга бошқа тарафлардан келадиган жабру-зулмни қайтаришга ҳаракат қилади. Унга суянилганида ишончни оқлайди. Чунки динимизнинг амри шундай. Биродарини таҳқирламайди, унинг устидан кулмайди, истеҳзо этмайди.

Исломда инсонни камбағал, мискин, кучсиз бўлганлиги учун ҳақоратлаш, ҳақир кўриш жуда ёмон одат ҳисобланади. Чунки ҳамма ҳам Аллоҳнинг бандаси. Фақат бирисини чиройлироқ, бойроқ, иккинчисини кучсизроқ, камбағалроқ яратган. Мўмин-мусулмонларнинг вазифаси биродарини таҳқирлаш эмас, балки унга ёрдам бериб дуосини олишдир. Зеро, кўнгиллар нозик бўлади. Фақир мўминлар ўз тақдирларига рози бўлганларидан Ҳақ наздида уларнинг қадр қийматлари баланд. Дуолари ҳам мустажобдир. Агар мўмин-мусулмон биродарлар ўртасида келишмовчиликлар, зиддиятлар пайдо бўлса, зудлик билан ислоҳ қилишга ўтмоқ керак. Шунинг учун ҳам, оятда Аллоҳ таоло;

«Бас икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг», деб таъкидламоқда.

Албатта, урушганларнинг ўртасини, ислоҳ қилиш осон эмас. Турли ҳолатлар келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун ҳам, ислоҳ қилмоқчи бўлган киши узига Аллоҳнинг тақвосини қурол қилиб олиши зарур. Фақат шундагина адолат билан иш тутишга муяссар бўлади. Оятнинг охиридаги амр шунинг учун келтирилган: Ҳақиқий дўстлик қандай бўлишини, дарҳақиқат, саодат асри бўлмиш, Пайғамбаримиз (с.а.в) даврида муҳожирлар ва ансорларнинг ҳаётидан билиб олиш мумкин.

Вақтики, муҳожирлар Маккадан ҳижрат қилганларида, уларнинг кўпчиликларида молу мулклари қўл остиларида йўқ эди. Чунки улар мушрикларнинг ёмонлиги дастидан яширинча қочиб қутулиб қолган эдилар. Шунинг учун Мадиналик саҳобалар Маккалик саҳобаларга ёрдам қўлини чўздилар. Улар шунчалик даражада муҳожирларга меҳр кўрсатдиларки, ҳаттоки, уйларини иккига бўлиб, қўл остиларидаги барча нарсани тенг ярмини уларга бердилар. Бўлмаса уларда на қариндошлик ришталари бор эди, на олдин улар бир-бировларини кўрган эдилар. Уларни фақат бир ришта узвий боғлаб турарди, у ҳам бўлса илоҳий иймон риштаси, яъни Аллоҳ таолонинг дини бўлмиш Ислом дини тутарди.

Дарҳақиқат, ҳақиқий мусулмон ҳаёти фаришталарнинг ҳаётидек соф ва покизадир. Ҳақиқий мусулмон ҳаммага фойдаси тегадиган мусулмондир. Ўзи яхши кўрган нарсани бошқа одам учун ҳам лозим кўриш дин мезонидир.

Мўмин кишининг дўстига бўлган муносабати кайфияти қандай бўлиши керак. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида шундай маҳамат қиладилар: “Мўминлар ўзаро бир-бирларига дўстлик, эзгулик ва меҳрибонлик кўрсатишларида бир тана бўлиб, унинг бир аъзоси бетобликдан оғриса, қолган аъзолари ҳам бедор ва нотинч бўлгани кабидир”.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминлар бир-бирларига дўст ва биродар эканини шундай тарифлайди:

Яъни: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар” (Тавба, 71).

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмон билан ака-укадир. Унга зулм қилмайди, ҳақир санамайди ва хўрламайди. Тақво бу ерда деб қалбларига уч марта ишора қилдилар”. Яна: “Мусулмон биродарини ҳақир санамоғи унинг ёмонлигига кифоя қилади. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмон қони, моли ва обрўсига тажоввуз қилмоғи ҳаромдир”, дедилар. (Имом Муслим ривояти).

Мўминлар ана шундай бир-бирларига дўст бўлиб, тотувликда, аҳилликда ҳаёт кечириб, бир-бирларига чиройли муносабатда ўзаро меҳр кўрсатиб, бир-бирига ёрдам қўлини чўзсалар, жамият файзли ривожланади, тинчлик тотувлик барқарор бўлади.

Ислом ҳамиша инсонларнинг ўзаро дўст-аҳил яшашларини истайди. Ҳар бир шахс жамият манфаати ва саодати йўлида жон куйдирмоғи лозим. Ўшанда адолат қарор топади, кўнгиллар хотиржамлик туяди ва биродарлик ришталари мустаҳкамланиб, аҳиллик кучаяди.

Бекназар Абдуллаев
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайн бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …