Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказ вакиллари халқаро конференцияда иштирок этиб қайтди

Марказ вакиллари халқаро конференцияда иштирок этиб қайтди

Аввал хабар берганимиздек, дунёнинг 1000 та эътироф этилган нуфузли университетитларидан бири Карабук Университетида жорий йилнинг 11-12 октябрь кунлари “Ислом тарихи ва маданият тараққиёти” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда  ИБХИТМ директори ўринбосари Ш.Умаров иштирок этиб, “Ислом цивилизацияси ривожида Марказий Осиё алломаларининг тутган ўрни” мавзусида илмий маъруза қилди. Мазкур халқаро анжуманда дунёнинг 50 дан зиёд давлатидан келган 90 нафар соҳа олимларининг маърузалари тингланди, таъкидлаш жоизки, ушбу халқаро конференцияда қилинган маърузаларнинг деярли барчасида Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий, Мирзо Улуғбек каби алломаларнинг дунёвий илм борасида ёзган асарлари ва буюк кашфиётлари таъкидланган бўлса, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий каби алломалар асарлари тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом ва тасаввуф йўналишида тасниф этилган нодир асарлар эканлиги маърузачилар томонидан таъкидлаб ўтилди.

Истанбул шаҳри муфтийси, профессор Меҳмид Эмин Машали ўз нутқида: “Ўзбекистон тупроғидан буюк алломалар етишиб чиқиб, дин ва дунё илмлари ривожида буюк ишларни амалга оширган. Улар бухорийлар, самарқандийлар, шошийлар, кешийлар, хоразмийлар бўлиб бу каби алломаларни яна кўплаб келтириш мумкин. Ўзбекистон алломалари асарларидан бутун дунё мусулмонлари бирдек фойдаланадилар. Ўзбекистон билан илмий-амалий муносабатларни ривожланиши барчага манфаатли бўлади”, – дея фикр билдирди.

Карабук университетида 16  йўналишда  55 минг талабалар таҳсил олмоқда. Уларнинг 6500 нафари хорижий талабалар ва улар орасида айнан Ўзбекистондан ҳам 100 дан зиёд талаба бор. Тадбир доирасида ҳар бир давлатдан келган талабалар томонидан  миллий таомлар ва санъат кўргазмаси ташкил этилди.  Ўзбекистонлик талабалар ҳам ушбу кўргазмада фаол иштирок этишди.

Халқаро конференцияда билдирилган фикрлар ва келишувлар келажакда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг илмий-тадқиқот ишларини халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириш, илмий ходимлар малака ва савиясини ошириш, Туркия олимлари ва мутахассислари ёрдамида Туркиядаги қўлёзма манбаларни ўрганиш имкониятини янада кенгайтиради.

Марказ илмий ходимлари томонидан бу каби нуфузли тадбирларда ўз маърузалари билан иштирок этиши ва халқаро илмий муносабатларни йўлга қўйилиши Ўзбекистон ва Туркия университетлари ва илмий марказлари ўртасида 2019-2022 йилларга мўлжалланган ҳамкорликка оид  «Йўл харитаси» да белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

ИБХИТМ
Матбуот маркази

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …