Home / МАҚОЛАЛАР / Маҳмуд Қошғарийнинг улуғ туҳфаси – “Девону луғотит турк”

Маҳмуд Қошғарийнинг улуғ туҳфаси – “Девону луғотит турк”

Биз сўз юритаётган ушбу улуғ зотнинг тўлиқ исми шарифлари Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад Қошғарийдир. Ул зот ўз давридаги туркий тил ва араб тилига баҳо бериб, “Араб тили ва туркий тил, худди пойга қилиб чопаётган икки улоқчи от сингаридир” – деб ёзганлар[1].

Дарақиқат, “Девону луғотит турк” (ديوان لغات الترك‎) дек асар ёзиш фикри муаллифнинг ўз тили ва маданиятига нисбатан буюк муҳаббати ва ифтихоридан дарак беради ва айни замонда ушбу асар муаллифнинг чинакам маърифатпарвар бўлганлигини, бошқа тиллар ва маданиятларга нисбатан ҳам самимий ҳурматини исботлайди. Айни пайтда ушбу китобнинг бой мазмуни, чуқур ўйланган ички тузилиши муаллифнинг чуқур интеллектуал ҳамда маънавий салоҳиятидан дарак беради.

Маҳмуд Қошғарий “Девону луғотит турк” (ديوان لغات الترك‎) китобида бевосита ўз ҳаётига тааллуқли бўлган баъзи маълумотларни ёзади, унда айтилишича, у Иссиқкўлнинг жанубий қирғоғидаги Барсғон шаҳрида туғилган, шунингдек, агар унинг исмидаги нисбаси ҳам эътиборга олинса, Қорахонийлар сулоласининг марказий мулки ҳисобланган Қошғар шаҳридан бўлиб чиқади. “Девону луғотит турк” (ديوان لغات الترك‎) китобида – “урду” сўзи – шоҳ яшайдиган шаҳар, яъни – ўрда дейилган – шунинг учун Қошғарни урду канд яъни: Ўрдакент – шоҳлар яшайдиган шаҳар дейишади[2].

Шундай қилиб, Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад Қошғарий 1029 йили Иссиқкўлнинг жануби шарқий қисмида жойлашган Барсхон шаҳрида туғилган. Айтишларича, Барсған Алп Эр Тегин, яъни Афросиёб ўғлининг исмидир ва айнан у, Барсған шаҳрини бунёд этган кишидир[3] ва унинг шарафи учун бу шаҳарга унинг исмига қўйилган. Тарихий маълумотларга кўра, Маҳмуд Қошғарийнинг отаси – Ҳусайн ибн Муҳаммад ҳам худди шу шаҳарда туғилган.

Афсуски, Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад Қошғарийнинг ҳаёти ва фаолиятига доир тўлиқ маълумотга эга эмасмиз. Маълумотларга қараганда ул зотнинг боболари асли Қошғарлик бўлиб, XI асрда Боласоғунда таваллуд топгандирлар. Ул зотнинг дастлаб Қошғарда, сўнгра Самарқанд, Бухоро, Марв, Нишопур, Бағдод каби машҳур шаҳарларда таҳсил кўргани айтилади. Айтиш мумкинки, ул ҳазрат ёшлигидан тил ва адабиёт илмига алоҳида қизиқиш билан қараган.

Кейинчалик ул зот Хитойдан тортиб, Ўрта Ер денгизигача бўлган ҳудуддаги мамлакатларни кезиб, узоқ йиллар давомида туркий халқлар тарихи, тили, оғзаки ва ёзма адабиёти, урф одатлари, яшаш тарзи, маданиятини синчиклаб ўрганади. Бунда ул зот айниқса, туркий сўзларни тўплаш, туркий тил ва лаҳжаларни бир-биридан фарқлаш, уларни мунтазам тартибга солишга ҳаракат қилади.

“Мен – дейди Маҳмуд Қошғарий, турклар, туркманлар, ўғизлар, чигиллар, яғмолар, қирғизларнинг шаҳарларини, қишлоқ ва яйловларини кўп йиллар кезиб чиқдим, луғатларини тўпладим, турли хил сўз хусусиятларини ўрганиб чиқдим. Мен бу ишларни тил билмаганлигим учун эмас, балки бу тиллардаги ҳар бир кичик фарқларни ҳам аниқлаш учун қилдим. Бўлмаса, мен тилда уларнинг энг етукларидан, энг катта мутахассисларидан, хушфаҳмларидан, эски қабилаларидан, жанг ишларида уста найзадорларидан эдим. Туркий тил лаҳжаларига шунчалик диққат қилдимки, тиллари бутунлай дилимга жо бўлди. Уларни ҳар томонлама пухта бир асосда тартибга солдим. Бу китоб бир адабий ёдгорлик бўлсин деб, худога сиғиниб, уни ёздим. Китобни -“Девону луғотит турк”[4] (ديوان لغات الترك‎) – (Туркий тиллар луғати) – деб, атадим.

Ҳозирги замон илмий тили билан айтганда, Маҳмуд Қошғарий XI асрнинг улкан тилшунос олими сифатида машҳурдир.

Қошғар шаҳри Қорахонийлар сулоласининг асосий маскани эканлигини таъкидлаганига қараб, бир қатор тадқиқотчилар Маҳмуд Қошғарийни ҳам шу сулолага дахлдор деб биладилар. Бундан ташқари, у луғатга бераётган таърифий мақолаларидан бирида, аниқроғи уйғур – тўғрисида сўз кетаётган, яъни ўғуз лаҳжасида ҳамза ҳарфи “х” ҳарфи билан ўрин алмашиши тўғрисидаги ўринда таъкидлаб, шундай деб ёзади: “Шул сабабдан бизнинг аждодларимиз бўлган амирларни ъамир дейишга тиллари келмай хамир дейишар эди… Сомонийлардан турк ерларини тортиб олган бизнинг бобомизни эса Амир Бухра Текин деб аташар эдилар… – деб ёзади.[5]

Бу ерда муаллифнинг ўз насл-насабини келтириши ҳамда Қошғарнинг Қорахонийлар учун асосий резиденция эканлиги тўғрисидаги маълумоти бир қанча тадқиқотчилар учун (масалан, Прицак, Жузе ва бошқа шу каби) “Девону луғотит турк” муаллифининг ўзи ҳам Қорахонийлар сулоласига тегишли бўлган бўлса ажаб эмас, деган фикрнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлди.

Жузенинг тахминига кўра, узоқ замонлардан буён Сомонийлар ҳукмида бўлиб келган Трансоксания ерларини эгаллашни охирига етказган ва Маркази

Қошғар бўлган Қорахонийлар сулоласининг етакчиси Наср ибн Али Маҳмуд Қошғарий аждодларидан бири бўлган. (вафоти тахминан 1012 ёки 1013 йил)

Бир қатор тарихий манбаларга ва “Девону луғотит турк” (ديوان لغات الترك‎) дан келтирилган юқоридаги фрагментга асосланган Прицак Маҳмуд Қошғарий 992 йили Бухорони қўлга киритган, Трансоксаниянинг биринчи истилочиси Бўғрахон унвонини олган Хорун (ал-Ҳасан) ибн Сулаймоннинг авлоди бўлган деган фикрни билдиради.

Ўша машҳур “Девону луғотит турк” (ديوان لغات الترك‎) китоби

Прицакнинг таъкидлашига кўра, Маҳмуд Қошғарийнинг отаси Ҳусайн ибн Муҳаммад, Барсғон амири Бўғрохоннинг невараси бўлган тарихий шахс Ҳусайн ибн Муҳаммад билан айни битта одам, айни бир кишидир.[6]

Маҳмуд Қошғарийнинг вафот этган аниқ санаси маълум эмас, бироқ айрим тадқиқотчилар 1101 йилни ул зотнинг вафот этган санаси деб, Қошғар яқинидаги Опал қишлоғини эса, ул ҳазратнинг вафот этган жойи деб, ҳисоблайдилар.

Опал қишлоғидаги Маҳмуд Қошғарий хилхонаси
Маҳмуд Қошғарий учун тикланган ҳайкал

Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” (ديوان لغات الترك‎) китоби- ни барча туркий тиллар луғатининг жамланмаси ёки умумтуркий тил энциклопедияси деб аташ ҳам мумкин.

Маҳмуд Қошғарийнинг Опалдаги мозори кейинроқ “Авлиё устоз қабри”- деб атала бошлаган. Ушбу сағана 1984 йили таъмирланган.

“Девону луғотит турк” (ديوان لغات الترك‎) саккиз бобдан иборат бўлиб у етти ярим минг лексемани ўз ичига қамраб олган. Албатта, шак-шубҳа йўқ, бу асарнинг ёзилишига бир неча йиллар давомидаги катта меҳнат сарфланган. Бундай меҳнатнинг натижаси ўлароқ муаллиф томонидан туркий халқларга мансуб бўлган катта ҳажмдаги лингвистик, тарихий ва этнографик маълумотлар жамланган. Маҳмуд Қошғарий ҳазратлари илк ўрта асрлардаги туркий халқларга тегишли манзилларни айланиб, ўрганиб чиқиш жараёнида ниҳоятда улкан миқдордаги лисоний бойликлар тўплаганлар.

Ушбу асар том маънода ўрта асрларнинг дастлабки даврларида мавжуд бўлган турк халқларига хос бебаҳо тарихий лингвистик, этнографик, фольклор намуналарини, ҳамда туркий тилнинг фонетик, грамматик ва лексик жиҳатларини, тил дурдоналарини акс эттирувчи ўхшаши йўқ бир китобдир.

Маҳмуд Қошғарий қаламига мансуб “Девону луғотит турк” (ديوان لغات الترك‎) китоби, албатта, дастлабки давр турк диалектологиясига доир ягона илмий асар бўлиб унда ушбу тил диалектологияси ва морфологиясининг мавжуд ҳолатлари ҳамда уларнинг спецификасига тааллуқли диалектик шакллар тўғрисида етарлича маълумотлар бор. У Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон, Волга бўйи ва Ўрол тоғлари атрофидаги элатлар ва халқларнинг оғзаки шеърий ижодиётининг матнларини ўзида қамраганлиги билан ҳам қимматлидир.

Эски араб филологиясининг илмий услубларидан фойдаланиб битилган Маҳмуд Қошғарийнинг ушбу асари тилшунос, адабиётшунос ва фольклоршунослар учун жуда қимматли манба ҳисобланади.

“Девону луғотит турк” (ديوان لغات الترك‎) “Муқаддима”сида Маҳмуд Қошғарий туркий тилли халқларнинг номларини бирма-бир келтиради. Улар: бажнак, қипчоқ, уғуз, ямак, бошқирд, басмил, қай, ябоқу, татар, қирғиз, чигил, тухси, яғмо, иғроқ, жару, жамул, уйғур, тангут, табғач халқларидир. Шунингдек, девонда ана шу туркий халқлар яшаган жойларни кўрсатувчи доира шаклидаги харита ҳам келтирилган.

Китобнинг “Луғат” қисмида эса ана шу халқларнинг тиллари ўртасидаги ўхшаш ва фарқли жиҳатлар кўрсатилади, мукаммал изоҳи берилади. Асарда етти ярим мингдан ортиқ туркий сўзларга атрофлича изоҳ берилади. Шунинг учун ҳам «Девони луғатит турк» (ديوان لغات الترك‎) – (Туркий тиллар луғати) туркий тилшуносликнинг энг нодир ва муҳим ёдгорлигидир.

Маҳмуд Қошғарий ўзининг сайъи-ҳаракатлари давомида туркий тиллар тадқиқига бағишланган جَواهِرُ النَّحْوِ فِي لُغَات التُّرك «Жавоҳир ун-наҳв фи луғотит-турк» (Туркий тиллар наҳвига оид гавҳарлар) ёки (Туркий тилларнинг наҳв (синтаксис) қоидалари) ҳамда «Девони луғатит турк» (Туркий сўзлар луғати девони) номлари билан аталувчи иккита асар яратганлиги тарихий ҳужжатларда қайд қилинган. Бу асарнинг биринчиси бизга қадар етиб келмаган, ёки аниқланган эмас. «Девони луғатит турк» асарини эса олим 1076-1077 йилларда тугаллаб, халифа Абулқосим Абдуллоҳ бин Муҳаммад ал-Муқтадога туҳфа этади.

Бу асарнинг 1276-1277 йиллар давомида Муҳаммад бин Абу Бакр Дамашқий деган киши томонидан кўчирилган бир қўлёзмаси Истанбулдан топилади ва 1939-1941 йилларда ҳозирги турк тилида нашр этилади. Солиҳ Муталлибов ушбу илмий асарни ҳозирги ўзбек тилига ўгириб, 1960-1963 йилларда уни уч жилдда нашр эттирган.

Рустамов О.Ю.
Филология фанлари номзоди, доцент
Юсупов Н.О.
СамДЧТИ магистри
[1] Маҳмуд Қошғарий, “Девону луғотит турк» Таржимон Солиҳ Муталлибов. 1-жилд. Т., 1960. 46-бет.
[2] Маҳмуд Қошғарий, “Девону луғотит турк» Таржимон Солиҳ Муталлибов. 1-жилд. Т., 1960. 145-бет.
[3] Маҳмуд Қошғарий, “Девону луғотит турк» Таржимон Солиҳ Муталлибов. 3-жилд. Т., 1963. 424-бет.
[4] Маҳмуд Қошғарий, “Девону луғотит турк» Таржимон Солиҳ Муталлибов. 1-жилд. Т., 1960. 44-бет.
[5] Махмуд ал – Кашгари. «Диван Лугат ат-Турк», Алматы:Дайк-Пресс. 2005. 1288 с. Стр17.
[6] Кононов А.Н. Махмуд Кашгарский и его диван «Дивану Лугат ит-Турк» // Советская тюркология.1972. Т.1.

Check Also

Сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз

Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир. Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламо аҳли …