Home / МАҚОЛАЛАР / Бола азиз — одоби ундан азиз

Бола азиз — одоби ундан азиз

Халқимиз азалдан ўзининг болажонлиги, оилапарварлиги билан ажралиб туради. Албатта, фарзандга меҳр қўйиш, қорнини тўқ, устини бут қилиш ўз йўли билан, лекин уларни ёшлик чоғидан бошлаб таълим-тарбияли, ахлоқ-одобли, юксак маънавиятли қилиб вояга етказиш биз учун доимо муҳим аҳамият касб этади.

Ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало саломлашишни ўргатсин. Чунки салом бериш Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) суннатларидандир, унга алик олиш эса вожибдир. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халқ йўқ. Доно халқимиз бежиз: «Гапнинг боши – калом, одоб боши – салом», демаган. Чунки бирор нотаниш киши билан кўришиб-танишмоқчи бўлсангиз, салом беришингиз билан гап-гапга қовушади, ўртадаги бегонасираш, ноқулайлик барҳам топади. Ҳатто душман ҳузурига «Ассалому алайкум» (Сизга тинчлик омонлик бўлсин) деб кирсангиз, унинг жаҳли тушади, кеки йўқолади, кўнгли сизга мойиллашади. Саломлашишнинг савоби, бунга бериладиган ажр-мукофотларку, ҳаммасидан ҳам юксак.

Ота-боболаримиз азалдан ўғил-қизларнинг чиройли хулқли, одобли бўлишига катта аҳамият беришган. Чунки Ислом дини ахлоқни имон қаторида қўяди. Ҳамма замонларда, ҳамма ўлкаларда яхши хулқли, олижаноб, ширинсўз, ҳалим инсонлар жамиятнинг кўрки, одамларнинг аълоси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Айниқса, аждодларимиз бу борада бутун инсониятга ибрат-намуна бўлган. Ҳар бир ота-она ана шу кўрсатмаларга биноан фарзандини чиройли хулқ эгаси қилиб тарбияласин, унга одоб ўргатсин. Чунки яхши хулқ инсонларни бир-бирига улфат қилади, ёмон хулқ эса уларни ажратиб ташлайди. Яхши хулқ муҳаббатни, ҳамкорлик ва муросани тақозо этса, ёмон хулқ нафрат, ҳасад ва келишмовчиликларга сабаб бўлади.

Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади: «Ёмон хулқнинг мисоли худди синган сопол идишга ўхшайди, уни ямаб ҳам, лойга қайтариб ҳам бўлмайди». Фузайл ибн Иёз эса: «Чиройли хулқли фожир (ярамас) кимсанинг менга ҳамсуҳбат бўлиши ёмон хулқли обид (ибодатли) киши суҳбатидан яхшироқдир», деган. Умар ибн Хаттоб: «Инсонларга чиройли хулқлар билан аралашинглар. Улардан яхши амаллар билан ажралиб туринглар», деб айтганлар. Али ибн Абу Толиб: «Ҳусни хулқ уч хислатда бўлади: ҳаромлардан сақланишда, ҳалолни исташда ва оилани фаровон қилиб қўйишда», деганлар. Ҳасан Басрийнинг бундай сўзлари бор: «Ҳусни хулқ очиқ юзли бўлиш, молни сарфлаш ва азият беришдан ўзини тийишдир».Саҳл Тустарий айтадики: «Ҳусни хулқнинг энг ози азиятларни кўтариш, товон (пули)ни тарк этиш, золимга ҳам раҳм қилиш ва унга истиғфор айтишдир».

Фарзанд тарбияси ҳақида сўз борар экан, уларга тегишли умумий одоб-ахлоқлар ҳақида Имом Ғаззолий айтган сўзларни нақл этишни лозим топдик: «Ёшлар тилла тақинчоқ ва турли зебу зийнат тақмасликлари лозим.

Улар ўтириш, туриш, салом бериш одобларига риоя этишлари, ўзларидан катталар ҳузурида оёқларини чалиштириб ўтирмасликлари, сергап ва сўкувчи бўлмасликлари, беҳаё сўзларни айтмасликлари, хусусан, ёмон хулқли тенгдошларига аралашишдан эҳтиёт бўлишлари керак («Иҳё…» китоби, 3-жуз, 70-бет).

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деганлар. Демак, ҳар бир ота-она ёки мураббий фарзанднинг имон-эътиқоди, одоб-ахлоқи ва бошқа жиҳатларига мунтазам аҳамият бериши лозим. Фарзанд – ота-онаси учун бир синов, унинг қалби покиза гавҳар. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, оқил фарзанд бўлиб камол топади. Унинг савобига ота-она ва мураббий шерик бўлади, аксинча бўлса, унинг гуноҳи валийига ҳам тегади. Фарзанддан яхши хулқ ва мақтовга лойиқ сифат намоён бўлса, уни тақдирлаш ва оила даврасида эътироф этиш лозим. Баъзан арзимас беадаблик қилса, кўпчилик орасида билмаганга олиб, айбини ошкор айтмаслик керак. Лекин вақти, ўрнини топиб чиройли одобга ўргатиш шарт. Ёшлигидан солиҳ бўлиб ўсган ўғил-қизлар ота-онага меҳрибон, Ватани ва халқига муҳаббатли бўлади, яхшилик ва меҳр-муҳаббат қалбидан мустаҳкам ўрин олади. Имом Ғаззолий «Эй фарзанд!» китобида солиҳ инсонларга хос вазифаларни баён этиб, бундай дейди: «Бола бир асалари муми кабидир. Мураббий уни истаган шаклга солиши мумкин. Бола ота-онасининг ёнида бир пок саҳифа кабидир. Унинг қалбига ҳеч бир нақш ё сурат солинмаган. Аммо бундай қалб ҳар қандай нақшни олишга ҳозир, яъни ҳамма нарсага мойилдир. Шунинг учун ҳам уни гўзал амаллар билан банд этиш лозим. Бу қалб эзгу­ликлар ва билимлар билан тўлдирилса, фарзанд баркамол инсон бўлиб етишади».

Бундай фарзандлар етишиб чиқишининг гарови ота-она ва мураббийлар масъулиятни тўлиқ адо этишлари ва меҳр – муҳаббатларини аямасликларидадир.

Солимхон Юсупов
Наманган шаҳри «Мулла Сайфиддин» масжиди имом хатиби

Check Also

МИЛЛИЙ КОНТЕНТ нима учун керак? ЁХУД МАҚСАД — ҲУДУДЛAPНИ ЭМAC, OНГНИ ЭГAЛЛAШ

Яқинда ўтган асрнинг 40-йиллари охирида суратга олинган фильмдан лавҳа кўриб қолдим. Унда бир дастурхон атрофида …