Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони каримнинг жамланиши ва сура-оятлар тартиби

Қуръони каримнинг жамланиши ва сура-оятлар тартиби

Маълумки, Қуръони карим оятлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга инсонларнинг эҳтиёжларига қараб Жаброил алайҳиссалом орқали йигирма уч йил давомида кетма-кетликда туширилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида, яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамланиб, китоб шаклига келтирилмаган. У зотнинг вафотларидан кейин Қуръон кишиларнинг қалбида ва ёзган нарсаларида қолди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг, Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида диндан қайтганлар билан мусулмонлар орасида қаттиқ жанглар бўлди. Шу жангларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Шунда ҳазрати Умарнинг Абу Бакрга (Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин) берган кўрсатмаларидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу Қуръонни китоб шаклига келтириб қўйиш зарур эканини англаб етди ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни чақириб, бу ишни амалга оширишни у кишига топширди. Чунки Зайд ибн Собит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котиблари бўлиб, Қуръонни энг яхши ёд олган ва уни Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларида ёзган, Пайғамбаримиз вафот этадиган йиллари Жаброил фариштага Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб ўтказганларида бирга бўлган эди. Зайд ибн Собит, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо ва бошқалар Қуръони каримни пухта ёд билишларига қарамай, бу улкан ишнинг мустаҳкам, ишончли бўлишига ҳаракат қилиб, масжидда: «Кимнинг қўлида ёзилган Қуръон бўлса ва унинг Пайғамбаримиз ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳи бўлса, бизга олиб келсин, Қуръонни жам қилишга халифанинг буйруғи бўлди», – деб эълон қилдилар. Икковлари масжидда ўтириб, гувоҳларни текшириб, ниҳоятда аниқлик билан бир йилдан ортиқ вақтда Қуръонни жамлаб бердилар. Сўнг кўпчиликка кўрсатдилар, ҳамма рози бўлди. Агар бирор ҳарфи ўрнида бўлмаса, минглаб ёд биладиганлар қарши чиқар эди. Лекин асосий таянч ёдлаш бўлиб қолаверди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фариштадан ёдлаганлар, у кишидан саҳобалар, саҳобалардан эса улардан кейинги авлод ва ҳоказо, ҳозиргача етиб келган. Вақт ўтиши билан Ислом давлатининг чегараси кенгайиб, кўплаб халқлар ҳам мусулмонликни қабул қилиб, мусулмонларнинг сони кўпайгандан сўнг Қуръонни ўқишда турли келишмовчиликлар чиқа бошлади. Бу ҳолатни кўрган ўша вақтдаги халифа Усмон ҳазратлари Хафса онамиздан Абу Бакр давридаги саҳифаларни сўраб олиб, ундан олти нусха кўчиришга буйруқ бердилар. Нусхалар тайёр бўлгандан сўнг мусулмонлар яшайдиган диёрлардаги марказий шаҳарларга биттадан нусхага биттадан қори қўшиб жўнатдилар ва ҳаммага фақат шу нусхадан Қуръонни кўчириш ва шу қоридан қироат ўрганишга буйруқ бердилар. Бошқа мусҳафларни ёқиб юбориш ҳақида фармон чиқди. Дунёда ҳеч бир уммат ҳеч бир китобга Ислом уммати Қуръони каримга аҳамият берганидек аҳамият берган эмас[1].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳийнинг тушиши Маккада бошланиб, Мадинада охирига етган. Шу сабабли сураларнинг баъзилари маккий (Макка суралари), айримлари маданий (Мадина суралари) дейилади. Қуръони карим узун – қисқа сура ва оятлардан иборат бўлиб, суралар сони 114 та ва оятлар сони эса ихтилофлидир. Оятлар сонини Басра олимлари 6204 та, Макка олимлари 6219 та, Куфа олимлари 6236 та, Шом уламолари 6225 та кўрсатган. Баъзи олимлар бундан ҳам кўпроқ белгилашган. Масалан, юртдошимиз Маҳмуд Замахшарий (ваф. 1149) “Ал-Кашшоф” тафсирида Қуръони каримда 114 сура, 6666 оят, 77439 сўз ва 325343 дона ҳарф бор, деб ёзган.

Оят – бу Қуръондаги сураларда жойлаштирилган Аллоҳнинг каломидан иборат жумладир. Сура – бошланиши ва тугаши маълум бўлган Қуръоннинг оятларидан ҳосил бўлган жумладир. Оятлар ваҳий билан тушганидек, уларнинг жойлашиш тартиби ҳам Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий билан билдирилган. Саҳобалардан нақл қилинишича, Жаброил алайҳиссалом бирор оятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилса, ушбу оятни сурадан ёки олдин нозил бўлган оятлардан кейинга қўйишни кўрсатмасини берар эди ва Пайғамбар алайҳиссалом ваҳий котибларига: “Бу оятларни фалон сурага қўй” ёки “Бу оятни фалон жойга ёз”, деб буюрар эдилар. Имом Суютий шуни такидлаб айтади: “Қилинган ижмоъ ва келган далилларга кўра, албатта суралардаги оятларнинг тартиби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари билан амалга ошганлигига ҳеч қандан шубҳа йўқ”[2].

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Қуръони каримдаги сура ва оятлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали тушганидек, уларнинг жойлашиш тартиби ҳам ваҳий билан билдирилган. Булар Пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсий фикрлари ёки ижтиҳод, раъй ва қиёслари маҳсули эмас.

Отабек Баҳриев
Қуръоншунослик бўлими илмий ходими
[1] Қаранг: Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Зикр аҳлидан сўранг.
[2] Маннаъул Қоттон. Мабаҳису фи улумул Қуръан. 1980. Б. 139.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …