Home / МАҚОЛАЛАР / Динимизда Сафар ойидан шумланиш йўқ

Динимизда Сафар ойидан шумланиш йўқ

Маълумки муқаддас ислом динимизнинг соф ақидалари, аҳкому усулларини Сарвари коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида саҳобаи киромларга ўзининг муборак ҳадиси шарифлари орқали мукаммал равишда етказганлар. Саҳобалар, тобеинлар, табаъа тобеинлардан то ҳозирги кунимизгача яшаб ўтган ислом уламолари мусулмонларга Аллоҳ таоло қодир қилгунича шариъат аҳкомларини тушунтирганлаар, хоҳ ибодат, хоҳ муомала бўлсин, ислом динимизга кириб қолган бидъат ва хурофотларга қарши жиддий тарзда курашишда зўр маҳорат кўрсатиб келганлар. Лекин шунга қарамасдан мусулмон халқи ўртасида динимизга заррача алоқаси бўлмаган баъзи бир урф-одатлар асоссиз ақидалар, ҳали-ҳануз орамизда ҳукм суриб келаётганлиги, учраётганлиги ачинарли ҳолатдир. Шундай хурофот ишлардан бири халқимизда айрим инсонларнинг айрим кунлар, ойлар, хусусан, сафар ойидан шумланиши, ирим қилишлигидир. Шумланишлик, ирим қилишлик ҳақида эса Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида: “Уч нарсадан умматим ҳануз (ҳеч ҳам) қутула олмайдилар. Бу- ҳасад, бадгумонлик, иримдир. Шу нарсалардан қутилиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз, зулмга ўтманг, гумону-шубҳа қилсангиз, уни ҳақиқат ҳисоблаб, унга асосан иш тутманг, бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳ таолога таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этиб кетаверинг!” деганлар. (Абу Яъло ривояти).

Шумланиш ирим-сирим қилишлик қадим-қадимдан жоҳилият даври (илмсизлик) одати ва пайғамбарлар душмани бўлиб келган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аъроф сураси 131-оятида Мусо алайҳиссалом ва унинг қавми ҳақида келтириб баён қилиб ўтганлар. Пайғамбарларни ёлғончига чиқариб уларга ишонмаганлари сабабидан Аллоҳ таоло уларга турли бало-офатларни юборди. Аммо уларнинг кўплари буни билмайдилар, улар жоҳилдирлар англаб етмайдилар. Агар ақл юритиб Аллоҳ таоло амрини фаҳмлаганларида Мусо алайҳиссалом олиб келган нарса (Дин, шариъат) дунё ва охиратда яхшилик, барокот, ва саодат эканини билардилар.

Айрим инсонларнинг баъзи ойлар, кунлар, жойлар ва ҳатто одамлардан ҳам шумланишлари улардан ёмон фол очишлари нодонлик, илмсизлик ва муқаддас ислом шариъати таълимотларидан бехабарликларига далолат қилади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буларни шумланиш одатидан жуда қаттиқ огоҳлантириб: “Шумланиш ширкдир! Шумланиш ширкдир! Шумланиш ширкдир!”, -деб уч марта танбеҳ (Эслатма) берганлар. (Абу Довут ибн Можа ва Термизий ривояти). Мусулмон киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатиб берган ҳидоят (энг тўғри йўл) йўлларига хилоф (тескари) бўладиган жоҳилият сифатлари билан сифатланиши тўғри эмас.

Сафар ойи ҳам бошқа ойлар каби ойдир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадиси шарифда бу борадаги жоҳилият ақидасидан огоҳлантириб, айтадики: “Эътиқод юзасидан бир касалликни иккинчи бир кишига ўтиши қатъий қилинмайди (юқмайди), магар Аллоҳ таоло хоҳласагина ўтади. Шариъати исломияда ирим қилиш йўқ, у жоҳилият қолдиқларидан бўлиб, мусулмонлар орасида тарқалган зарарли ақидадир. Вафот этган одамнинг руҳи келиб, турли жониворлар шаклида чирқиллаб туриши ҳам йўқдир. Бойўғли сайрашидан ҳеч кимга зарар йўқдир. Чунки одамлар ўйлаганидек, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда, дарахт қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча бойўғли, қуриган дарахтлар ва вайроналарни топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки, унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар, одатда, ҳудди ана шундай ерларда бўлади. Сафар ойидан ҳам ирим қилиш, шумланиш йўқ (нотўғри)” (Муттафақун алайҳ).

Ҳозирги кунимизда ҳам ҳудди шу каби айрим инсонлар айрим кунлардан, яъни баъзи кунларни юлдузи тўғри келадиган кун деб, ёки юлдузи тўғри келмайдиган кун деб, ёки қушлар ёки бошқада баъзи ҳайвонлардан (мушукларнинг ўтиши ва бошқада) ҳам ирим қиладилар, шумланадилар. Бу айни жоҳилият, илмсизлик одатларидандир. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, халқимиз ичида ҳали-ҳанузгача бидъат-хурофот, ирим-сиримга берилиб, сафар ойида қилинадиган хайрли (тўй ёки бошқада) ишларни бошқа ойларга кўчирадиган, бошқаларнинг ҳам фикрини чалғитиб, соф ислом таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар, юқорида айтилган гаплардан хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлар эди.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлидан боришлигимизни, турли бидъат-хурофотлардан эҳтиёт бўлишимизни, Ўзи рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимизни насиб айласин. 

Жумамуратов Яқуб
Тахиатош тумани “Муҳаммад Мурод эшон” жомеъ масжиди имом-хатиби

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …