Home / АЛЛОМАЛАР / Самарқанд зиёратгоҳлари туркумидан / Хожа Абу Закариё Варағсарий зиёратгоҳи

Хожа Абу Закариё Варағсарий зиёратгоҳи

Мазкур зиёратгоҳ Ургут тумани Работхўжа қишлоғи, ҳозирги Зарафшон дарёсининг ирмоқларга бўлиниш жойи (тўғон боши)даги қишлоқда жойлашган бўлиб, X асрларга қадар Работхўжа – Варағсар номи билан аталиб келинган.

“Работ” номи билан аталувчи жой номлари тарихда жуда кўплаб учрайди. Шунчаки тасодиф, деб қараш мумкин бўлади-ю, аммо ҳар бир “Работ” ўз тарихига эгадир.

Варағсар сўғдча сўз бўлиб, “тўғон боши”, деган маънони англатади. Бу ер дарё сувини ариқларга тақсимланиш жойи, арабча таржимаси “Раъc ас-Сакр” ёки “Раъc ас-Садд” бўлиб, XI асрда Самарқандда Сиқойа Боши (туркийча “тўғон боши”) бўлган[1].

Варағсар (ҳозирги Работхўжа)да жойлашган катта зиёратгоҳ “Хожа Абу Закариё Варағсарий” номи билан аталади.

Хўп, Хожа Абу Закариё Варағсарий ким?

Маҳаллий аҳоли[2] эътироф этишича Хожа Абу Закариё, Муҳаммад Башоро номли авлиёнинг шогирди бўлиб, қирқ минг аскарга сардорлик вазифасини бажариш учун махсус тайинланган қўшинбошиси бўлган, экан.

Муҳаммад Башоро тўғрисида “Самария”да шундай дейилади: “Ҳазрат хожа Муҳаммад Башоро мозори. Бу киши “Банддор” лақаби билан машҳур. [Бу мозор] Самарқанд жерибига қарашли тоғларда. Самарқандлик хожа Абулқосим ўз таҳқиқотида ёзганким, хожа Муҳаммад Башоро ҳадис билгучилардан ва табаа тобеъин (яъни пайғамбарнинг суҳбатдошларини кўрган кимсалар билан кўришганлардан)дир. Унинг қабри Самарқанд жерибларидан бўлган Панжакентда. Унинг қабри ёнида турувчи шайхлар томонидан 764 (1362-63)да узунча бир соғона, баланд бир хонақоҳ солинди. Самарқанд шаҳри билан унинг мозорининг ораси 11 тош (88 чақирим) чамаси йўл. Бир азиз киши айтадиким, Мовароуннаҳрда бўлган барча улуғларнинг мозорларини зиёрат қилдим. Лекин Муҳаммад Башоро мозоридек файз бағишловчи мозорни кўролмадим. Гўё тобон қуёшдек ва ёки равон соф дарёдекдир. У кишига Тангрининг раҳмати бўлсин”[3].

Юқоридаги маълумотга асосан, хожа Муҳаммад Башоро ҳадис билгувчилардан, яъни муҳаддис эканликлари айтилмқода. Шунингдек, “табаа тобийин (яъни пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатдош (саҳоба)ларини кўрган кимса (тобийин)лар билан кўришганлардан)”дир, деган маълумотга кўра, тахминан VIII – IX аср бошларида яшаб ўтганлиги маълум бўлади.

Панжакент шаҳридаги Мозори Шариф (Муҳаммад Башоро) зиёратгоҳида илк ўрта асрларнинг ўзига хос услубларини ўзида мужассамлаштирган улкан иншоот айнан Муҳаммад Башородан мерос қолган[4].

Демак, Хожа Муҳаммад Башоронинг хизматчиси бўлган Хожа Абу Закариё ҳам мазкур асрларда яшаб ўтганлиги манбалардан маълум бўлмоқда.

Академик В.В. Бартольд берган маълумотга асосланиб, таниқли олим Н.Бегалиев, Хожа Абу Закариё Варағсарийни “844 йилда вафот этганлигини”[5], қайд этади.

“Ал-Ансоб” асарида: “Варағсар – Самарқанддан тўрт фарсах узоқликдаги қишлоқ. Хожа Абу Закариё Яҳё ибн Муҳаммад Варағсарий бу нисбат билан машҳур обид ва зоҳид эдилар. Самарқанддан беш фарсах узоқликда Варағсар работининг хўжайини эдилар. Чиройли ёдгорлик мерос қолган. Бу кишидан кўп муҳаддис ҳадис ривоят қилган. Ҳижрий 230 (846[6]) йилнинг раби ул-аввал ойида вафот этганлар”, деган маълумотлар келтирилган.

“Қандия” асари муаллифи Хожа Абу Закариёни “Хожа Зикриё Исфароний”, деб келтириб, унинг қабрини “Самарқанд дарёсининг ёқасида, шаҳардан беш фарсах йўлда”[7] жойлашганлигини айтиб ўтган.

Хожа Абу Закариё Варағсарий қабр тошида: “… шайх, зоҳид, муттақий имом Абу Закариё ибн Яҳё Варағсарий, ҳижрий 230/844 йил раби ул-аввал ойида вафот этган”[8]лиги қайд этилган.

Бундан маълум бўладики, Работхўжа отанинг асл исмлари Хожа Абу Закариё, оталарининг исми Яҳё, боболарининг исми эса Муҳаммад эканликлари, Варағсарий шу ерда яшаганликларидан далолат қилса, у киши устозлари каби муҳаддислардан бири саналиб, обиду зоҳидлик даражасига етган машҳур алломаллардан эканликлари ойдинлашади.

Энди, ёзувларимизни оддийгина “Работхўжа”, “Закариё хўжа” эмас, балки Хожа Абу Закариё ибн Яҳё ибн Муҳаммад Варағсарий, деб эътироф этишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Работхўжа қишлоғидаги Хожа Абу Закариё Варағсарий қабри устига қачонлардир қурилган мақбара, вақт ўтиши натижасида бузилиб, ўз ҳолатини батамом йўқотгач, 1970, 1995, 1997 йилларда (эски мақбара ғиштларидан фойдаланган ҳолда) мақбара қад кўтарилган[9].

Мазкур мақбара ўртаси катта гумбазли, ўнг ва чап-ён томонлари кичик гумбазли тарзда бунёд этилган. Мақбаранинг уч томони (шарқ, жануб ва шимол)дан кириш эшиклари қўйилган. Асосий кириш эшиги шарқ томондан бўлиб, дастлаб, мақбара ўртасидаги катта гумбазли хонага кирилади. Ушбу хона кўринишидан намоз ўқишга мўлжалланган, унинг чап томонининг ғарби (қибласи)да Хожа Абу Закариё Варағсарий қабри жойлашган. Ундан шарқ томонга қараб биринчи хотинлари, иккинчи қизлари ва охиргиси номаълум кишининг қабри ўрин олган.

 Мазкур маскан ажойиботларини ўзида мужассам этган салобатли мақбара ва унинг яқинидаги улкан сув иншоотини кўрар экансиз, ўтмиш ва бугун уйғунлашганлиги намоён бўлади…

ИБХИТМ қўлёзмалар билан
ишлаш ва музей бўлими кичик илмий ходими
М.Ў.Амонов
[1] Ибн Ҳавқал. Китоб сурат ал-ард (ернин сурати китоби). араб тилидан таржима, изоҳлар муаллифи Ш.С.Камолиддин. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Тошкент. 2011 йил. 57, 204-205 бетлар.
[2] Дала тадқиқот манбалари. Респондентлар, Работхўжа маҳалласи истиқомат қилувчи Турсунов Рахмат бобо ва Фармон бобо Худойберди ўғли (79 ёшда). Жумабозор-Работхўжа. 2019 йил 23 май.
[3] Абу Тоҳирхожа. Самария. Камалак. Тошкент. 1991 йил. 53 бет.
[4] Ф.Ё.Эмомова. Взаимодействие пластических искусств и архитектуры Таджикистана во второй половине XIX – начале XXI вв (формирование и развитие). Автореферат диссертации на соискание ученой степени кандидата архитектуры. Душанбе. 2019. 29 саҳифа.
[5] Н.Бегалиев. Самарқанд топонимияси. СамДЧТИ. Самарқанд. 2011 йил. 76-77 бетлар.
[6] Ҳижрий 230 йил, милодийда 844 ҳосил бўлади, техник ҳатолик сабаб бўлган бўлса керак, бу ерда 846 деб келтирилган. Батафсил қаранг: Абдулкарим ас-Самъоний. Ал-Ансоб (Насабнома). Таржимонлар ҳожи Абдулғафур Раззоқ Бухорий, Комилжон Раҳимов. Тошкент. 2017 йил. Madrasa.uz сайти. 141 бет.
[7] Абу Хофс Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий ас-Самарқандий. Ал-қанд фи тарихи Самарқанд (қандия). Тадқиқот, таржима, сўзбоши, изоҳ ва  луғатлар  муаллифи Комилхон Каттаев. – Самарқанд. Сўғдиёна. 1994 йил. 92 бет.
[8] Эпитафии мусульманских ученых Самарканда (X-XIV века). Введение, подготовка к изданию оригинальных текстов, переводы, комментарии: Б.М.Бабаджанов, Л.Н.Додхудоева, А.К.Муминов, У.Рудольф. Стамбул, 2019 г. 73-75 стр.
[9]Дала тадқиқот манбалари. Респондентлар, Работхўжа маҳалласи истиқомат қилувчи Турсунов Рахмат бобо ва Фармон бобо Худойберди ўғли (79 ёшда). Жумабозор-Работхўжа. 2019 йил 23 май.

Check Also

НАВҲАС ОТА ЗИЁРАТГОҲИ

Мазкур зиёратгоҳ жойлашган қишлоқ номини таҳлил қилиб, Навхоз деб қарасак: “Навхез” – яъни ерга тоза …