АВЛИЁ ХОЖА ЗИЁРАТГОҲИ

Самарқанд бўйлаб аждодларимиз зиёратгоҳлари  тарихини ўрганар эканмиз, ҳозирги шаҳарнинг Эски қаландархона маҳалласи, Али Қушчи кўчасида Махдуми Аъзам Даҳбедийнинг авлодларидан бири бўлмиш Авлиё Хожа зиёратгоҳи жойлашганлиги, эътиборимизни тортди. 

Самарқанд қози калони Абу Тоҳир хожа ўзининг “Самария” асарида шундай ёзади: “Ҳазрат Хожа Авлиё мозори. Ҳазрат Хожа Аҳрор, сирлари муқаддас бўлсин, мадрасасига бориладиган катта йўлнинг кунчиқарида, шаҳар ичида, хонақоҳ маҳалласидадир. Хожа Авлиё даҳбедлик Маҳдуми Аъзам наслидан бўлиб, шайхликда Бобо Зайнуддин Ҳиндийга ҳам муридлиги бор эди… Хожа Авлиё мозорининг шимол томонида ўзга бир мозор бордир. Лекин кимники эканлиги белгулик эмас. Бу кишининг мозори нурли ва сербаракотдир”[1], дея эътироф этган.

Хожа Авлиё Маҳдуми Аъзам авлодидан бўлиб, Авлиё хожанинг отаси Мажнун хожа, у кишининг отаси Хожа Ҳошим Даҳбедий (1562-1638), у кишининг отаси Муҳаммад Амин (Хожа Калон) (1514-1596), у кишининг отаси Саййид Аҳмад хожа Косоний (1461-1542), машҳур лақаблари Маҳдуми Аъзам Даҳбедий (раҳматуллоҳи алайҳ)дир.

Хожа Авлиё XVII асрда яшаб ўтган ўтган кўринадилар, сабаби Хожа Авлиёнинг боболари Хожа Ҳошим 1638 йилда, мазкур зиёратгоҳда ўғиллари[2] Хожа Шамсиддинга қўйилган қабр тошда, уни ҳижрий 1127/1714 йилда[3] вафот этганлиги кўрсатилганини инобатга олсак, у кишининг оталари Хожа Мажнун XVI аср охирлари XVII аср ўрталарида яшаб ўтганлиги ойдинлашади, шунингдек, хожа Авлиё ҳазратларини эса XVII асрда яшаб, фаолият кўрсатган дейишимизга ижозат бўлади.

Хожа Авлиё зиёратгоҳида жами ўнга яқин қабр тошлар мавжуд. Жумладан, қадимий тарихдан сўзловчи қайроқ тош борлиги, бу жой тарихи анча қадимий эканлигидан далолат қилади.

Мазкур қайроқ қабр тошида: “Шайх, фақиҳ Маҳмуд бин Абдуллоҳ (р.а) ҳижрий 534”/1139 йилда вафот этганлиги, қайд этилган.

Балки юқорида соҳиби “Самария” эътироф этган “Хожа Авлиё мозорининг шимол томонидаги нурли ва сербаракот мозор”, деб шу кишини назарда тутгандир….    

М.Ў.Амонов
ИБХИТМ қўлёзмалар билан
ишлаш ва музей бўлими кичик илмий ходими
[1]  Абу Тоҳирхожа. Самария. – Т. “Камалак”. 1991. 41 бет.
[2] Хожа Авлиё хожанинг Хожа Шамсиддин ташқари Хожа Абдурасул хожа исмли фарзандлари ҳам бўлган, бу ҳақида батафсил қаранг: К.Каттаев. Махдуми Аъзам Даҳбедий тарихи ва мукаммал даҳбедийлар тариқати. Т. “Mashhur-Press”. 2016 й. 85 бет.
[3] Дала тадқиқот манбалари. Самарқанд шаҳри, Али Қушчи маҳалласи “Авлиё Хожа зиёратгоҳи”. Респондент Неъматуллоҳ ака. 2019 йил 24 август. 2-мармар қабр тош.

Check Also

Хожа Абу Закариё Варағсарий зиёратгоҳи

Мазкур зиёратгоҳ Ургут тумани Работхўжа қишлоғи, ҳозирги Зарафшон дарёсининг ирмоқларга бўлиниш жойи (тўғон боши)даги қишлоқда …