Home / ҲАДИС / Фитна содир бўлганда тик тургандан кўра ўтирган яхшироқдир!

Фитна содир бўлганда тик тургандан кўра ўтирган яхшироқдир!

Фитна содир бўлганда тик тургандан кўра ўтирган яхшироқдир![1]

7081-7082حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ عُبَيْدِ اللَّهِ حَدَّثَنَا إِبْرَاهِيمُ بْنُ سَعْدٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ أَبِي سَلَمَةَ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ح قَالَ إِبْرَاهِيمُ وَحَدَّثَنِي صَالِحُ بْنُ كَيْسَانَ عَنْ ابْنِ شِهَابٍ عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سَتَكُونُ فِتَنٌ الْقَاعِدُ فِيهَا خَيْرٌ مِنْ الْقَائِمِ وَالْقَائِمُ فِيهَا خَيْرٌ مِنْ الْمَاشِي وَالْمَاشِي فِيهَا خَيْرٌ مِنْ السَّاعِي مَنْ تَشَرَّفَ لَهَا تَسْتَشْرِفْهُ فَمَنْ وَجَدَ مِنْهَا مَلْجَأً أَوْ مَعَاذًا فَلْيَعُذْ بِهِ

7081-ҳадис.  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Фитналар содир бўлганда тик тургандан ўтирган афзалдир, тик турган юриб кетаётгандан, юриб кетаётган югуриб кетаётгандан афзалдир. Кимки у фитнага аралашиб қолса, фитна уни ҳалокатга учратади ва кимки ундан паноҳ топишга имкони бўлса, дарҳол яширинсин!”

Ҳадиснинг умумий маъноси:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фитналар зоҳир бўлишидан башорат қилиб, турли фитналар содир бўлганда унинг домига тортилиб кетишдан сақланишга буюрдилар. Чунки жамият ичида бошланган фитна турли бебошликларга сабаб бўлиб, айбдорни ҳам айбсизни ҳам, золимни ҳам мазлумни ҳам бир хилда ўз домига тортади. Шунинг учун “Фитналар содир бўлганда” унинг олдини олишга имкони бўлса, ёки жамиятда тинчликни сақлашга масъул бўлса, ёки уни тўхтатишга таъсир қилаоладиган шахс бўлса унинг  олдини олишга ҳаракат қилсин, акс ҳолда унга аралашмасин. Жамиятда турли тартибсизликлар ва фуқаролар уруши келтириб чиқаришга ҳаракат бошланган вақтда “тик тургандан ўтирган афзалдир, тик турган юриб кетаётгандан, юриб кетаётган югуриб кетаётгандан афзалдир.”

Яъни, тик турган, ўтирган, юрган ва югуриб кетаётган сўзларидан мақсад оёқ билан бўладиган зоҳирий ҳаракатлар эмас. Аксинча, кишини фитнага бутунлай шўнғиб кетиши, аралашиши ёки ўзини четга олиши маъноларини англатиб, кишини фитнага аралашиб қолиш даражасини билдиради. Бундай фитналар бошланганда фақат ўзини ундан четга олганларгина саломат қолади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кимда бу фитналардан четга чиқиш имкони бўлса ўзини четга олсин,  дедилар.

Фитнани тўхтатишга масъул бўлмаган кишилардан бошқа “Кимки у фитнага аралашиб қолса, фитна уни ҳалокатга учратади ва” масъул бўлмаганлардан “кимки ундан паноҳ топишга имкони бўлса, дарҳол яширинсин!”, яъни фитна-фасод бўлиб турган макондан ўзини четга олсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гўё бизнинг ҳозирги кунимизни кўриб тургандек мазкур хабарни башорат қилганлар. Ҳозирда ўз шахсий манфаатларини амалга ошириш учун ислом номини, ёки исломдаги жарангдор сўзларни ўзларига шиор қилган турли фитна-фасод гуруҳлар пайдо бўлиб, ОАВ  ва ижтимоий тармоқлар орқали ёлғон хабарлар тарқатиб ўз домига ҳаётий тажрибаси бўлмаган ёшларимизни тортаётгани ташвишланарли ҳолат. Улар дунё ҳамжамиятининг тинчлигига раҳна солмоқдалар, ўзларининг қабиҳ ишларини ислом динига боғлаб, муқаддас динимизга жуда катта зарар келтирмоқдалар ва ислом динига нисбатан бошқа дин вакилларида нафрат, хавфсираш каби туйғуларни пайдо қилмоқдалар. Бизнинг муқаддас динимизни заволига қаратилган бундай бузғунчи гуруҳлар тарғиботидан ўзимизни, оиламизни, ёшларимизни асраш ҳар биримизнинг фуқаролик ва мўмин-мусулмончилик бурчимиз ҳисобланади.

Мазкур ҳадис мамлакатда тинчликка масъул кишилар ва раҳбар шахслардан бошқаларга хос бўлиб, фуқаролар тинчлигига масъул ходимлар ва динимиз уламолари фитна зоҳир бўлганда ўз вазифаларини бажариши (фитнани ўз вақтида бартараф этишга ҳаракат қилиши, фитначиларга қарши курашиши) шарт ҳисобланади. Чунки, ислом аҳкомларига кўра мазкур шахслар қиёматда ўз қўл остидагилар учун жавобгардирлар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Бирор ишни ўйламасдан қилмоқдан ўзини тийиш инсоний хислатлардан бири эканлиги.
  2. Ҳозирда янги пайдо бўлаётган турли жарангдор ном остидаги фитналарга сабаб бўлувчи гуруҳлардан ўзни сақлаш кераклиги.
  3. Бундай гуруҳ фитналарига алданганлар ҳалокатга маҳкум эканлиги.
  4. Бу каби фитналарга билиб-билмай аралашиб қолган киши ундан дарҳол ўзини олиб қочиши кераклиги.
Н.Қобилов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

[1]Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Фитналар китоби. 9-боб.

Check Also

12-боб. Мушрик ота учун истиғфор айтмаслик ҳақида

٢٣ – حدثنا إسحاق قال: أخبرنا على بن حسين قال: حدثني أبى عن يزيد النحوي …