Home / АЛЛОМАЛАР / Имом Бухорийнинг котиби Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Бухорий

Имом Бухорийнинг котиби Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Бухорий

Ҳофиз ибн Ҳажар ўзининг “Фатҳул Борий” китобида айтади: “Абу Жаъфар Варроқ Имом Бухорийнинг котиби бўлган. У Имом Бухорийни лозим тутган, таниган ва ундан кўп ривоят қилган кишилардан бўлган. Фирабрий ундан “Ҳаж”, “Мазолим”, “Иътисом” (Қуръон ва суннатни маҳкам ушлаш) ва улардан бошқа жойларда Имом Бухорий ҳақидаги фойдали маълумотларни ривоят қилган”.

Менда мавжуд бўлган тарих ва таржимаи ҳол китобларида Имом Бухорийнинг котибини таржимаи ҳолини учратмадим. Ҳатто, туғилиши ёки вафоти тарихини ҳам учратмадим. Эҳтимол, Ҳофиз Муҳаммад ибн Аҳмад Ғунжор (337-412 ҳ.)нинг йўқолиб кетган “Бухоро тарихи” китобида унинг таржимаи ҳоли бордир. Ҳофиз Муҳаммад ибн Аҳмад Ғунжор ўзининг китобида Бухоролик ва у ерга келган ҳадис ровийларини таржимаи ҳолини “Бағдод тарихи”, “Дамашқ тарихи” ва улардан бошқа асарларнинг усулига кўра баён қилган. Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Бухорийнинг “Шамоили Бухорий” номли рисоласидан чиқариб олинган таржимаи ҳолини келтирамиз.

Абу Жаъфар Варроқнинг туғилиши: Абу Жаъфар Варроқ ўзининг “Шамоили Бухорий” номли рисоласида Шайх Яҳё ибн Жаъфар Пойкандий (ваф. 243 ҳ.) ҳақида ривоят қилган. Шайх Яҳё ибн Жаъфар Пойкандий келтирган ривоятга кўра “Унинг Имом Бухорийни лозим тутишини бошланиши “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” (217-233 ҳ.) асарини ёзиш вақтида бўлгандир”. Шунинг учун мен унинг туғилиши ҳижрий 220 йилдан олдин бўлганини аниқроқ деб ҳисоблайман.

Абу Жаъфар Варроқнинг шаҳри: Абу Саид Ашаж (ваф. 257 ҳ.) Абу Жаъфар Варроқдан: “Сиз Хуросоннинг қаеридансиз?”, деб сўради. У: “Мен Бухороданман” деди.

Абу Жаъфар Варроқ ўз шаҳрининг об-ҳавосини сифатлаши: Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ айтади: Абу Саид Ашаж совуқ тонгда совуқдан титраб бизнинг олдимизга чиқиб келди. У: “Сизларда ҳам шунақа совуқ бўладими?” деди.

Мен: “Бунақа совуқ кўз ва баҳор фаслларида бўлади. Кўпинча, кечки пайт дарё оқиб туради. Шундан сўнг тонгда турганимизда музни тешиш учун болтага муҳтож бўламиз” дедим. Шунда у менга: “Сиз Хуросоннинг қаеридансиз?” деди. Мен: “Мен Бухороданман” дедим.

Абу Жаъфар Варроқнинг отаси: Абу Жаъфар Варроқнинг отаси илм талаб қилувчи ёки илмни яхши кўрувчи кишилардан бўлгани аниқдир. Бизлар буни Варроқнинг: “Мен Отам раҳимаҳуллоҳдан эшитдим. У киши: “Муҳаммад ибн Исмоил кичкиналигида Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий (150-217 ҳ.)нинг олдига бориб турарди” деб айтарди”, деган сўзидан чиқариб олганмиз.

Ушбу матн бизларга Варроқнинг отаси ҳам фақиҳ Аҳмад ибн Ҳафснинг олдига бориб турганини, у ерда Бухорийни бир неча марта кўрганини ва ота ўз уғли Варроқни илм талаб қилишга қизиқтирганини билдиради.

Фоида: Аллоҳнинг марҳамати билан Имом Бухорийнинг отаси Исмоил ибн Иброҳим Бухорий ҳақидаги бир ривоятни учратдим. У киши ҳақидаги бу ривоятни ҳикоя қилган бирор кишини кўрмадим. “Сияр аълом ан-нубало” (Олижаноб алломалар сийратлари) асаридаги Абу Ҳафснинг таржимаи ҳолида келган: “Шайх Муҳаммад ибн Абу Ражо Бухорий: “Мен Аҳмад ибн Ҳафсдан эшитдим” деди. Аҳмад ибн Ҳафс айтади: “Мен тушда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У кишининг устида кийими бор эди. Бир аёл у кишининг ёнида йиғлаб ўтирарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у аёлга: “Сен йиғламагин. Агар мен вафот этсам йиғлагин”, дедилар”.

Шундан сўнг менинг бу тушимни таъбир қилиб берадиган бирор кишини учратмадим. Ҳатто, Имом Бухорийнинг отаси Исмоил менга: “Албатта суннат ҳануз мавжуддир”, деб айтгунча.

Бу Имом Бухорийнинг отаси Исмоил фақиҳ Аҳмад ибн Ҳафснинг дўсти бўлганини билдиради. Шунинг учун Имом Бухорий кичкиналигида унинг олдига бориб турган. Эҳтимол, Имом Бухорийнинг отаси ўғлини илм талаб қилишга қизиқтириш учун уни ўзи билан бирга ҳамроҳ қилиб олгандир. Исмоил ўғли Муҳаммад кичкиналигида вафот этиб кетган. Имом Бухорийнинг отаси туш таъбири ҳақидаги илмга эга эди. Фақиҳ Аҳмад ибн Ҳафс ундан бошқа ўзининг тушини таъбир қилиб берадиган бирор кишини учратмаган.

Абу Жаъфар Варроқнинг шайхлари: Абу Жаъфар Варроқ ўзининг “Шамоили Бухорий” номли рисоласида Имом Бухорийнинг сийратига боғлиқ маълумотларни ривоят қилган илм аҳлининг кўпидан таълим олганини очиқ гапирган. Унинг таълим олган шайхларини пешқадамларидан: Яҳё ибн Жаъфар Пойкандий (ваф. 243 ҳ.), Али ибн Ҳужр (ваф. 244 ҳ.), Солиҳ ибн Мисмор Саламий Марвазий (ваф. 246 ҳ.) ва Иброҳим ибн Холид Марвазий (ваф. 250 ҳ.)лардир.

Абу Жаъфар Варроқнинг Имом Бухорийни лозим тутишини бошланиши: Фуад Сезгин раҳимаҳуллоҳ баъзи ривоятлардан ўзининг “Тарихи туросил арабий” номли китобида Имом Бухорий (194-256 ҳ.) “Саҳиҳул Бухорий” асарини вафотидан 23 йил олдин ёзиб тугатганини чиқариб олган. Имом Бухорий ўзининг “Саҳиҳул Бухорий” асарини 16 йил давомида ёзганини зикр қилган. Тақрибан уни ёзишликни ҳижрий 217 йил бошлаб, ҳижрий 233 йил тугатган. Бу вақт оралиғида (217-233 ҳ.) яъни, Имом Бухорий ўзининг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобини ёзиш вақтида Абу Жаъфар Варроқ уни лозим тутган. Шунинг учун Абу Жаъфар Варроқ ўзининг “Шамоили Бухорий” номли рисоласида: “Бизлар ёзишга киришдик. Бизлар “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобини ёзаётган эдик”, деди. Шундан кейин у: “Сўнг ўшандан кейин “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобини ёзиш учун икки кун ўтирдик. Ўша куни пешингача унинг кўп қисмини ёзиб бўлдик”, деди.

Эҳтимол, Абу Жаъфар Варроқнинг Имом Бухорийни лозим тутишини бошланиши Варроқ ақлли (ақлини таниган) бола бўлган пайтида ёки ўсмирлигининг бошланишида бўлгандир. Чунки, Абу Жаъфар Варроқ Имом Бухорийга кечаси уйғотмаганидан шикоят қилган. Абу Жаъфар Варроқ: “Сиз мени уйғотмаяпсиз” деди. Шунда Имом Бухорий: “Сен ёш боласан. Мен сени уйқунгни бузишни яхши кўрмайман” деди.

Абу Жаъфар Варроқнинг Имом Бухорий билан ҳамроҳлигининг муддати: Абу Жаъфар Варроқ ўзининг Имом Бухорий билан ҳамроҳлиги узоқ муддат давом этганини зикр қилган. У: “Имом Бухорий менга нимани билдирган бўлса, мен уни у киши билан ҳамроҳ бўлган муддат давомида кўрганман”, деди. Шунинг учун мен Абу Жаъфар Варроқнинг Имом Бухорий билан ҳамроҳлиги 20 йилдан 30 йилгача бўлган деб ҳисоблайман.

Абу Жаъфар Варроқнинг Имом Бухорийга хизмат қилиши: Абу Жаъфар Варроқнинг Имом Бухорий билан ҳамроҳлиги фақат котиблик қилиш ва ёзишга кифояланиб қолмаганди. Балки, у Имом Бухорийнинг эҳтиёжларини бажарарди, хизматини қиларди ва камон отишда у кишига ҳамроҳ бўларди. Абу Жаъфар Варроқ Имом Бухорийнинг ҳузурида алоҳида даражага эга эди. Бу Варроқнинг Имом Бухорийга: “Сиз қалбингиздан бирор кишига жой бермаган жойдан менга жой бердингиз ва мен сизнинг фарзандингиз ўрнида бўлдим” деган гапидан аниқ бўлади. Абу Жаъфар Варроқ у кишига: “Сиз дунё ва охират яхшиликларини тўплагансиз. Қайси одам сиз менга яхшилик қилганингиздек ўз хизматкорига яхшилик қила олади”, деди.

Бу ерда Абу Жаъфар Варроқнинг Имом Бухорийга хизмат қилиши ҳақидаги мисоллар келган:

  • “Абу Абдуллоҳ Фирабрда ҳаммомга кирди. Мен у кишига кийимларини узатиб туриш учун ҳаммомнинг ечиниш хонасида эдим. У киши ҳаммомдан чиққанда, кийимларини узатдим. Шундан сўнг у киши кийимларини кийиб олди. Кейин у кишига маҳсисини[1] узатдим”.
  • “Али ибн Ҳужрга Абу Абдуллоҳнинг мактубини бердим. Шундан сўнг у мактубни ўқиганда: “Шундай забардаст олимни қандай қолдириб келдинг”, деди”.

Абу Муовия Байрутий айтади: “Али ибн Ҳужр (ваф. 244 ҳ.) Марвда яшаган. У ҳозир Туркманистонда жойлашган. Абу Жаъфар Варроқ Марв шаҳрига Бухородан Али ибн Ҳужрга мактуб етказиш учун борганди”.

  • “Имом Бухорий менга 20 дирҳам бериб: “Бунга сабзавот ва шунга ўхшаш нарсалар сотиб олгин”, деди”.

Имом Бухорийнинг ўз котибига юмшоқлик қилиши: Абу Жаъфар Варроқ айтади: “Абу Абдуллоҳ тонг вақтида 13 ракат намоз ўқирди. У киши ҳар турганида мени уйғотмасди. Шунда мен: “Сизни ўзингиз турганингизни ва мени уйғотмаганингизни кўраяпман” дедим. У: “Сен ёш боласан. Сени уйқунгни бузишни яхши кўрмайман”, деди”.

Абу Жаъфар Варроқ бир уй сотиб олганда Имом Бухорий унга пулини тўлашда ёрдам берганди. Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтади: “Мен 920 дирҳамга бир уй сотиб олгандим. Абу Абдуллоҳ: “Мени сенда эҳтиёжим бор. Уни бажарасанми?” деди. Мен: “Ҳа, мамнунлик билан” дедим. У: “Нуҳ ибн Абу Шаддод Сайрофийнинг олдига бориб, ундан минг дирҳам олиб ва уни менга олиб келиб бергин” деди. Мен айтганидек қилдим. У менга: “Уни ўзингга олиб қолгин. Сўнг уйингни пулига сарфлагин” деди.

Имом Бухорий ўзининг котибига ёзиш унга оғирлик қилганини сезган пайтда, илмни ёзиш меҳнатининг қийматини эслатиб қўярди. Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтади: “У бир куни менга кўп ҳадис айтиб ёздириб, мени малолланиб қолишимдан қўрқди. У: “Сен хурсанд бўлгин. Ўйинчилар ўзларининг ўйин-кулгисидадир, меҳнаткашлар ўзларининг меҳнатидадир ва тижоратчилар ўзларининг тижоратидадир. Сен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари билан биргасан”, деди”.

Абу Жаъфар Варроқ Имом Бухорийга: “Менинг бир эҳтиёжим бор. Уни сизга айтишга журъат қилолмаяпман. Сабаби, сиз мени ортиқча нарсани таъма қилаяпти деб уйлайсиз” деди. Шундан сўнг Имом Бухорий: “Мендан тортинмагин ва муҳтож бўлган нарсангни менга айтгин. Мен сен туфайли ҳисоб-китоб қилинишдан қўрқаман” деди. Мен унга: “Қандай қилиб?” дедим. У: “Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг орасини биродар қилиб қўйдилар” деди. Сўнг Саъд ва Абдураҳмоннинг ҳадисини зикр қилди. Шундан сўнг мен унга: “Мен айтган гапларингизнинг барчасида сиздан розиман” дедим.

А. Шоназаров
Каломшунослик шўъбаси илмий ходими
[1]Маҳси теридан бўлган пойафзал бўлиб, икки оёқни қоплаб туради.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …