Home / МАҚОЛАЛАР / Касалликнинг энг ҳавфлиси бу Ҳасаддир!

Касалликнинг энг ҳавфлиси бу Ҳасаддир!

Биламизки, ҳаётда яхшилик ва ёмонлик, гўзаллик ва қабоҳат, адолат ва зулм аралаш учрайди. Инсон эса, Аллоҳ таолонинг кўрсатмалари асосида доимо ақлини ишлатиб яхшини ёмондан ажрата олиши лозим. Инсонлар баданидаги моддий ва жисмоний хасталикка эътибор берадилару, қалб ва руҳдаги дардларига бепарво бўладилар. Аслида моддий хасталикдан кўра маънавий касаллик хавфлироқдир. Чунки бадандаги дард одамнинг бу дунёдаги муваққат умрига зарар етказиши мумкин. Қалб хасталиги эса, икки дунёда ҳам хасрат-надомат келтиради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Уларнинг дилларида ҳасталик бор. Аллоҳ уларга (шу) хасталикни зиёда қилди. Ёлғон гапирганлари учун уларга (охиратда) аламли азоб бордир” (Бақара сураси, 10-оят).

Ушбу ояти карима инсон қалбида кўплаб касалликлар бўлишини баён этди. Қалб касалликлари ичида энг хавфли, зарарли ва ёмонроғи ҳасаддир. Бу фитна, адоват ва келишмовчиликларни келтириб чиқарувчи омилдир. Ер юзида биринчи марта содир этилган қотиллик ва қон тўкишга сабаб бўлган нарса ҳам шу ҳасад эди.

Ривоятларда келтирилишича, Ҳобил ўз молининг энг яхшисини қурбонлик қилди ва ундан қабул қилинди. Қобил эса, молининг ёмонини қурбонлик қилди ва ундан қабул қилинмади. Шунинг учун Қобил ҳасад қилиб, ўз биродарини ўлдиришни истади. Ҳасад орқали туғилган бу истак охир оқибат амалга ҳам ошди.

Ҳасад шундай катта жиноятни келтириб чиқарганининг ўзи ҳам, унинг нақадар ёмон ва хатарли иллат эканини кўрсатиб турибди.

Ҳасад инсонни ҳидоятдан тўсиб, залолатда давом этишига ҳам сабаб бўлади. Зеро, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларини эълон қилганларида, ўша даврдаги аҳли китоб олимлари араблардан бўлган пайғамбарга ҳасад қилишиб исломни қабул этишмади.

Ҳасад – бандалар ичидаги Аллоҳнинг тақсимотига эътироздир. Аллоҳнинг бирор нарсани ўз бандасига ато этиши ёки бермаслигига эътироз қилган кишининг ҳолига вой! Зеро, Аллоҳ ўз ҳикматига биноан хоҳлаган бандасига беради ва ҳикматига биноан хоҳлаган бандасига бермайди. Аллоҳ таоло ҳар нарсани билгувчи ва ҳикмат соҳиби бўлса, унга қандай эътироз қилиш мумкин?!

Ҳасаднинг бундан ҳам ёмонроқ бир тури борки, у бир инсонга берилган неъматнинг йўқ бўлишини орзу қилиш билан ўша неъмат ўзида ҳосил бўлишини таъма қилишдан иборатдир.

Ҳасаднинг учинчи бир тури ҳам мавжудки, у фитрий ва табиий ҳасад бўлиб, инсон кўзидаги касалликдир. Уни даволашнинг бир йўли бор. Чиройли ва кўзни қувнатадиган бирор нарсага кўзи тушиши биланоқ “МашаАллоҳ” дейиш лозим. Шунда Аллоҳнинг изни билан кўз (назар) зарар қилмайди. Агар ана шу сўзни айтмаса, унинг ҳасадгўй назари билан бошқаларга зарар етиши мумкин. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши нарсага назар тушиши билан шу сўзларни айтишга буюрганлар.

Ҳасаднинг бир хусусияти шундаки, у ҳасадгўйнинг бошига кўплаб бало-ю офат ва машаққатларни солади. Аввало, ҳасадгўйнинг ҳаёти доимо хасрату надомат билан ўтади. Аллоҳ таоло бошқаларга бераётган неъматлар ҳасадгўйнинг тинчини ва ҳаловатини бузади. Шунинг учун баъзи уламолар: “Ҳасад жасаднинг касаллиги”, – деганлар.

Бундан ташқари, ҳасадгўй киши инсонларнинг нафратига дучор бўлади. Унга дўст бўладиган бирор кимса топилмайди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : “Одамларнинг энг ёмони: бошқаларга душманлик кўзи билан қарайдиган, одамлар ҳам унга адоват қиладиган кишидир”, – деб марҳамат қилганлар.

Ҳасаднинг энг ёмон офати шуки, ҳасадгўй Аллоҳнинг тақсимотига эътироз қилгани учун, Унинг ғазабига дучор бўлади. Чунки ҳасадгўй, ўзича, Аллоҳ таоло ўз мулкидан хоҳлаган бандасига кўпроқ, хоҳлаган бандасига камроқ беришини адолатсизлик деб баҳолайди. Натижада ўзи ўша неъматлардан ҳам, қилган амалининг савобларидан ҳам маҳрум бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни қалб хасталиги бўлмиш ҳасаддан ўзи асрасин.

Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби

Check Also

Жамиятнинг маънавий ҳаётида муқаддас қадамжоларнинг аҳамияти

Ватанимиз Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб, муқаддас зиёратгоҳларни мукаммал ўрганиш, тарихан илмий таҳлил этиш, ушбу …