Home / МАҚОЛАЛАР / Жаннат оналар оёғи остидадир

Жаннат оналар оёғи остидадир

Она” сўзи ўзбек лаҳжаларида “Ойи” , “Опа” , “Ая”, сўзлари билан ҳам ифодаланади. Ўйлаб қарасангиз, ҳамма замонларда инсониятнинг эҳтиромига сазовор бўлган муҳтарам ва мўътабар зот – бу онаизордир. У оила бошлиғининг вазири, фарзандларига ғамхўр ва меҳрибондир.

 Она оила муқаддаслигини сақловчи, унинг ижтимоий, маънавий-ахлоқий муҳитини бунёд этувчи, шакллантирувчи мукаррам зот сифатида таърифланади.

Онанинг буюк хизмати шундаки, у Яратганнинг қудрати билан туғилиш даражасигача ўз раҳмида кўтариб, танасида ўзи қатори озиқлантиради ва дунёга келтиради.

Аллоҳ таоло: “…Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир…  (Аҳқоф, 15) дея марҳамат қилади.

Она чақалоқни парваришлаш даврида ўзига қараганда ҳам кўпроқ ва куч талаб қилиши барчамизга маълум. Бу парвариш даврида она томонидан фарзанд учун чинакам инсоний фазилат – меҳр-шафқат, инсонпарварлик, келажакка ишонч каби фидоийлик кўрсатилади. Дунёда онадан бошқа бирон-бир мавжудот инсоннинг дунёга келиши, камол топиши учун бу каби меҳнат, меҳр-шафқат кўрсата олмайди.

Бежизга ҳадисларда “Жаннат оналар оёғи остидадир” деб айтилмаган. Кўпинча, она ўз оромидан воз кечиб, фарзандининг роҳат-фароғатини ўйлайди. Инсондаги меҳр туйғуси, муруват чашмаси, ахлоқ одоб фазилатлари фарзандга она томонидан ўтишини диний ва дунёвий фанлар ҳам тасдиқлайди. Инсонийлик фазилатларининг болага ўтиши ҳомила даврида, туғилгандан кейин ҳам она бағрида ардоқланиши билан изоҳланади. Бу яратганнинг инсон фарзандига берган бебаҳо инъоми десак, адашмаймиз.

Бир сўз билан айтганда, она ҳаққига дунёда қанча мақтов бўлса, унга қанча хизмат қилинса, шунча оздек кўринади. Демакки, онадек табаррук сиймони эъзоз эҳтиром этиш бутун инсоният учун ҳам фарз, ҳам қарз бўлиб келган.

Қуръони каримнинг бир неча сураларида ота-онага яхшилик қилиш, уларга эҳтиром кўрсатиш ибодат даражасида улуғланган. Оналаримизни бошга кўтаришга, уларга ҳамиша шафқатли бўлишга, хизматларини қилишга буюрилганмиз.

Шарқда қадим қадимдан оила муқаддас саналган. Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, махаллада, шаҳару туманларда, юртда тинчлик ва ҳамжихатликка эришилади. Оила фаровонлиги миллий фарвонлик асоси. Оила ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, кўз ўнгимизда она сиймоси гавдаланади. Нега деганда, оила муқаддаслигини таъминловчи биринчи омил она, аҳли аёлнинг покизалиги, оқилалиги, меҳру мурувати, садоқоти ва вафодорлигидир.

Оналаримиз ўз фарзандларини эл юртнинг муносиб ўғил қизлари, Ватаннинг ҳақиқий содиқ фуқаролари қилиб вояга етказиш жон куйдурмоқдалар.

Шуни мамнуният билан айта оламизки, мамлакатимизда мустақилликка эришганимиздан бошлаб Президентимиз раҳнамоликларида жамиятда аёллар нуфузини ошириш йўлида изчил сиёсат юритилмоқда. Хотин қизларнинг турли соҳалардаги фидокорона меҳнатлари муносиб баҳоланмоқда ва қадрланмоқда. Хонадонлар бекаси бўлган опа-сингилларимиз оғирини енгил қилишга доимий равишда алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Аёлларимиз моҳир уй бекаси, жонкуяр она бўлишлари баробарида юртимиз ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида эркаклар билан тенгма-тенг туриб, фаол қатнашмоқдалар.

Муқаддас динимизда аёллар ниҳоятда қадрланган. Ана шундай эъзоз ва эҳтиромга лойиқ аёлларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Оила ва жамият олдида катта масъулият соҳибаси бўлган барча аёлларимизга мустаҳкам саломатлик ва икки дунё саодатини тилаймиз.

Солиев Кенжабек
Чуст туман “Ғойиб Эронлар”жомеъ масжиди имом хатиби

Check Also

Жамиятнинг маънавий ҳаётида муқаддас қадамжоларнинг аҳамияти

Ватанимиз Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб, муқаддас зиёратгоҳларни мукаммал ўрганиш, тарихан илмий таҳлил этиш, ушбу …