Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Бангладеш савдо вазири: “Ўзбекистондаги ислоҳотлар ибратлидир”

Бангладеш савдо вазири: “Ўзбекистондаги ислоҳотлар ибратлидир”

Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Бангладеш Халқ Республикаси савдо вазири Типу Мунши Самарқанддаги муқаддас қадамжолар, меъморий обидаларни зиёрат қилди.

– Самарқанддаги қадимий осори-атиқалар, миллий меъморлик намуналари, моҳир уста-ҳунармандларнинг ишлари аждодларингизнинг юксак ақл-заковот соҳиби бўлганидан дарак беради. Қадамжоларга зиёрат давомида қизиқарли ва унутилмас таассуротларга эга бўлдим. Биз келгусида ушбу мўъжизавий масканлар билан Бангладеш халқини яқиндан таништириш мақсадида икки давлат ўртасида бошқа соҳалар қатори зиёрат туризми бўйича ҳам муҳим лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз, – деди Бангладеш савдо вазири.

Вилоятга сафари сўнггида Типу Мунши ва Ўзбекистондаги Бангладеш Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Жаноб Мосуд Маннан ҳамрохлигидаги делегация аъзолари Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди.

Меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти ва бу ерда илмий ходимлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Бангладеш савдо вазири Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, диний-маърифий ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ишларни ибратли тадбирлар дея алоҳида эътироф этди.

 

ИБХИТМ
Матбуот хизмати

Check Also

“Буюк саркарда, адолат ва улуғворлик тимсоли”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 688 йиллиги муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий …