Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказ китоб фонди бойиб бормоқда

Марказ китоб фонди бойиб бормоқда

Сиз суратда кўриб турган инсоннинг исми Иброҳим Гемежи. Бу киши бугунги кунда Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эрнинг диний масалалар бўйича маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритади.

Ҳурматли меҳмонимиз Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига иккинчи маротаба ташриф буюрди. Илк ташрифи чоғида марказ фаолияти билан танишиб, бу ерда яратилган шароитларни кўриб ўз ҳайратини яширмаган эди. Меҳмон марказ директори билан суҳбат жараёнида Туркиядаги ислом тадқиқот марказлари ва китоб фондлари ҳақида кўплаб маълумотлар берганди. Марказ илмий ходимларининг Туркиядаги муассасаларда тадқиқотлар ўтказиб, тажриба алмашиши каби масалаларда қандай ташаббуслар бўлса, қўллаб-қувватлашини билдирган эди.

Эътиборлиси, Иброҳим Гемежининг юртимизга қизиқиши ва ҳурмати жуда юқори. Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан, диний-маърифий йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларни доимо кузатиб боради. Бу борада амалга оширилаётган ишларга ўз ҳиссасини қўшишни ҳохлайди.

9 сентябрь куни Иброҳим Гемежи марказимизга 60 дан ортиқ китобни совға қилиш мақсадида келди. Меҳмон Туркиядаги дин вақфи томонидан нашр этилган 44 томдан иборат Ислом энциклопедияси, “Саҳиҳул Бухорий” асарининг 8 жилдлик турк тилидаги таржима ва шарҳлари, 7 томдан иборат “Ислом ҳадислар билан” номли китоб ҳамда “Тавҳид” асарининг изоҳли таржимасидан иборат нодир китобларни Марказ кутубхонасига совға қилди.

Мазкур китоблар хазинаси келгусида тадқиқотчилар учун ҳажми жиҳатидан беқиёс, аҳамияти жиҳатидан энг сермазмун манба бўлиб хизмат қилади.

ИБХИТМ
Матбуот хизмати

Check Also

«ЎРТА ОСИЁ ҚЎЛЁЗМАЛАРИ КОДИКОЛОГИЯСИ ЭЛEМEНТЛАРИ»

1-2 май, 2024 йил соат 10:00 да Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро …