Home / МАҚОЛАЛАР / “ШИРЪАТ АЛ-ИСЛОМ” АСАРИДА ЗИЁФАТ ОДОБИ ВА УНГА ОИД ҲАДИСЛАР(2-қисм)

“ШИРЪАТ АЛ-ИСЛОМ” АСАРИДА ЗИЁФАТ ОДОБИ ВА УНГА ОИД ҲАДИСЛАР(2-қисм)

Илмда ва ёшда улуғларни муқаддам қилади. Меҳмонга машаққат туғдирмайди. Намоз вақтлари эслатиб турилади. Меҳмон тунаб қолса, кечқурун кириб чироқ, мисвок, кавуш ва таҳорат идиш каби нарсаларни ҳозирлаб қўяди.

Чунки меҳмон мусофир бўлса, намоз вақтларида хато қилиши мумкин. Шунинг учун меҳмонга намоз вақтлари эслатиб турилиши зарурдир.

Бирор нарсани тақдим қилиш учун меҳмондан изн сўралмайди. Чунки бу қурумсоқликдир.

Суфён Саврий роҳматуллоҳу алайҳ: ”Агар дўстинг сени ҳузурингга меҳмон бўлиб келса, ундан “бирор нарса ейсизми, олиб келайми?”-деб сўрамагин, балки ҳузурингда бор нарсани олиб келгин, хоҳласа ейди ва хоҳламаса емайди” – дедилар. Тасаввуф уламоларининг баъзи бирлари: ”Сизларнинг ҳузурингизга фақирлар келса, уларга таом беринг, агар фақиҳлар келишса бирор масала ҳақида сўранглар, агар қорилар келишса, меҳробга далолат қилинг”-дейишарди[1].

Таом келтирилса у билан бирга сув ҳам келтирилади. Овқатдан олдин қўлга сув келтирилса, ўнг томондан ҳамда кичиклардан бошланади, овқатдан сўнг эса катталардан бошланади. Меҳмонлардан бир лаҳза ҳам ғоиб бўлмайди. Бирор нарса беришда баъзисига бериб, баъзисини тарк қилмайди.

Меҳмонларнинг баъзилари билан алоҳида суҳбат қурмайди. Уларнинг ҳузурида орага ваҳшат тушадиган даражада сукутни кўпайтирмайди. Ўзи ва меҳмонларга фойдали бўлган гапларни гапиради. Ходимлари ва уй аҳлларидан бирортасига қўполлик қилмайди, юзини буриштирмайди, калтакламайди, баланд товушда бақирмайди, гарчи бирор яқини қатл қилинган бўлса ҳам. Бодринг, тарвуз сўйса аввал ўзи татиб кўради, сўнг меҳмонга қўяди. Агар таом ҳозир қилинса, тановул қилишдан тўсмайди. Чунки бундоқ қилиш хорликдир. Таомдан сўнг меҳмон кетишга изн сўраса, изн берилади.

 وَلَكِنْ إِذَا دُعِيتُمْ فَادْخُلُوا فَإِذَا طَعِمْتُمْ فَانْتَشِرُوا وَلَا مُسْتَأْنِسِينَ لِحَدِيثٍ

 Балки чақирилганингизда кирингиз ва таомдан сўнг гапга берилиб кетмай, тарқалингиз![2]

Бу ояти карима меҳмон учун таомдан сўнг тезроқ кетишлиги, мезбон эса унга изн бермоқлигига ишора қилмоқда.

Меҳмон ҳовли эшигигача кузатиб қўйилади. Меҳмон кираётганда меҳмонга йўл бошлаб биринчи киради.

Ғариб ва фақирни уч кун меҳмон қилиш суннатдир. Агар бундан зиёда қилса садақадир. Бундан ташқари ғарибга бир кеча-кундузлик ато беради.

Меҳмонларни кузатаётган вақтда “Мени хурсанд қилдинглар! Аллоҳ сизларни мен томонимдан яхши мукофатласин дейди”. Ҳадисда келишича, меҳмон билан ҳовлиси олдигача бирга чиқиб, ўзини меҳмон ҳақларини тўла адо қилолмадим, дея ўйлайди, гарчи дунёни уларнинг устига ёғдирса ҳам.

Меҳмонга миннат қилмайди. Улардан эваз ёки ташаккур талаб қилмайди.

Бахилнинг таомига ижобат қилинмайди. Ҳадисда келишича, “Сахийнинг таоми даво, бахилники эса дарддир”.

Риё ва сумъа учун тайёрланган таомга ҳам борилмайди. Хамр қўйиладиган жойга ҳамда фосиқнинг таомига ҳам борилмайди. Чақирилган жойга бораётганда нафснинг хоҳиши учун эмас, балки, Аллоҳга ижобат қилиш ва мўъминга хурсандчилик улашиш мақсадида борилади[3].

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Кимки мендан кейин бир мусулмонни хурсанд қилса, мени хурсанд қилибди ва кимки мени хурсанд қилса Аллоҳни ҳам хурсанд қилибди”-дедилар[4]. Демак ҳар бир мусулмон банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашган ҳолатда мусулмон дўстининг кўнгли кўтарилишини ният қилмоғи зарур.

Мезбон кўрсатган жойга ўтиради. Меҳмон (борган жойидаги) Аллоҳ ҳаром қилмаган барча нарсаларни ёмон кўрмайди. Меҳмон мезбоннинг уйидаги нарсаларини тафтиш қилмайди. Ҳар томонга боқиб ноқулайлик туғдирмай, кўзини тияди[5].

Туз ва сувдан бошқа истагини изҳор қилмайди. Олдига келтирилган таомни айбламайди. Нарсалар гарчи ҳақир бўлса-да, ҳеч бирини таҳқирламайди. Сут, хушбўйлик, ёстиқ ва зам-зам суви рад қилинмайди.

Меҳмон уй эгасига буйруқ қилмайди. Чиқмоқчи бўлса изн сўрайди. Агар уй эгаси мажбурлаб ушлаб турмаган бўлса, гаплашиб ўтириш учун суҳбатдош талаб қилмайди. Таомга мезбоннинг рухсати ёки мушоҳадаси билангина қўл урилади. Дастурхондаги нарсани мезбоннинг изнисиз бировга бермайди[6].

Ҳадисда келишича, “Кимки чақирилмаган жойга борса, ўғри ҳолатда кириб, босқинчи ҳолатда чиқибди”. Мезбоннинг изнисиз бирор кишини олиб бормайди, мезбоннинг изнисиз ҳеч нарса кўтариб кетмайди, чунки у сақлаш учун эмас, ейиш учун қўйилган. Зиёфатга виқор билан шошилмасдан юриб боради.

 Агар бир кишини иккита инсон чақирса, ҳадисда келганидек, “Агар сизни икки киши бир вақтда чақирса, эшиги яқинроғиникига боринг, чунки бунга у ҳақлироқдир”. Бу мартабаси тенг икки қўшни борасидадир. Агар ундай бўлмаса, алоқаси яхши, мухаббатлисиникига бормоқ афзалдир[7].

Ҳумайд бин Абдурраҳмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Агар сизларни икки киши чақириб қолса, биринчи чақирганиникига боринг, агар иккаласи тенг чақирган бўлса, эшиги яқинроғига боринг”-дедилар[8].

Таомдан сўнг меҳмон мезбонни дуо қилмоқлиги суннатдир. Дуо қуйидагича:”Сизларнинг ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилсин, таомингизни аброрлар есин ва раҳмат фаришталари зиёрат қилсин[9]”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, динимизда меҳмон ва мезбон одобларига катта аҳамият берилган. Кўпгина ижтимоий одоблар киритилган китобларда бу хусусда алоҳида боб ва мавзулар ажратилган.

Шу сабабли юқорида айтиб ўтилган ҳадис ва ҳикматли сўзларга амал қилсак, меҳмонларимиз ҳам меҳмонга хизмат қилган мезбонларимиз ҳам савобда тенг бўлишади. Шу билан бирга ўсиб келаётган ёш авлодларимиз ҳам минг йиллардан бери анъана бўлиб келаётган ўзбекона меҳмоннавозлик амалларини ўз оилаларидаги каталардан ўрганиб, бу хайрли ва савобли иш бардавом бўлади.

Тоҳир Эвадуллаев    
Диний маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи
 

[1] Яқуб бин Саййидали ал-Маймуний ар-Румий ал-Ҳанафий. “Мафатиҳул жинон ва масобиҳул жинон”. – Б.429.

[2] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири.  Тошкент: ТИУ, 2009. – Аҳзоб  сураси, 53-оят.

[3] Имомзода Муҳаммад ибн Абу Бакр ал-Ҳанафий. Ширъат ал-ислом. -Қозон.: Мактабат аш-ширкат, 1902. Б.74.

[4] Аллома Алоуддин Али ал-Муттақий бин Ҳисомиддин ал-Ҳиндий ал-Бурхонпурий. Канзул амал. http://www.yasoob.com. Ж.XXXVII. – Б.196.

[5] Имомзода Муҳаммад ибн Абу Бакр ал-Ҳанафий. Ширъат ал-ислом. -Қозон.: Мактабат аш-ширкат, 1902. Б.74.

[6] [6] Имомзода Муҳаммад ибн Абу Бакр ал-Ҳанафий. Ширъат ал-ислом. -Қозон.: Мактабат аш-ширкат, 1902. – Б.75.

[7] Мазкур асар. – Б. 75

[8] Аҳмад бин Ҳусайн бин Али бин Мусо ал-Хусравжардий Абу Бакр ал-Байҳақий . Ал-одоб. Ж.I. –Б.157. http://www.ahlalhdeeth.com

[9] Имомзода Муҳаммад ибн Абу Бакр ал-Ҳанафий. Ширъат ал-ислом. –Қозон.: Мактабат аш-ширкат, 1902. – Б.75.

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …