Home / ЯНГИЛИКЛАР / ТУРКИЯЛИК ТАЛАБАЛАР ИМОМ БУХОРИЙ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ МАРКАЗИДА

ТУРКИЯЛИК ТАЛАБАЛАР ИМОМ БУХОРИЙ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ МАРКАЗИДА

Юртимизда аждодларнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, муқаддас қадамжоларни тиклаш ва ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қисқа вақтда Халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани ва уларнинг халқаро миқёсда нуфузи ортиб бораётгани бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаларидир.

Хусусан, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий хоки мангу қўним топган мажмуа илгаридан зиёратчилар, жумладан, хорижлик сайёҳлар билан гавжум бўлиб келган эса, эндиликда – Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази очилганидан кейин – чет элда бу масканга қизиқиш янада ортяпти.

22 август куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва TIKA (Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги) ҳамкорлигида Туркиянинг ўнга яқин етакчи университетидан 20 нафар талабанинг Имом Бухорий зиёрати ташкил қилинди.

Меҳмонлар буюк муҳаддис ёдгорлик мажмуасида бўлиб, Имом Бухорий руҳи поки ҳаққига тиловат қилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф чоғида Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи Й.Исаев ва халқаро алоқалар бўлими илмий ходими Ф.Мадиев туркиялик талабаларга муассасанинг ташкил этилиш тарихи, бугунги фаолияти, мақсад ва вазифалари тўғрисида маълумотлар берди.

Меҳмонлар улуғ алломаларимизнинг бебаҳо маънавий меросини тадқиқ ва тарғиб этиш, буюк мутафаккирлар асарларининг изоҳли таржималарини нашр қилиб, халқимиз ва халқаро жамоатчиликка етказиш борасидаги ишлар билан танишиб, муассасанинг музейидаги экспонатлар ва ахборот-ресурс марказидаги ноёб қўлёзмаларни кўздан кечирди.

Туркиядан келган бўлажак тадқиқотчилар Имом Бухорийнинг бой илмий мероси бу улуғ зотнинг ақл-заковати, беназир қобилиятини намоён этиб, қалбларни фахр ва ғурур туйғулари билан тўлдиришини, бундай маскан зиёрати эса кўнгилга осойиш бахш этишини таъкидлади.

Марказ илмий ходимлари билан суҳбатда ҳамкорликда калом ва ҳадис илми, фиқҳ, адабиёт, тилшунослик ва луғатшунослик каби соҳаларда биргаликда илмий-тадқиқотлар ўтказиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

ИБХИТМ матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …